Уйқу ва ҳақиқат оралиғида. Бу йил Барсакелмесдаги Yonar инсталляциялар кўргазмасидан нималар кутиш мумкин
Американинг Burning Man фестивали аналоги асосида яратилган Yonar инсталляциялар кўргазмаси Қорақалпоғистондаги Барсакелмес шўрхокида бўлиб ўтади. Турли мамлакатлардан келган 40 га яқин иштирокчи бу ерда лагерь қуриб, бор-йўғи уч кун «яшайдиган» мавзули арт-объектларни яратади. Лойиҳанинг ўзига хос хусусияти — томошабинларнинг йўқлигидир.

Уйқу ва ҳақиқат оралиғида. Бу йил Барсакелмесдаги Yonar инсталляциялар кўргазмасидан нималар кутиш мумкин
17-19 сентябрь кунлари Қорақалпоғистондаги Барсакелмес шўрхокида иккинчи бор Yonar арт-инсталляциялар кўргазмаси бўлиб ўтади. У Ўзбекистон Туризм қўмитаси кўмагида «Стихия» электрон мусиқа, санъат ва фан фестивали асосчилари — Отабек Сулаймонов ва Одил Муҳамедов томонидан ташкил этилмоқда. Бу йилги мавзу — тушлар.
«Бизни тушлар, сюрреализм, ғаройиб образлар, абсурд ва умуман ҳақиқат билан тасаввур оралиғидаги барча нарсалар қизиқтиради. Назаримизда, Барсакелмеснинг ўзи бунинг учун жуда мос келади», — деди Отабек Сулаймонов.
2025 йилги инсталляция.
Тошкент, Нукус, Мўйноқ, Берлин, Вена, Лондон, Москва, Олмаота, Бишкек ва бошқа шаҳарлардан келган 40 га яқин иштирокчи кимсасиз ҳудудда White Salt City (инглизчадан — «оқ тузли шаҳар») — кўргазма иштирокчилари жойлашадиган ижодий қўнимгоҳни «барпо этишади». Уч кун давомида улар бу ерда таом тайёрлашади, мусиқий сессиялар ва бошқа тадбирларни ўтказишади, шунингдек, берилган мавзуда инсталляциялар яратишади. Кўргазма якунлангач, арт-объектлар, худди ўтган йилгидек, қисмларга ажратиб олинади. Бундай формат Американинг Блэк-Рок чўлида ҳар йили ўтказиладиган Burning Man фестивалини эслатади, айнан у ташкилотчиларни Ўзбекистонда ўз лойиҳаларини бошлашга илҳомлантирган.
Бу йил ташкилотчилар иштирок этиш учун 70 дан ортиқ ариза қабул қилишди.
«Бизда ҳакамлар ҳайъати йўқ. Бутун жамоамиз билан аризаларни кўриб чиқамиз ва деярли ҳаммани қабул қилишга ҳаракат қиламиз. Бир қизиқ нарсани пайқадик: Yonar’га тасодифий одамлар деярли ариза топширишмайди — одатда инсон қаерга ва нима учун кетаётганини олдиндан англаб етади. Бу йил кўплаб аризалар жуда пухта ишлаб чиқилган эди», — дея ўртоқлашди Одил Муҳамедов.
Унинг сўзларига кўра, саралашда инсоннинг умумий қўнимгоҳга қўшадиган ҳиссаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
«Бу инсталляция, мусиқа, қурилишда ёрдам бериш, таом тайёрлаш, воркшоп ёки умуман бошқалар билан биргаликда амалга оширишни истаган бирор-бир ғоя бўлиши мумкин», — дея тушунтирди Отабек Сулаймонов.
2025 йилги инсталляция.
Бу йил ҳам, худди ўтган йилгидек, Yonar’да томошабинлар бўлмайди. Ҳар бир иштирокчи қўнимгоҳ ҳаётининг ўз улуши учун жавобгардир ва ўзини ўзи таъминлаш шарти билан келади: йўл, турар жой ва озиқ-овқатни ўзи ташкиллаштиради, шунингдек, зарур буюмлар ва асбоб-ускуналарни ўзи билан олиб келади. Шу билан бирга, логистиканинг бир қисми ва базавий инфратузилмани яратишни ташкилотчилар ўз зиммаларига оладилар.
«Биз Нукус — Барсакелмес — Нукус трансферини, кўрпачалар, ёстиқлар ва чойшаблар билан жиҳозланган ўтовларда жойлашишни таъминлаймиз. Вақтинчалик санузеллар, ювиниш жойлари ва умумий ошхона қурамиз, биргаликда таом тайёрлаш учун маҳсулотлар, ичимлик ва техник сув сотиб оламиз, лагерни электр энергияси билан таъминлаймиз», — дея давом этди Отабек Сулаймонов.
Муаллифлар учун арт-инсталляцияларни амалга ошириш харажатлари қопланади.
«Yonar’нинг асосий тамойили ўзгаришсиз қолмоқда: бу томошабинлар ва сиз учун ҳамма нарсани қилиб берадиган ташкилотчилардан иборат фестиваль эмас. Шаҳарни иштирокчиларнинг ўзлари яратишади ва ҳар бир киши унинг маълум бир қисми учун жавобгар бўлади», — деди Одил Муҳамедов.
Yonar ҳудудида тижорат савдоси ва брендларнинг реклама иштироки бўлмайди. Фестиваль якунлангач, иштирокчилар лагерь ва арт-объектларни қисмларга ажратиб, «из қолдирмаслик» тамойилига амал қилган ҳолда барча чиқиндиларни йиғиб, олиб чиқиб кетишади. Шўрхок улар келишидан олдин қандай бўлса, шундай ҳолатда қолиши керак.
Ташкилотчиларнинг бу йилги фестивалдан кутилаётган натижалар ҳақидаги саволга жавоби шундай бўлди: улар кетиш ва қайтиб келиш ниятидалар.

