Венгрия бош вазирининг юзига шароб сепишди (видео)

**Венгрия бош вазирининг юзига шароб сепишди (видео)**
Венгрия бош вазири Петер Мадярнинг юзига шароб сепиб юборилди. Ҳодиса Сексард шаҳрида ўтказилган ҳосил байрами пайтида юз берди. Бу воқеани акс эттирган видеони сиёсатчининг ўзи Фасебоок саҳифасида жойлаштирди.
Кадрда номаълум эркак аввал стакандаги ичимликдан бир қултум олгани, кейин эса шаробни бош вазир томонга сепиб юборгани кўринади. Хавфсизлик хизмати ходими эркакни зудлик билан ташқарига олиб чиққан, бош вазир эса байрам иштирокчилари билан суҳбатини давом эттирган.
Мадяр воқеага муносабат билдириб, эркак унга яқинлашишга журъат қилмаганини, яхши шароб эса беҳуда кетганини ёзди.
“Орбаннинг собиқ тарафдорларидан бири ичиб олиб, ўзини ҳаддан ташқари жасур ҳис қилиб юборди. Печ шаҳридан уйга қайтаётганимизда маҳаллий аҳоли таклифига биноан Сексарддаги ҳосил байрамига боргандик. Афтидан, атрофдагилар яхши вақт ўтказаётгани, биз юзлаб одамлар билан суҳбатлашиб, суратга тушаётганимиздан бу жанобнинг ғаши келган”, дейди Мадяр.
Сиёсатчи бундай ҳолатга биринчи марта дуч келаётгани йўқ. Аввалроқ Будапештдаги Ғарбий вокзал яқинида, Мадяр брифингга кетаётган пайтда ҳам шунга ўхшаш провокация бўлган — ўшанда унга тупуришган.
Мадяр вазиятга хотиржам муносабат билдириб, тупурган шахсга нисбатан айблов қўймасликка қарор қилган. У Венгрияни хавфсиз давлат деб билишини айтган.

