Хитой қандай қилиб ўзининг энг гўзал актрисасидан воз кечди? Фан Бинбин ва киносаноатни ларзага солган можаро

Хитой ўзининг энг гўзал актрисасидан қандай воз кечди? Фан Бинбин ва кино саноатини ларзага солган можаро
Хитойнинг энг гўзал актрисаси Фан Бинбин 16-сентябр куни 45 ёшга тўлди. Унинг филмографиясида 50 дан ортиқ киноасар бор, бироқ жамоатчилик ҳозир унинг ролларини эмас, балки ўн йил аввал юз берган фирибгарлик схемасини муҳокама қилмоқда. 2018-йилда Фан Бинбин экранлардан ғойиб бўлди. Кейин у барча мухлисларига аламга тўла мактуб юбориб, “ҳаммаси учун тўлашга” ваъда берди. Маълум бўлишича, айнан шу пайтда у уй қамоғида бўлган. Хўш, ўша вақтда нима юз берган ва бойлиги 100 миллион долларга баҳоланган актрисанинг йўқолиб қолишига нима сабаб бўлган?
2018-йил 28-май куни актриса дугонаси ва жамоаси билан Лос Анжелесга учиб кетаётган эди. Ўша пайтда унга қарши ҳақиқий уруш авж олганди — машҳур телебошловчи Суй Юнъюан Веибо тармоғида Фаннинг “Мобил телефон 2” филмида суратга тушиш бўйича шартномасининг бирданига иккита нусхасини эълон қилди. Анча вақтдан бери актрисанинг “Мобил телефон 2” продюсерлари билан муносабатлари яхши эмасди. Фан айнан Суйнинг ўзига жуда ўхшаб кетадиган қаҳрамоннинг жазмани ролини ижро этган эди.
Шартномалардан бирида 7,8 миллион доллар, иккинчисида эса 1,5 миллион доллар гонорар кўрсатилган эди. Шу тариқа, Фан солиқ тўлашдан қочиш мақсадида гонорар миқдори атайлаб камайтириб кўрсатилган декларация топширгани ошкор бўлди. Бу Бинбинга унчалик катта муаммо бўлиб туюлмаганди, аммо кутилмаганда ҳаммаси ўзгариб кетди — ватандошлари ундан юз ўгирди. Мухлислар Фаннинг даромади ёмон эмаслигини доим билишарди, бироқ унинг гонорари аслида қанчалик юқори эканини билиб, ҳайратда қолишди.
“Мобил телефон 2” филми продюсери бўлган кинокомпания расмий баёнот билан чиқиб, Суй уларнинг адвокатларидан огоҳлантириш хати олишини таъкидлади. Бошловчининг ўзи эса узр сўради, бироқ бошланган жараённи тўхтатиб бўлмасди.
Фанга алоқадор компанияларнинг аксиялари дарҳол 10 фоизга тушиб кетди — бу Хитой фонд бозорида бир кун ичида юз бериши мумкин бўлган энг юқори пасайиш кўрсаткичидир. Орадан атиги уч кун ўтгач, хитойлик сензорлар Фаннинг ўзини “запрет”га тиқишди — интернетдан унга, даромадларига ва филмларига оид барча маълумотлар йўқолди.
Можаро нафақат Фаннинг карьерасига, балки бутун мамлакат кино саноатига ҳам таъсир кўрсатди. Шундай қилиб, Хитойда янги қонун пайдо бўлди: энди актёрларга филм умумий бюджетининг қирқ фоизи миқдорида максимал гонорар белгиланади.
Бинбин туфайли ҳукумат тўсатдан кино саноати “ижтимоий қадриятларни бузаётганини” ва “юлдузларни доимий равишда суратга жалб қилиш” орқали “пулга сиғинишни” рағбатлантираётганини пайқаб қолди. Энди улар бунинг учун бадал тўлашларига тўғри келади — бундан буён кино саноати ходимлари ғазнага энг юқори ставкада — 45 фоизлик даромад солиғини тўлашга мажбур этилди.
Бинбиннинг ўзига келсак, унинг зиммасига солиқлар ва жарималар кўринишида 131 миллион доллар, жумладан, шахсий маблағларидан 70 миллион доллар тўлаш мажбурияти юклатилди.
2020-йилда у ижодга қайта бошлади. Актриса Ҳарперъс Базаар Виетнам ва Нев Ёрк Тимес Стйле Магазине Сингапоре журналларининг муқоваларида пайдо бўлди. Шунингдек, у ўзи йўқлиги сабабли суратга олиш ишлари тўхтатиб қўйилган, Хитой тарихидаги энг қиммат сериаллардан бири устида ишлаш учун ватанига қайтиб келди.
Эслатиб ўтамиз, Фан — энг машҳур хитойлик актриса. У ўзига ўхшаш учун ҳар қандай пластик операцияга тайёр бўлган мухлислар армиясига эга: актрисанинг юзи “қовун уруғи” шаклида бўлиб, бу Хитойда гўзаллик идеали ҳисобланади. Юлдуз адидас, Лоуис Вуиттон ва бошқа шу каби йирик брендлар билан ҳамкорлик қилган. У дастлаб ўз ватанида “Менинг кичик маликам” сериали орқали машҳурликка эришган бўлса, “Пекинда йўқолганлар” филми билан дунёга танилган.

