Волксваген қарийб 50 минг иш ўрнини қисқартиради
Волксваген Гроуп кузатув кенгаши консерн тарихидаги энг йирик реструктуризация дастурини тасдиқлади. «Келажак режаси - 2030» доирасида қарийб 50 минг иш ўрнини қисқартириш, 2035-йилгача Волксваген моделлари қаторини тахминан икки баробар камайтириш ва бизнес тузилмасини ихчамлаштириш режалаштирилган.

Волксваген қарийб 50 минг иш ўрнини қисқартиради
Волксваген Гроуп кузатув кенгаши бир неча ҳафта давом этган музокаралардан кейин консерн бошқаруви ишлаб чиққан «Келажак режаси - 2030» (Зукунфцплан 2030) реструктуризация дастурини бир овоздан маъқуллади.
Компания берган маълумотга кўра, бу дастур Германия автомобил гигантининг тарихидаги энг йирик қайта ташкил этиш жараёни бўлади.
Режага кўра, Волксваген келажакда йилига қарийб 9 млн автомобил сотишни ва йиллик операцион фойдани 31 млрд еврогача оширишни мақсад қилган.
Шу билан бирга, консерн ривожланишдан воз кечмоқчи эмас. 2027–2031-йиллар оралиғида инвестициялар, тадқиқотлар ва янги технологияларни ишлаб чиқиш учун жами 135 млрд евро ажратиш режалаштирилган.
Реструктуризациянинг энг муҳим йўналишларидан бири Волксваген бренди остида ишлаб чиқариладиган автомобиллар турини кескин қисқартириш бўлади.
2035-йилга келиб Волксваген моделлари қатори тахминан 50 фоизга камайтирилади. Автомобилларнинг турли комплектациялари сонини эса 75 фоизга қисқартириш режалаштирилган.
Консерн раҳбариятининг ҳисоб-китобига кўра, моделлар сони камайтирилса, қолган ҳар бир моделни каттароқ ҳажмда ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. Бу бир хиллаштирилган деталлардан кўпроқ фойдаланиш ва ишлаб чиқариш харажатларини пасайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Қайси автомобиллар ишлаб чиқаришдан олиб ташланиши ҳозирча маълум қилинмаган. Қоладиган моделлар эса Ғарб ва Шарқ бозорларининг талабларига мослаштирилган дизайн ва технологиялар билан харидорларни жалб қилиши режалаштирилган.
Волксваген Гроуп раҳбарияти Европадаги ишлаб чиқариш қувватлари ҳозирги эҳтиёждан ортиқ эканини таъкидлаган.
Шу муносабат билан консернда «кадрлар салоҳиятини мослаштириш» жараёни ўтказилади. Унинг доирасида бошқарув лавозимларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, қарийб 50 минг иш ўрни қисқартирилиши режалаштирилган.
Бироқ компания ҳужжатида қисқартиришлар фақат Германиядаги корхоналарга тегишлими ёки Волксвагенънинг бошқа мамлакатлардаги бўлинмаларини ҳам қамраб оладими — бу аниқлаштирилмаган.

