Урганч аэропортидан тўғридан-тўғри Хивага поездда кетиш мумкин бўлади

Урганч аэропортидан тўғридан-тўғри Хивага поездда кетиш мумкин бўлади
Урганч халқаро аэропортининг янги терминали темир йўл орқали тўғридан-тўғри Хива билан боғланади. Йўловчилар учиб келгандан сўнг поездга ўтириб, Хоразмнинг туристик марказига йўлларини давом эттиришлари мумкин бўлади.
Бу ҳақда Podrobno.uz мухбири иштирок этган ҳаво бандаргоҳига пресс-тур якунлари бўйича маълум бўлди.
Урганч аэропорти директори Ойбек Маткаримовнинг маълум қилишича, бўлажак терминал яқинидаги темир йўл тармоғи аллақачон қуриб битказилган.
«Режамизга кўра, ушбу темир йўл тармоғи терминалдан темир йўлга тўғридан-тўғри чиқишни таъминлайди. Терминалдан ташқарига чиқмасдан, биргина йўналиш орқали тўғридан-тўғри Хивага етиб олиш мумкин бўлади», — деди у.
Янги терминал олдида, шунингдек, кириш ва пиёдалар йўлакларига эга бўлган, майдони қарийб 20 минг квадрат метрлик ободонлаштирилган вокзал олди ҳудуди барпо этилади. Автотураргоҳ тахминан мингта автомобилга мўлжалланган бўлади.
Бундан ташқари, 9 сентябрдан бошлаб Хива ва Бухоро ўртасида янги тезюрар электропоездлар қатнай бошлади. Поездлар 415 нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, икки шаҳар ўртасидаги сафар тахминан тўрт ярим соат давом этади.

