“Вестминстер даври поёнига етмоқда”. Уелс, Шотландия ва Шимолий Ирландия раҳбарлари келишув имзолади

“Вестминстер даври поёнига етмоқда”. Уелс, Шотландия ва Шимолий Ирландия раҳбарлари келишувга имзо чекди
Уелс, Шотландия ва Шимолий Ирландия биринчи вазирлари 14-сентябр куни Уелс пойтахти Кардиффда учрашди. Улар конституциявий масалалар юзасидан “янада яқиндан ҳамкорлик” қилиш масаласини муҳокама қилди. Учала раҳбар ҳам ўз мамлакатларини Бирлашган Қироллик таркибидан чиқаришга интилмоқда.
Учрашувда Шотландия номидан Шотландия миллий партияси (СНП) етакчиси Жон Суинни, Уелс номидан Уелс партияси (Плаид Сймру) раҳбари Рун ап Ёрверт қатнашди. Шимолий Ирландия томонидан эса республикачи “Шинн Фейн” партияси вакили Мишел ЎНил ҳамда ушбу партия раиси Мери Лу Макдоналд вакиллик қилди.
Учрашув якунида етакчилар келишув имзолади. Унда Вестминстердаги ҳеч қандай ҳукумат (Буюк Британия ҳукумати назарда тутилмоқда) “демократияга тўсқинлик қилиш” ҳуқуқига эга эмаслиги қайд этилган. Улар, шунингдек, “Вестминстер даври поёнига етаётгани”ни айтиб, Буюк Британия ҳукумати конституциявий ўзгаришларга “тайёрланиши” кераклигини таъкидлади.
Бу тадбир Уелс партияси вакили Рун ап Ёрверт Уелс ҳукумати раҳбари этиб сайланганидан кейин миллатчи партиялар етакчиларининг илк юзма-юз учрашуви бўлди. Ап Ёрверт май ойида ҳукумат тепасига келганди.
Учрашув олдидан Уелс партияси вакили берган баёнотга кўра, “ороллардаги ўзгариб бораётган сиёсий вазият” энергетика, иқтисодиёт ва Европа билан ҳамкорлик каби соҳаларда “амалий сиёсий ҳамкорлик”ни кучайтириш учун жиддий асослар борлигини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, “халқларимиз олдида турган янада кенгроқ сиёсий ва конституциявий масалалар, шунингдек, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи масаласи” ҳам мавжуд, деб таъкидлаганди у.
Ап Ёрверт май ойидаги сайловларни “Уелс учун бурилиш нуқтаси” деб атаган. Унинг сўзларига кўра, “Одамлар борган сари Вестминстер модели ортиқ иш бермаётганини тан олмоқда”.
Шотландия миллий партияси етакчиси Суинни ҳам шундай фикрда: “Вестминстер тизими ўз вазифасига мос келмаётгани ва оддий одамлар манфаатига хизмат қилмаётгани ҳақидаги фикр тобора кенгроқ қўллаб-қувватланмоқда. Буни бош вазир Энди Бернемнинг ўзи ҳам тан олган. Шотландия, Уелс ва Шимолий Ирландия аҳолиси эса сайлов участкаларида буни аниқ қилиб намойиш этган.”
ЎНилнинг айтишича, “Вестминстерда ўтирганлар ҳеч қачон Ирландия ороли аҳолиси манфаатларига хизмат қилмаган”.
“Шинн Фейн” партияси раиси Мери Лу Макдоналд ББС эфирида шундай деди: “Шубҳасиз, бизнинг миллий тарихларимиз турлича. Аммо бизни бир жуда муҳим жиҳат бирлаштиради — Ирландиянинг келажагини Ирландия халқи, Шотландиянинг келажагини Шотландия халқи, Уелснинг келажагини эса Уелс халқи ҳал қилиши керак, деган қатъий ишонч.”
Бироқ бу мамлакатларнинг Бирлашган Қироллик таркибидан чиқиш ссенарийлари айнан қандай амалга оширилиши ва умуман бундай жараён рўй берадими ёки йўқ — ҳозирча номаълум.
### Мамлакатларда мустақилликка чиқиш бўйича вазият қандай?
Ҳозирча етакчиларнинг ҳеч бири Бирлашган Қироллик таркибидан чиқиш бўйича референдумни ўз хоҳишича ўтказолмайди. Бундан ташқари, ушбу ҳудудлардаги сиёсий ва ҳуқуқий шароитлар ҳам бир-биридан сезиларли фарқ қилади.
1998-йилда Шимолий Ирландиядаги ўттиз йиллик можарога барҳам берган Белфаст келишуви (“Яхши жума келишуви”) имзолангач, мамлакат ўз қонун чиқарувчи органи ва кенг ваколатли ҳукуматига эга бўлди. Бу ваколатлар қаторига полиция ва судлар устидан назорат ҳам киради.
Қиролликнинг яна икки ҳудудида шунга ўхшаш жараён кечди: Шотландия ва Уелс ўз парламентларига ҳамда нисбатан Вестминстердан мустақил ҳукуматларга эга бўлди.
Дастлаб бу ҳудудларда миллатчи партиялар озчиликни ташкил этган. Бироқ кўп ўтмай СНП анъанавий британ партиялари вакилларини ҳокимиятдан сиқиб чиқарди ва иккинчи ўн йилликдан бери Шотландияни бошқариб келмоқда.
Уелсда Плаид Сймру миллатчилари фақат жорий йил май ойида бўлиб ўтган сайловлар якунида биринчи марта ҳокимиятга келди.
Шимолий Ирландияда Белфаст Келишуви шартларига мувофиқ биринчи вазир ва унинг ўринбосари тенг ваколат ҳамда мажбуриятларга эга. Ҳозирда биринчи вазир ўринбосари лавозимини Шимолий Ирландиянинг Бирлашган Қироллик таркибида қолишини қўллаб-қувватлайдиган Демократик юнионистлар партияси (ДУП) вакили Эмма Литтл-Пенгелли эгаллаб турибди.
Шимолий Ирландия ассамблеясида “Шинн Фейн” энг йирик фраксияга эга бўлса-да, умумий ҳисобда юнионистлар ўринлари миллатчиларникидан бироз кўпроқ. Шу сабабли Бирлашган Қироллик таркибидан чиқиш ва Ирландияга қўшилиш бўйича референдум ғоясини кун тартибига олиб чиқишдан олдин сиёсатчилар ҳам, фуқаролар ҳам аввало ўзаро келишиб олиши керак.
Дарвоқе, Литтл-Пенгелли душанба кунги учрашувда Мишел ЎНил Шимолий Ирландия ассамблеяси вакили сифатида эмас, айнан “Шинн Фейн” партияси вакили сифатида қатнашаётганини алоҳида таъкидлаган.
Шимолий Ирландияда қайта бирлашиш борасида келишилган йўл анча аввалдан мавжуд ва у “Яхши жума келишуви”да белгилаб қўйилган, деб эслатганди Буюк Британия бош вазири Энди Бернем. Унинг сўзларига кўра, “мамлакатда аниқ умумий фикр шаклланганда ва жамоатчилик кайфияти қатъий эътиборга молик даражада ўзгарганда, референдум масаласи Шимолий Ирландия ишлари бўйича вазир томонидан кўриб чиқилади”.
“Шотландияда ҳам айни шундай вазият юзага келган, дейишим мумкин”, — қўшимча қилди у. Бироқ шотланд мустақиллик тарафдорлари бундан хулоса чиқаришга улгурмасдан, Бернем вазиятга аниқлик киритди: “Шотландияда яна бир референдум ўтказиш масаласи ҳали кун тартибида эмас”.
Шотланд миллатчилари 2014-йилда Бирлашган Қиролликдан ажралиш бўйича референдум ўтказганди. Ўшанда сайловчиларнинг 55 фоизи Британия билан ажралишга қарши чиққан, 45 фоизи эса мустақилликни қўллаб-қувватлаган.
Бироқ орадан икки йил ўтиб, Буюк Британия Европа Иттифоқидан чиқиш учун овоз берди. Шундан сўнг шотландлар янги референдум талаб қила бошлади, чунки улар Европа Иттифоқида қолишни истарди. Буни Брехит бўйича Шотландиядаги овоз бериш натижалари ҳам кўрсатди: 62 фоизи қолиш тарафдори, 38 фоизи эса чиқиш.
Бироқ Вестминстер иккинчи референдумни ўтказишга розилик бермади. 2022-йилда Буюк Британия Олий суди Лондоннинг розилигисиз янги референдум ўтказиш мумкин эмаслигини тасдиқлади. Шунга қарамай, май ойидаги сайловларда ғалаба қозонганидан сўнг Суинни Шотландия мустақиллиги бўйича иккинчи референдум ўтказишни талаб қилишда давом этмоқда.
Ап Ёрверт эса референдум ўтказишга шошилмаяпти. У аввалроқ амалдаги парламент ваколати муддати давомида референдум бўлмаслигини айтган ва бу масала бўйича “умуммиллий муҳокама” бошлаш истагини билдирган. Унинг ҳукумати Уелснинг келажакдаги мустақиллик режалари учун “замин яратиш” мақсадида миллий комиссия тузишни режалаштиряпти.
“Биз ривожланиш йўллари ва устувор йўналишлари турлича бўлган алоҳида халқлармиз, — деди у ББСъга. — Аммо бизни бирлаштирадиган жиҳатлар ҳам бор… Бу Буюк Британия ҳукуматининг ёндашувидан фарқли, бошқа йўлга интилишдир. Бу конституциявий масала ҳам бўлиши мумкин ёки янада кескинроқ — молиялаштиришда адолат ўрнатиш масаласи.”
Уелс бош вазири молиялаштириш мавзусини бежиз тилга олмади. Шотландия, Уелс ва Шимолий Ирландия Буюк Британия Ғазначилигидан 1978-йилда жорий этилган Барнетт формуласи асосида маблағ олади.
Бу формула ҳудудларнинг бутун бюджетини эмас, балки Англиядаги харажатлардан келиб чиқиб, молиялаштириш миқдорининг ҳар йилги ўзгаришини ҳисоблайди. Формула ҳудуд аҳолиси сонига боғлангани сабабли, аҳолиси кўпроқ бўлган Шотландия Уелс ва Шимолий Ирландияга қараганда кўпроқ маблағ олади.
Сўнгги йилларда Уелс учун Барнетт формуласи қисман қайта кўриб чиқилган бўлса-да, уелслик амалдорлар мамлакатни молиялаштириш тамойилларини ўзгартириш кераклигини ҳануз таъкидлаб келади. Уларнинг фикрича, амалдаги формула Уелсни ноқулай ҳолатга қўймоқда.
Буюк Британия бош вазирига айланишдан олдин Бернем бу ғояни қўллаб-қувватлаганди. Бироқ яқинда Уелсга ташрифи чоғида у ушбу ташаббуснинг истиқболлари ҳақида аниқ фикр билдирмай, мужмал жавоб берди.
Лондон референдумга қарши чиқмайди деб фараз қилинганда ҳам, бугунги кунда учала етакчининг ҳеч бири ўз мамлакатида мустақиллик бўйича референдум ижобий якунланишини кафолатлай олмайди.
Шотландия учун янги референдумни бевосита тақиқлаган Олий суд қарори фонида мустақиллик ғоясини илгари сураётган партиялар етакчиларининг ушбу учрашуви иттифоқчиларнинг “ҳарбий кенгаши”дан кўра кўпроқ Вестминстерга ўз манфаатларини эслатиб қўйиш ва уларни ҳимоя қилишга тайёрлигини кўрсатишга қаратилган бўлиши мумкин.
Вестминстернинг расмий жавоби ҳам узоқ куттирмади ва ҳеч кимни ҳайрон қолдирмади: “Бош вазир Бирлашган Қиролликнинг барча тўрт мамлакатида ислоҳотлар ўтказишга содиқ қолади ва иттифоқнинг сақланишига қатъий ишонади.”

