Вазирлар Маҳкамаси тузилмаси ўзгарди: янги лавозим ва котибият ташкил этилди
Ўзбекистонда бош вазирнинг биринчи ўринбосари - таълим ва илм-фан вазири лавозими киритилди. У таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида вазирликлар, идоралар ҳамда ҳудудлар раҳбарлари фаолиятини мувофиқлаштиради.

Вазирлар Маҳкамаси тузилмаси янгиланди: янги лавозим ва котибият йўлга қўйилди
Бу президентнинг 2026-йил 9-октабрдаги ПФ–217-сон «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган
Ҳужжатга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасида 12 та штат бирлигидан иборат Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти ҳам ташкил этилади.
Котибиятнинг бешта штат бирлиги Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий ривожланиш масалалари бўлими ҳисобидан шакллантирилади. Қолган еттита штат эса қайта ташкил этилган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги штатларини мақбуллаштириш орқали ажратилади.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари - таълим ва илм-фан вазирига Таълим ва илм-фан вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда улар тизимидаги тегишли агентлик, қўмита ва инспексиялар бириктирилди.
Рўйхатда Фанлар академияси, шунингдек, муайян вазифалар доирасида Ички ишлар вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳам мавжуд.
Хусусан, Ички ишлар вазирлиги таълим муассасаларида, ўқувчи ва талабалар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалиши, тазьиқ ва зўравонлик жиноятларининг олдини олиш масалалари бўйича бириктирилган.
Ёшлар ишлари агентлиги эса ўқувчи ва талабаларнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаш имкониятларини кенгайтириш, уларни Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўналишида иштирок этади.
Биринчи ўринбосар ўз ваколати доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлашга оид вазифалари бажарилишига умумий раҳбарлик қилади.
Фармонда Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия билан ўзаро ҳамкорлик йўналишлари ҳам белгиланган. Улар ўқувчи ва талабаларни зарарли оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш, ватанпарварлик ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш каби масалаларни қамраб олади.
Вазирлар Маҳкамасига икки ҳафта ичида янги лавозимнинг функсионал вазифалари ва котибият тўғрисидаги низомни тасдиқловчи қарор қабул қилиш топширилди.
Шунингдек, ҳукумат тузилмасидаги Ижтимоий ривожланиш масалалари бўлими Маданият ва спорт масалалари бўлими деб қайта номланади. Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида бошқарув ходимлари сони 243 нафар этиб белгиланди.

