«Вазирлик нима учун лицензия беради?». Турдимов хусусий мактаблар ва боғчаларни идора томонидан лицензиялашни бекор қилишни таклиф этди

«Вазирлик лицензияни нима учун беради?». Турдимов хусусий мактаблар ва боғчаларни вазирлик томонидан лицензиялашни бекор қилишни таклиф этди
Ўзбекистондаги хусусий мактаблар ва боғчалар учун ишга рухсатнома олиш соддалаштирилиши мумкин. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва фан вазири Эркинжон Турдимовнинг ҳисоблашича, агар муассаса санитария, қурилиш ва ёнғин хавфсизлиги хизматларидан рухсатнома олган бўлса, вазирликнинг алоҳида лицензиясига бўлган эҳтиёж қайта кўриб чиқилиши керак.
У бу ҳақда Самарқанддаги йиғилишда айтиб ўтди.
Турдимовнинг сўзларига кўра, таълим муассасаси очилишидан олдин бино ва хоналар соҳавий хизматлар томонидан текширилади. Агар улар объект хавфсизлик талабларига жавоб беришини тасдиқласа, вазирликнинг қўшимча лицензияси саволлар туғдиради.
«Агар СЭОЖШ, қурилиш, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа тегишли хизматлар объектни текшириб, рухсатнома берган бўлса, вазирлик лицензияни нима учун беради? У айнан нимани текширади? Умуман олганда, хусусий боғча ва мактаблар очилиш жараёнида вазирлик томонидан лицензиялашни бекор қилиш керак», — деди вазир.
Шу билан бирга, соҳавий хизматлар таълим муассасасини очиш учун зарур бўлган талабларнинг фақат бир қисмини текширади. Ёнғин назорати ёнғин хавфсизлигини, санитария-эпидемиология хизмати санитария нормаларига риоя қилинишини, қурилиш инспекцияси эса бинонинг ногиронлиги бўлган шахслар учун фойдаланишга қулайлигини баҳолайди.
Ушбу хулосалар лицензиялаш тартибига киради ва унинг ўрнини босмайди. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 июндаги 403-сон қарори билан тасдиқланган лицензия паспортига кўра, зарур хулосаларни вазирликнинг ўзи сўраб олади.
Бинонинг ҳолатидан ташқари, лицензия талаблари таълим жараёнини ташкил этишга ҳам дахлдордир. Хусусан, улар боғчалардаги гуруҳлар ва мактаблардаги синфларнинг тўлиқлигини, педагоглар ва тарбияланувчилар нисбатини, ўқитувчиларнинг малакасини, ўқитувчиларнинг чет тилларини билиш даражасини, шунингдек, ўқув режалари ва дастурларини тартибга солади.
Агар алоҳида лицензиялаш бекор қилинса, ушбу талабларга риоя этилишини ким ва қайси босқичда текширишини аниқлаб олишга тўғри келади.
Нодавлат таълим ташкилотлари учун лицензия олиш мажбурияти «Таълим тўғрисида»ги қонунда, хусусан, 9 ва 57-моддаларда белгилаб қўйилган. Шу сабабли, ушбу талабни бекор қилиш учун фақат лицензия бериш тартибини ўзгартиришнинг ўзи етарли эмас — қонунчилик нормаларини ҳам қайта кўриб чиқиш талаб этилади. Шу билан бирга, ҳозирча гап фақат лицензиялаш тартибини қайта кўриб чиқиш таклифи ҳақида бормоқда. Лицензия олиш талаблари расман бекор қилингани ҳақида хабар берилмаган.
Йиғилишда, шунингдек, хусусий таълим соҳасидаги тадбиркорлар дуч келаётган қийинчиликлар ҳам муҳокама қилинди. Турдимов ушбу муаммоларни ҳал қилишга ёрдам бермаётган мансабдор шахсларни танқид қилди ва ўз вазифаларини бажармаётган вазирлик ходимлари лавозимидан айрилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Самарқанд вилоятидаги қурилиш ҳужжатлари билан боғлиқ масалалар алоҳида кўриб чиқилди. Вилоят қурилиш бошқармаси бошлиғининг маълумотларига кўра, ҳудудда ушбу соҳада 522 та муаммоли масала мавжуд. Улардан бештаси хусусий таълим муассасаларига тегишли.
Бундан ташқари, учрашувда таълим муассасалари ўз мурожаатларини юборишлари мумкин бўлган алоҳида электрон платформани ишга тушириш режалари ҳақида маълум қилинди.

