Уран конлари учун радиацияни бошқариш режасини тайёрлаш таклиф этилмоқда
Ўзбекистонда уран қазиб олиш фаолияти учун радиацияни бошқариш режасига қўйиладиган талаблар лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда ходимларни нурланишдан ҳимоя қилиш, атроф-муҳит мониторинги, радиоактив чиқиндиларни назорат қилиш ва эҳтимолий аварияларга тайёргарлик чораларини ягона режада белгилаш назарда тутилган.

Уран конлари учун радиацияни бошқариш режасини тайёрлаш таклиф қилинмоқда
Лойиҳага мувофиқ, ушбу талаблар уран қазиб олиш билан шуғулланувчи, ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига эга юридик ва жисмоний шахсларга татбиқ этилади. Конни ўзлаштириш лойиҳаси таркибида радиацияни бошқариш режаси ҳам бўлиши шартлиги белгиланган.
Режани радиациявий хавфсизлик учун масъул шахс ишлаб чиқиши, у Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишилиши ва Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раҳбарияти томонидан тасдиқланиши назарда тутилган.
Режани камида ҳар беш йилда бир марта, шунингдек, радиациявий хавфсизликка таъсир қилувчи технологик ўзгаришлар киритилганда қайта кўриб чиқиш таклиф этилмоқда. Ер қаъридан фойдаланувчилар ҳар йили 31-декабрга қадар унинг бажарилиши ҳақида ҳисобот топшириши кўзда тутилган.
Ҳужжатда режани кўриб чиқиш учун беш иш кунигача муддат белгиланмоқда. Таклиф ва эътирозлар бўлмаган тақдирда, тасдиқланган режа бир иш куни ичида ер қаъридан фойдаланувчига юборилиши лозим. Асослантирилган эътирозлар мавжуд бўлса, улар юзасидан уч иш кунидан кечиктирмай ёзма хабар берилиши, қайта ишланган таҳрир эса ўн иш куни ичида тақдим этилиши назарда тутилган.
**Ходимларни ҳимоя қилиш ва радиация назорати**
Лойиҳада ходимларни дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, индивидуал нурланиш дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш чоралари назарда тутилган. Шунингдек, ходимларни радиациявий хавфсизлик бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартиблари режада акс эттирилиши керак.
Иш жойларида гамма нурланиш, радон консентрацияси ва ҳаводаги радиоактив аерозоллар мониторингини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Режада ўлчаш усуллари ва даврийлиги, натижаларни сақлаш ва таҳлил қилиш тартиби ҳамда назорат даражалари ошганда кўриладиган чоралар белгиланиши лозим бўлади.
Қазиб олиш ишларини радиоактив чанг ҳосил бўлиши ва радон ажралишини камайтирувчи технологиялар асосида олиб бориш кўзда тутилган. Рудани қайта ишлаш қувватларини ёпиқ сув айланиш тизимлари ва филтрлаш воситалари билан жиҳозлаш, автоматлаштирилган радиация назорати ҳамда огоҳлантириш тизимларидан фойдаланиш ҳам назарда тутилмоқда.
**Атроф-муҳит ва радиоактив чиқиндилар**

