Венгрия Россиянинг 10 нафар дипломатига қарши чора кўрди
Венгрия ҳукумати Россия дипломатик ваколатхонасининг 10 нафар ходимини мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди. Будапештга кўра, улар дипломатик мақомига мос келмайдиган фаолият билан шуғулланган. Россия эса бунга жавоб чораларини тайёрламоқда.

Венгрия Россиянинг 10 нафар дипломатига нисбатан чора кўрди
Бу ҳақда 8-сентабр куни Венгрия ташқи ишлар вазири Анита Орбан маълум қилди.
Унинг айтишича, Россия дипломатик ваколатхонасининг 10 нафар ходими Венгрия ҳудудида Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенсиясида белгиланган дипломат мақомига мос келмайдиган фаолият билан шуғулланган.
Шу сабабли Венгрия томони ушбу дипломатлардан мамлакат ҳудудини тарк этишни талаб қилган.
«Россия ваколатхонасининг ўн нафар ходими Венгрияда Вена конвенсиясига мувофиқ дипломат мақомига мос келмайдиган фаолият олиб борган. Шу сабаб Венгрия томони улардан мамлакатни тарк этишни талаб қилди», - деди ташқи ишлар вазири.
Бош вазир Петер Мадяр бощилигидаги Венгрия ҳукумати бу қарор мамлакат «хавфсизлиги ва суверенитетини» ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинганини билдирди.
Шу билан бирга, Анита Орбан дипломатларни чиқариб юбориш Россия билан дипломатик муносабатларни узиш дегани эмаслигини таъкидлади.
Унинг фикрича, икки давлат ўртасида ўзаро ҳурмат ва белгиланган қоидаларга риоя қилиш асосида зарур мулоқот сақланиб қолиши керак.
Россия давлат ОАВ эса Москва Венгриянинг қарорига жавобан тегишли чоралар тайёрлаётгани ҳақида хабар берди. Россия томони қандай жавоб чоралари кўриши ҳозирча очиқланмаган.

