Волгоградда дронлар ҳужуми: кўп қаватли уй ёнди
Россиянинг Волгоград шаҳрида 2-октабрга ўтар кечаси дронлар ҳужуми оқибатида кўп квартирали уйда ёнғин чиқди. Маҳаллий расмийларга кўра, бир киши шифохонага ётқизилган. Шунингдек, Волгограддаги саноат корхоналари ва Самарадаги йирик нефт стансиясига ҳужум қилингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Волгоградда дронлар ҳужуми: кўп қаватли уй ёнди
ДВ хабар беришича, Волгоград вилояти маъмурияти Телеграм орқали шаҳарнинг Красноармейский туманидаги Удмурцкая кўчасида жойлашган кўп квартирали уйда ёнғин чиққанини маълум қилган.
Вилоят губернатори Андрей Бочаров ҳужумни Украина дронлари амалга оширганини билдирган. Унинг айтишича, бир киши жароҳат олган ва шифохонага олиб кетилган.
Хабар эълон қилинган вақтда ёнғиннинг тарқалиши тўхтатилган, тезкор хизматлар эса воқеа жойида ишни давом эттираётган бўлган.
Бочаров баёнотида ҳужум вилоятнинг «саноат инфратузилмаси»га қаратилгани айтилган. Аммо қайси корхоналар зарар кўргани очиқланмаган.
Астра Телеграм канали гувоҳлар тасвирларига таянган очиқ манбалар таҳлилида ёнғин шуъласи Волгоград нефтни қайта ишлаш заводи ва унинг яқинидаги «Каустик» корхонаси томонида кўринганини билдирган.
Шу билан бирга, канал муаллифлари мавжуд видеолар орқали айнан нима ёнаётганини аниқлашнинг имкони йўқлигини қайд этган. Шу сабабли мазкур корхоналардаги эҳтимолий ёнғинлар ҳақидаги маълумотлар ҳозирча аниқ тасдиқланмаган.
Волгоград нефтни қайта ишлаш заводи «Лукойл» таркибига киради. Йилига қарийб 14 млн тонна нефтни қайта ишлаш қувватига эга бу корхона Россия жанубидаги энг йирик нефт заводларидан бири саналади.
Астра маълумотига кўра, «Каустик» ҳам Волгоград вилоятининг етакчи корхоналаридан бири бўлиб, фуқаролик ва ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган асосий кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Канал бу маҳсулотларнинг Россия ҳарбий-саноат мажмуаси учун муҳимлигини таъкидлаган.
2-октабр тонгида Астра ўз таҳлилига таянган ҳолда Россиядаги яна бир энергетика обьекти — «Самара» нефт узатиш ва диспетчерлик стансиясига ҳам ҳужум қилинган бўлиши мумкинлигини хабар қилган.
ЭнергйБасе портали маълумотига кўра, «Транснефт - Приволга» компаниясига қарашли ушбу стансия Россиядаги шу турдаги энг йирик обьект бўлиб, нефтни ташиш ва аралаштиришда муҳим рол ўйнайди.

