Венесуела, Эрон, Украина, Исроил, Ғазо, Куба - Лавров БМТда чиқиш қилди
Россия ташқи ишлар вазири Бош Ассамблеянинг охирги кунларидан бирида минбарга чиқиб, АҚШ ва Ғарбни кескин қоралади. Мадуро ва рафиқаси ўғирланганини танқид қилиб, Вашингтондан уларни қўйиб юборишларини сўради. Эрон олий раҳбари ва ҳарбий раҳбарияти йўқ қилинганини эса халқаро ҳуқуққа бутунлай зид воқеа, дея атади.

Венесуела, Эрон, Украина, Исроил, Ғазо, Куба — Лавров БМТда нутқ сўзлади
У нутқининг бошида ШҲТ, БРИКС ва МДҲни мақтаб, бу тузилмаларда бирлашганлар энди халқаро масъулиятни зиммасига олаётгани, Ғарб гегемонлиги эса тарихда қолганини айтмоқчи бўлди.
Россия ташқи ишлар вазири АҚШнинг Венесуеладаги операциясини кескин танқид қилди. Лавровнинг сўзларига кўра, бу мутлақо ноқонуний.
«Ахлоқий меёрларга зид равишда АҚШ Венесуелага бостириб кирди, натижада президент Мадуро ва унинг турмуш ўртоғи ўғирланиб, судсиз Америка қамоқхонасида ушлаб турилди. Бу халқаро ҳуқуқ ҳар қандай давлатнинг энг юқори мартабали давлат амалдорлари иммунитетларга эга бўлиши кераклигини аниқ кўрсатишига қарамай содир бўлди. Биз Венесуела раҳбари ва унинг турмуш ўртоғини зудлик билан озод қилишни ва бундай ҳаддан ташқари хатти-ҳаракатлар такрорланмаслигини талаб қиламиз», деди Лавров.
Шунингдек, у Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоминаий ва унинг оила аъзолари, Эрон Ислом Республикаси ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти вакилларини ўлдириш учун куч ишлатилганини қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади.
Россия вакилига кўра, Ғазодаги тинчлик режаси умуман ишламаяпти.
«Деярли бир йил олдин Хавфсизлик кенгаши Ғазо сектори учун тинчлик режасини тасдиқлаган эди, аммо у ерда тинчлик ҳукм сурмаяпти. Кекса одамлар, аёллар ва болалар у ерда ҳалок бўлишда давом этмоқда. Гуманитар вазият оғир. Ғарбий соҳилда вазият ёмонлашишда давом этмоқда, у ерда Исроил ўзининг аҳоли пунктларини қуриш фаолиятини кучайтирмоқда. Агар вазият давом эца, Фаластин давлатини тузиш имконсиз бўлади, жой қолмайди. Аммо агар шундай бўлса, Исроилнинг хавфсизлиги ҳам доимий таҳдид остида бўлади», дейди Лавров.
Россия вакили чиқишида Кубадаги вазиятга ҳам тўхталиб, Москва доим Кубанинг ёнида эканини билдирди.
«Кубадаги даҳшатли гуманитар вазиятни бартараф этиш учун шошилинч чоралар кўриш керак. Биз Куба халқи ва унинг ҳукумати билан биргамиз. Биз АҚШни оролдаги қамални бекор қилишга ва Куба билан савдодаги барча чекловларни олиб ташлашга, уни ўша жирканч рўйхатдан, терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқариб ташлашга чақирамиз», деди Лавров.
Вазирнинг қўшимча қилишича, Украина урушининг давом этишига энг катта сабабчи — Европа. Улар Трампнинг тинчлик музокараларини бекор қилиш учун қўлидан келганини қилишмоқда.

