Маҳаллий

Ўзбекистонда атом энергияси ва радиация манбалари билан ишлашнинг янги қоидалари тасдиқланди

Ўзбекистонда атом энергияси ва радиация манбалари билан боғлиқ ишларни тартибга солувчи янги қоидалар тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамаси 30-июл куни қабул қилган қарорга кўра, атом энергиясидан фойдаланиш ва ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан ишлаш соҳасидаги фаолиятни лицензиялашнинг янги тартиби жорий этилди.

Ушбу янги низом атом энергиясидан фойдаланиш ва ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тартибини белгилайди. Ҳужжат Президентнинг 2024-йил 9-январдаги тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришга оид фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Янги тартиб 2027-йил 1-январдан кучга киради. Шу санагача амалдаги лицензиялар асосида фаолият юритаётган ташкилотлар 2027-йил 1-декабрга қадар янги лицензия олишлари шарт. Белгиланган муддатда қайта расмийлаштирилмаган лицензиялар ўз кучини йўқотади.

Низом атом электр стансиялари, тадқиқот ядро қурилмалари, радиоактив моддалар ва ядро материаллари билан ишлаш, ионлаштирувчи нурланиш манбаларини ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, улардан фойдаланиш, утилизация қилиш ҳамда бошқа қатор фаолият турларини қамраб олади. Ушбу йўналишларда фаолият юритиш учун лицензия олишда хавфсизлик, радиациявий назорат, ходимлар малакаси, техник жиҳозлар ва бошқа мажбурий талаблар белгиланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, 22–23-июл кунлари “Ўзатом” агентлиги ва АЕС қурилиши дирексияси делегацияси Москвада хизмат сафарида бўлиб, учрашувларда Ўзбекистон ва Россия ўртасида Жиззахда қурилаётган атом электр стансияси ҳужжатларини экспертизадан ўтказувчи қўшма ищи гуруҳ тузилиши белгиланган эди.