Хитой ўз фуқаролари учун саёҳат чекловларини кучайтирмоқда
Кузатувчиларнинг таъкидлашича, янги қоидалар Хитой ҳукуматининг ўз фуқаролари устидан назоратини янада кучайтиради.

**Хитой ўз фуқаролари учун саёҳат чекловларини кучайтирмоқда**
Хитой фуқаролари миллий хавфсизликка таҳдид солувчи жиноий ҳаракатлар содир этса, эндиликда уч йилгача Хитойдан чиқиб кетиш тақиқига дуч келишлари мумкин.
Хитойга кириш ва ундан чиқиш бўйича янги қоидалар кучга кирди. Кузатувчиларнинг фикрича, бу ҳукуматга ўз фуқаролари устидан янада қаттиқроқ назорат ўрнатиш имконини беради.
Хорижда бўлган вақтида Хитойнинг миллий хавфсизлиги ёки манфаатларига «зарар етказган» деб топилган шахсларнинг ҳам ватанига қайтганидан кейин уч йилгача Хитойдан чиқиши тақиқланиши мумкин, технологиялар импорти ва экспорти қоидаларини бузганлар ҳам худди шундай мамлакатдан чиқиб кетиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.
Хитой расмийлари бу чоралар «миллий суверенитет ва хавфсизликни ҳимоя қилиш»га қаратилганини айтмоқда ва улар «оддий фуқаролар»нинг саёҳатларини чекламаслигини таъкидламоқда.
Бироқ танқидчиларнинг фикрича, янги қоидалар Пекиннинг Хитой фуқароларининг хориждаги фаолиятига босим ўтказиш имкониятларини янада кучайтириши мумкин.
«Бу Хитой фуқароларининг хорижда нима қилаётгани ва нима деяётганини назорат қилиш учун мўлжалланган навбатдаги воситадир», — деди Жоржтаун университети қошидаги Осиё ҳуқуқи маркази ижрочи директори, профессор Том Келлогг BBC Chinese хизматига.
«Айрим ҳолларда, шахсларнинг хорижда Хитой ҳукуматини танқид қилишига йўл қўймаслик ёки уларнинг ҳуқуқ ҳимояси фаолиятини жазолаш мақсадида давлат хавфсизлик органлари паспорт беришни тўғридан-тўғри рад этади», — дея қўшимча қилади Келлогг.
Ўтган ҳафта Хитой ҳукуматининг «ёлғон хабарларни рад этувчи» Piyao платформаси баёнот бериб, янги қоидалар одамларни алдов йўли билан мамлакатдан олиб чиқиб кетиш ёки хориждаги ноқонуний қимор ўйинлари ва фирибгарлик операцияларида иштирок этиш каби «муаммолар»га қарши курашиш учун жорий этилганини маълум қилди.
Баёнотда айтилишича, янги қоидалар «оддий фуқароларнинг саёҳатларини чекламайди, балки юқори хавфли йўналишлар ва шубҳали саёҳат схемаларига эга шахсларга нисбатан профилактика чораси бўлиб хизмат қилади».
Шунга қарамай, айрим Хитой фуқаролари йиллар давомида ноаниқ саёҳат чекловларига дуч келганликларини айтмоқдалар.
Ўзини фақат Пипи деб таништиришни сўраган 26 ёшли Хитой фуқароси BBC Chinese хизматига 2023 йилда паспорт олиш учун топширган аризаси рад этилганини ва бунга 2019 йилда Гонконгдаги йирик демократия тарафдорлари намойишларида қатнашгани сабаб бўлган деб ҳисоблашини айтди.
Пипи намойишлар пайтида Гонконг ОАВларига интервью берганини айтди. Хитойга қайтганидан сўнг у давлат хавфсизлик полицияси томонидан сўроқ қилинган.
Унинг сўзларига кўра, иммиграция ходимларидан бири унга «Гонконг масаласи туфайли» паспорт оломаслигини айтган — аммо бу унга ҳеч қачон ёзма равишда тасдиқланмаган.
«Агар улар менга расмий ҳужжат беришганида, мен маъмурий тартибда шикоят қилишим мумкин эди. Лекин улар фақат биргина гапни айтишди: "Сиз бора олмайсиз"», — деди Пипи.
Пипи бу масалани ортиқча суриштиришдан қўрққанини, чунки «қамоққа тушиб қолишдан» хавотирланганини айтди.
«Мен шунчаки оддий одамман, тўғрими? Мен ёш йигитман ва ҳеч қандай ёмон иш қилмаганман», — деди у.
«[Хитойдан] қачондир чиқиб кета олишимни билмайман».
Очиқ маълумотларга кўра, ҳозирда Хитой фуқаролари ўзларига нисбатан мамлакатдан чиқиш тақиқи бор-йўқлигини мустақил равишда текшириш имкониятига эга эмаслар.
Агар улар расмий ёзма ёки оғзаки огоҳлантириш олмаган бўлсалар, одатда фақат ҳужжатларга ариза топширишганда ёки мамлакатдан чиқиб кетишга уринишгандагина ўзларига чеклов қўйилганини билиб оладилар.
Хитойнинг «Маъмурий лицензиялаш тўғрисида»ги қонунига кўра, агар маъмурий орган маъмурий лицензия бермаслик тўғрисида қарор қабул қилса, у бунинг сабабларини ёзма равишда кўрсатиши керак. Аммо BBC суҳбатлашган айрим кишилар бу қоидага амал қилинмаётганини айтишди.
Сешанба куни кучга кирган янги қоидаларга кўра, чегара хизмати ходимлари Хитой фуқароларини «юқори хавфли» деб ҳисобланган мамлакатлар ва минтақаларга саёҳат қилишдан огоҳлантиришлари шарт.
Бундан олдин ҳам Хитойдаги айрим тоифадаги одамлар — давлат хизматчилари ва давлат корхоналари ходимларидан тортиб оддий фуқароларгача — маълум мамлакатларга саёҳат қилишда чекловларга дуч келишган эди.
Пекиндаги давлат молия муассасасида ишловчи ва Сяо Ван тахаллусидан фойдаланган киши BBC Chinese хизматига унинг ҳамкасбларидан анчадан бери паспортларини топшириш ва хорижга саёҳат қилиш учун рухсат олиш талаб қилинишини айтди.
32 ёшли суҳбатдошнинг сўзларига кўра, раҳбарлар ходимларга «Япония каби нозик мамлакатларга бориш қатъиян тақиқланганини» оғзаки равишда эслатиб туришади.
Унинг давлат хизматида, жумладан, музейларда ишлайдиган баъзи дўстлари учун хорижга чиқиш «жуда қийин» ва уларга ишлари сабабли тўғридан-тўғри паспорт олиш учун ариза топшира олмасликлари айтилган, деди Сяо Ван.
Ҳуқуқшунос эксперт Келлогг кенгайиб бораётган саёҳат чекловларини «чуқур ташвишланарли» деб атади ва бу Хитой раҳбари Си Цзиньпин даврида Мао Цзэдун даврига ўхшаш «мафкуравий назоратнинг кучайиб бораётганини» акс эттиришини айтди.
Мао Цзэдуннинг ўнлаб йиллар давом этган бошқаруви даврида Хитой ташқи дунёдан деярли узилиб қолган эди ва халқаро саёҳатлар фақат 1990-йилларда, Хитой бир қатор ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатини амалга оширганидан кейингина хитойликларнинг кундалик ҳаётига кирди.
Бугунги турлича саёҳат чекловлари, дейди Келлогг, «ўша оғриқли давр хотираларини қайта уйғотади».

