Хитой электромобил ва гибридларининг ЕИга импорти икки баравар қисқариши мумкин
Хитой ва Европа Иттифоқи автомобиллар савдоси бўйича дастлабки келишувга эришди. ЕИнинг савдо бўйича комиссари Марош Шефчовичга кўра, келишув Хитой электромобиллари ва гибрид автомобилларининг Иттифоққа импортини ярмига қисқартиришни назарда тутади.

Хитой электромобиллари ва гибрид автомобилларининг ЕИга импорти икки баравар камайиши мумкин.
ДВ маълумотига кўра, Шефчович бу ҳақда 9-октабр куни Пекинда Хитой савдо вазири Ван Вентао билан икки кун давом этган музокаралардан кейин маълум қилган. Учрашувлар Пекин ва Брюссел ўртасидаги савдо таранглигини юмшатишга қаратилган эди.
Томонлар дастлабки келишувнинг батафсил шартларини ошкор қилмаган. Шунга қарамай, Шефчович унинг натижасида Хитойдан ЕИга бир неча миллион автомобил экспортининг олди олинганини айтган.
Реутерс хабарига кўра, Хитой Савдо вазирлиги гибрид автомобиллар савдосига доир келишув жадал музокаралар натижасида эришилганини билдирган.
Европа автомобил ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси — АСЕА раҳбари Сигрид де Врис бу келишув Хитойнинг Европа бозоридаги иштироки янги босқичга тартибли ўтишига ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлаган. Унинг фикрича, бу барча томонларнинг узоқ муддатли манфаатларига мос келади.
Келишув фақат автомобиллар билан чекланмайди. У Хитойга етказиб бериладиган айрим Европа маҳсулотларига божларни пасайтириш ҳамда камёб ер металлари таъминот занжирларини барқарорлаштириш чораларини ҳам ўз ичига олади.
Шефчовичнинг айтишича, бу келишувлар ЕИнинг деярли ҳар бир аъзо давлатига фойда келтиради.
Бироқ келишув ҳали кучга кирмаган. Бунинг учун Европа Иттифоқига аъзо барча 27 давлат раҳбарининг розилиги керак.
ЕИ 2024-йилда Хитой электромобилларига қўшимча божлар жорий этган эди. Шундан сўнг хитойлик ишлаб чиқарувчилар Европа бозорига гибрид автомобилларни фаолроқ етказиб бера бошлаган. Хитой Савдо вазирлиги аввалроқ экспорт ҳажмини ихтиёрий равишда чеклашга рози бўлмаган.

