Урганч шаҳри жамоат транспорти учун Хитойдан 30 та автобус олиб келинди
Хоразмга Хитойдан 30 та замонавий Зҳонгтонг автобуси олиб келинди. Уларни “Бунёд йўловчи ташиш” МЧЖ харид қилган. Шу билан йил бошидан буён вилоятга олиб келинган янги автобуслар сони 90 тага етди. Автобуслар Урганч шаҳри ички йўналишларига чиқарилади.

Урганч шаҳрининг жамоат транспорти парки Хитойдан келтирилган 30 та янги автобус билан бойитилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Хоразм вилоятида жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш ҳамда ҳаракат таркибини замонавий автобуслар билан янгилаш мақсадида Хитойдан 30 та Зҳонгтонг русумли автобус олиб келинди. Ушбу автобуслар "Бунёд йўловчи ташиш" МЧЖ томонидан харид қилинган. Натижада, йил бошидан буён вилоятга келтирилган янги автобуслар сони жами 90 тага етди.
Яқин кунларда ушбу замонавий автобусларни Урганч шаҳридаги ички йўналишларга брутто-шартнома асосида жойлаштириш режалаштирилган. Янги автобусларнинг йўналишларга чиқарилиши йўловчиларга янада қулай, хавфсиз ва сифатли транспорт хизматларини тақдим этиш, шунингдек, жамоат транспорти тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Зҳонгтонг автобуслари Хитойнинг Шандун провинсиясида жойлашган Зҳонгтонг Бус Ҳолдинг Со., Лтд. компанияси томонидан ишлаб чиқарилади.
Аввалроқ Хоразм вилоятига Хитойнинг Ютонг компаниясида ишлаб чиқарилган 10 та гибрид троллейбус ҳам келтирилган эди. Улар Урганч халқаро аеропорти, Урганч ва Хива темир йўл вокзалларини боғловчи йўналишда ҳаракатланади. Бу қатновлар оралиғини 25 дақиқадан 12 дақиқагача қисқартириш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, Хоразм вилоятида жамоат транспортида йўлкира ҳақини тўлаш босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказилмоқда. Биринчи босқичда, 1-июлдан ШИ-4, ШИ-5, ШИ-7, ШИ-13, ШИ-18, ШИ-19 ва ШИ-28 автобус йўналишлари, шунингдек, Т1-сонли "Урганч шаҳри — Хива шаҳри" троллейбус йўналишида нақд пулсиз тўлов тизими жорий этилди. Иккинчи босқичда эса қолган автобус ва троллейбус йўналишларида брутто-шартномалар расмийлаштирилганидан кейин ушбу тартиб жорий этилади. Шу билан бирга, йўлкира ҳақи 3000 сўм этиб белгиланди.

