Дунё

Хитой қарши чиқди, 21 давлат қўллади: БМТ Россиядаги инсон ҳуқуқлари мониторингини узайтирди

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Россиядаги инсон ҳуқуқлари ҳолатини кузатувчи махсус маърузачи мандатини яна бир йилга узайтирди. 6-октабрдаги овоз беришда 21 давлат қарорни қўллаб-қувватлади, беш давлат қарши чиқди, яна 21 давлат бетараф қолди.

Хитой қаршилик билдирди, 21 давлат эса қўллаб-қувватлади: БМТ Россиядаги инсон ҳуқуқлари мониторингини яна узайтирди

Резолюция Европа Иттифоқи номидан Ирландия томонидан тақдим этилди. Мамлакатнинг Женевадаги БМТ тузилмалари ҳузуридаги доимий вакили Лоуренс Симмс Россияда инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жавобгарлик таъминланмаётганини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, ҳокимият танқидчиларининг судсиз қатл этилиши, сиёсий фикрлар хилма-хиллигига путур етказилиши, фуқаролик жамияти, мустақил ОАВ, журналистлар ва туб халқларга нисбатан тизимли тазьиқлар жазосиз қолмоқда.

Махсус маърузачи ваколатини узайтиришни қўллаб-қувватлаганлар орасида Буюк Британия, Чили, Франсия, Италия, Япония ва Жанубий Корея бор.

Бурунди, Хитой, Куба, Эфиопия ва Ветнам қарорга қарши овоз берди. Пекин кенгашнинг бошқа аъзоларини ҳам резолюцияни рад этишга чақирди.

Бразилия, Ҳиндистон, Мексика ва Жанубий Африка Республикаси бетараф қолган давлатлар сафидан жой олди. АФП агентлигига кўра, Россия муҳокама давомида сўзга чиқмаган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Россия бўйича махсус маърузачи лавозимини таъсис этиш ҳақидаги қарорни 2022-йил октабрда қабул қилган. Бунга Украинадаги уруш фонида Россияда тазьиқлар кучаяётгани ҳақидаги хавотирлар сабаб бўлган.

Ушбу лавозимга болгариялик инсон ҳуқуқлари эксперти Мариана Кацарова тайинланган. У БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзосидан бирида инсон ҳуқуқлари ҳолатини кузатиш ваколати берилган илк махсус маърузачи бўлган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.