Хитойлик ёшлар уларнинг хавотирларини тушунадиган профессорнинг ашаддий мухлисига айланишмоқда
Хитой иқтисодиёти ва технологиялари жуда тез суръатлар билан ривожланди, аммо унинг «Z авлоди»ни ташвишга солаётган нарсалар жуда кўп.

Хитойлик ёшлар уларнинг хавотирларини тушунадиган профессорга ихлосмандлик қилмоқда
Хитойлик ёшлар тез ўзгараётган мамлакатда ўз келажакларидан хавотирда.
«Осмондан юборилган юлдуз», — дея таърифлайди Зиҳан Ҳан яқинда ашаддий мухлисига айланган инсонни. Хитойлик ёшлар бу одамни «идол» деб аташади.
Бироқ бу поп-хонанда ёки кино юлдузи эмас, балки 54 ёшли антропологдир. Профессор Бяо Сян тобора ҳафсаласи пир бўлаётган авлод учун кутилмаган йўлбошчига айланди.
Бунинг сабаби у муҳокама қиладиган мавзулардир: хавотир ва у билан қандай курашиш кераклиги.
Хитой иқтисодиёти ва технологиялари шиддат билан ривожланди, аммо Z авлодини ташвишга солаётган нарсалар жуда кўп — иш жойларидан тортиб, шахсий ҳаётдаги истиқболлар ва замон билан ҳамнафас бўлиш босимигача.
«Мактабдан реал ҳаётга ўтиш ҳозир жуда кўп ноаниқликларни келтириб чиқармоқда ва одамлар бунга қандай дуч келишни билмаганликлари учун кўпинча хавотир ҳиссини туядилар», — дейди хорижий ОАВга гапириш ватанида иш топиш имкониятларига таъсир қилишидан қўрқиб, исмини ошкор қилишни истамаган 23 ёшли хитойлик битирувчи қиз.
«Одамларга ҳаётда суянчиқ керак. Ва унинг сўзлари бизга кимдир мени тушунаётганини ҳис қилишга ёрдам беради».
У ва Зиҳан яқинда Сингапурдаги аудиторияни тўлдирган 500 га яқин одам — асосан хитойлик диаспора вакиллари орасида эди. Сян саволларга жавоб беришдан олдин бир соатдан кўпроқ вақт давомида хитой тилида (мандарин) гапирди. Тадбир якунлангач, ўнлаб одамлар у билан учрашиш ва суратга тушиш учун навбатга туришди. Хитойлик битирувчи буни «академик фан-учрашув» деб атади.
Сян Хитойнинг йирик нашрларига интервью берган ва Хитойнинг етакчи университетларида, жумладан, ўзи таҳсил олган нуфузли Пекин университетида маърузалар қилган — шу йил бошидаги маърузалардан бири аудитория тўлиб кетгани сабабли жонли эфирда узатилган эди. Хитой ОАВларига кўра, «Шубҳалансанг, Бяо Сяндан сўра» деган ибора пайдо бўлган.
Яқинда Сингапурда 500 га яқин киши Бяо Сяннинг маърузасини тинглади
Сингапурда Сян бугунги Хитойда ёшлар интиладиган эътироф ҳақида гапирди, у ерда улар кўпинча тизимлардан — рақобатбардош имтиҳонлардан тортиб кафолатланган иш жойларигача — маъқуллашни кутадилар ва бу маъқуллаш қандай қилиб ўз-ўзини баҳолаш мезонига айланиши, бу эса чарчатадиган ва зарарли бўлиши мумкинлигини тушунтирди.
У бошқалардан маъно ва тушуниш излашни ҳамда бундан ўзимизни яхшироқ англаш учун фойдаланишни соғломроқ йўл деб таклиф қилди.
Булар тезкор ечимлар эмас. Аммо норозилик сиёсий жиҳатдан нозик ва қаттиқ цензура қилинадиган мамлакатда у ўзи «даврнинг оғриқли нуқтаси» деб атайдиган масалаларни кўтарадиган ноёб жамоат арбобидир.
«Муаммо қаерда эканлигини ҳамма билади, лекин унга қарашни истамайди. Баъзан бунга қараш жуда оғриқли бўлади ёки уларда бунинг йўли йўқ», — дейди у Сингапурда чой устида BBC билан суҳбатда.
«Аммо академик сифатида, агар сиз буни тасвирлаб бера олсангиз, бу қўрқинчли эмас — буни қандай таҳлил қилиш ва бошқаришни шундай ўрганасиз».
Ҳозирда у Германияда яшайди ва у ерда Макс Планк номидаги Ижтимоий антропология институти директори сифатида Хитой ва Осиёнинг бошқа қисмларидаги ижтимоий ўзгаришларни ўрганади.
Сяннинг фикрича, Хитой жамияти «бурилиш нуқтаси»да турибди, бу ерда одамлар тезкор ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришларни англашга ҳаракат қилар экан, ҳаёт мазмунини изламоқдалар. У зиддиятларни кўрмоқда — қудратли, қатъиятли мамлакатдаги ишончсиз ёшлар; улкан ютуқларга қарамай ҳафсаласи пир бўлиш — ва унинг вазифаси бунга нима сабаб бўлаётганини очиб бериш эканлигини айтади.
Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳам буни тан олди: у «асосий зиддият» «халқнинг фаровон ҳаётга бўлган тобора ортиб бораётган эҳтиёжлари ва номутаносиб ҳамда ноадекват ривожланиш ўртасида» эканлигини айтган эди.
Ёшлар юқори рақобатбардош Хитойда янги ҳаётий йўналиш изламоқдалар, дейди Сян
Сян бунга сабаб бўлаётган омиллар учун жозибали номлар ўйлаб топган. «Муаллақлик» (Floating) — у фақат омон қолиш учун тинимсиз меҳнат қилаётган одамларни, худди ҳавода қолиш учун қанотларини тинимсиз қоқадиган колибри каби тасвирлайди.
«Яқин атроф» (The nearby) бизни бевосита ўраб турган нарсаларни англатади. Сяннинг таъкидлашича, одамлар «жуда яқин» (ўзлари) ва жуда узоқ (дунё) билан банд бўлиб, уларнинг ўртасидаги бўшлиқ — «яқин атроф» эътибордан четда қолмоқда. Бу эса, унинг сўзларига кўра, уларни алоқа узилгандек ҳис қилишга мажбур қилади.
Бу фикрлар жавоб излаётган ёшлар қалбида чуқур акс-садо бераётганга ўхшайди.
RedNote фойдаланувчиларидан бири шундай деб ёзади: «У муаммоларга доимо заифлар нуқтаи назаридан қарайди, шахсий стрессни макро даражадаги сабаблар билан боғлайди ва одамларни ҳаётда фаол бўлишга ундайди — бу ҳақиқатан ҳам ажойиб».
Бошқа бири эса: «У ҳеч қачон қуруқ, ёқимли гапларни гапирмайди; аксинча, у биз билан бирга ҳаётий қийинчиликларга тик қараш учун пастга тушади», — дейди.
Зиҳаннинг айтишича, ҳамма гап Сяннинг бу муаммолар ҳақида очиқ гапиришга тайёрлигида: «Шунга ўхшаш гапларни айтганлар Сян муаллимдек кучли эмас, Сян муаллимдек кучли бўлганлар эса бундай гапларни айтмаган».
Сян ўзининг самимий маърузалари билан хитойликлар орасида машҳур бўлди
1972 йилда туғилган Сян бошқа бир бурилиш даврида — Хитой Мао Цзэдун бошқарувининг шафқатсиз тартибсизликларидан чиқиб, дунё билан савдо қила бошлаган пайтда вояга етди. Мамлакат урбанизациялашди, оддий одамлар тадбиркор бўлишди ва Коммунистик давлатда биринчи марта бизнес ривожлана бошлади.
Саноат портига айланган Вэньчжоуда улғайган Сян бунга ўз кўзи билан гувоҳ бўлди. «Бу кичик бизнес эгаларининг улкан манзараси эди», — деб эслайди у. «Аксарият одамлар таълимга унчалик аҳамият бермасдилар, асосий эътибор амалий масалаларга — хусусан, қандай қилиб пул топишга қаратилган эди».
Ва уларнинг кўплари бунга эришишди. Уларнинг фарзандлари икки хонали рақамли иқтисодий ўсишнинг шонли даврида ўсиб улғайишди. Аммо Ковид даврида иқтисодиёт секинлашди ва ҳалигача тиклангани йўқ. Эски формула — қаттиқ меҳнат = кафолатланган иш — энди ишламаяпти ва улар янги ҳаётий йўналишни хоҳлашади, дейди Сян.
Ҳукумат 2023 йил ўрталарида маълумотларни эълон қилишни тўхтатишидан олдин ёшлар ўртасидаги ишсизлик 21,3 фоизга етган эди. «Яхши иш»га эга бўлганлар — давлат хизматчилари, корпоратив ходимлар, муҳандислар — уларни йўқотишдан хавотирда.
Улар ижтимоий тармоқларда узоқ ва чарчатадиган иш соатлари, офислардаги носоғлом муҳит ва «35 ёш лаънати» — иш эълонлари учун чегаравий ёш бўлиб, ундан кейин янги иш топиш қийинлашишидан доимо шикоят қиладилар.
Цензура туфайли бу кайфиятнинг ҳақиқий кўламини билиш қийин. Аммо бу сиқилиш ҳисси ижтимоий муҳокамаларга бошқа йўллар билан кириб бормоқда. Бу хавотир ижтимоий тармоқлардаги баҳс-мунозараларда — хоҳ университетга кириш имтиҳонлари, хоҳ қалин пули ёки озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ можаролар бўлсин — тезда ғазабга айланади.
Ушбу кайфият билан боғлиқ атамалар йиллар давомида оммалашиб бормоқда. Энг машҳурлари — одамлар пойгадан бутунлай воз кечадиган «ётган ҳолда яшаш» (lying flat) ва кам самара берадиган шиддатли рақобатни ифодалаш учун кенг қўлланиладиган «инволюция» (involution) атамасидир.
Сяннинг фикрича, иккита куч бу хавотирни кучайтирди — кўчмас мулк бозори ва олий таълим тизими. Маҳаллий ҳокимиятларнинг ер сотишга қарамлиги туфайли юзага келган кўчмас мулк буми оилаларнинг хавфсизлик ва муваффақият ҳиссини уйларининг қиймати билан боғлаб қўйди. Университетларга қабулнинг тез суръатлар билан кенгайиши эса муваффақият мезонини ошириб, рақобатни кучайтирди.
Натижада, унинг сўзларига кўра, умумий қоида пайдо бўлди: яхши диплом олиш, барқарор иш топиш, уйланиш ва уй сотиб олиш.
«1,4 миллиард одамнинг ҳаммаси бир хил пойгада бўлса, бу инволюциядир».
Бундан тахминан уч йил олдин, у маъруза қилган рақамли кўчманчилар лагери унинг ташрифидан кейин нархларни оширганини билганида, у «энди нафақат академик доираларда танилганимни англади».
Унинг сўзларига кўра, кўплаб ҳамкасблари тадқиқотларни нашр этишга устувор аҳамият беришади ва унинг усулларига «анча совуқ» муносабатда бўлишади. Баъзилар уни «ўз патларингни асра» — обрў-эътиборни ҳимоя қилишни англатувчи хитойча ибора билан огоҳлантиришган.
Аммо Сян ўзининг машҳурлигидан руҳланади.
«Агар кимдир мени блогер (инфлюэнсер) деб атаса, мен буни мақтов сифатида қабул қиламан. Чунки мен кўрсата оладиган ҳақиқий таъсир — одамларни мустақил фикрлашга мажбур қилишдир».

