“Уни тасодифан ўлган деб ҳужжат тўғрилашди”: фашистлар 40 йил тан олмаган қотиллик сири

“Уни тасодифан ўлган деб ҳужжат тўғрилашди”: фашистлар 40 йил тан олмаган қотиллик сири
Уни тонгга тираб отдилар…
У йиқилди,
Сўнг яна турди
Ва ёшгина,
Букри бир аскар
Қўндоқ билан бошига урди.
1936-йил 19-августга ўтар кечаси. Тун энг қора ва совуқ либосини кийган, атрофда ўлим шарпаси кезиб юрарди. Испаниянинг қадимий Визнар ва Алфакар қишлоқлари оралиғидаги ғира-шира йўл. Араблар азалдан “Аядамар”, яъни “Кўз ёшлар чашмаси” деб атаган жарлик ёқасида юпун кийинган, изғириндан дилдираб турган бир йигит сўнгги бор осмонга тикилди. Унинг рўпарасида кўзлари қон билан қопланган, милтиқларини ўқталган олти нафар жаллод турарди.
Бу йигит ким эди? Нега бутун бошли қонхўр фашистик машина, исёнчи ҳарбийлар ва генерал Франконинг мунтазам армияси қўлида на қуроли, на бомбаси бўлган бу ожиз қаламкашдан ўлгудай қўрқди, унга қасд қилишганини ўнлаб йиллар яширди? Ахир у бирор партия байроғини кўтариб, оломонни жангга чорламаган, сиёсий минбарларда нутқ сўзламаган-ку! Унинг ягона “айби” — сўзининг ўткирлиги, халқ юрагини уйғота олгани ва Ғарб либосидаги Шарқ поезиясининг ўлмас оҳангини топганида эди. У — испан элининг фарёди, мангу йиғлаб турувчи тирик гитараси Федерико Гарсиа Лорка эди.
Келинг, сивилизация ва жаҳолат тўқнашган бу қонли драманинг парда ортига назар ташлаймиз. Шоир қотилларини қандай башорат қилгани ва испан тупроғи нега унинг жасадини ҳануз қайтармаётгани ҳақида мулоҳаза юритамиз.
Қанд лавлаги ва пианино торларидаги исён
Лорканинг илдизлари қашшоқликка бориб тақалмаган эди. 1898-йил 5-июнда Гранада яқинидаги Фуенте Вакерос шаҳарчасида шакар саноати ҳисобидан катта бойлик орттирган Федерико Гарсиа Родригес ва ўқитувчи Висента Лорка Ромеро оиласида туғилган бола аслзодалардек яшаши мумкин эди. Бироқ у 1909-йили оиласи билан Гранадага кўчиб ўтгач ҳам қишлоқнинг ёввойи табиати, лўлиларнинг эркин руҳи ва Андалусиянинг сеҳрли оҳангларидан узила олмади.
Аввал уни адабиёт эмас, мусиқа ром этди. Маҳаллий консерваторияда бастакор Антонио Сегура Меса қўлида олти йил пианино чалишни ўрганди. Унинг қалбида Дебюсси ва Шопен оҳанглари яшарди. Агар 1916-йилда устози вафот этмаганида, Лорка эҳтимол буюк композитор бўлиб етишарди. Аммо тақдир унинг мусиқий эҳтиросини қоғозга, сўзларга кўчиришни ирод этди. 1918-йили отасининг пули билан нашр этилган “Таассуротлар ва манзаралар” номли илк насрий китоби унинг адабиёт оламига кириб келганидан дарак берган илк бурғу садоси эди.
1914-йили Гранада университетига ўқишга кирган қабариқ кўзли, ўйчан йигит 1919-йили ота-онасини кўндириб, Мадридга — машҳур Ресиденсиа де Эстудиантес талабалар турар жойига кўчиб ўтади. Бу ерда испан авангардининг бўлажак титанлари — Луис Бунюел ва Салвадор Дали билан танишиб, машҳур “27-авлод” адабий гуруҳининг ўзагини ташкил этди.
Саҳнадаги шафқациз дарс ва лўлилар фарёди
Лорка театрдаги илк қадамларида кутилмаган зарбага учради. 1920-йили саҳналаштирилган “Капалакнинг ёмон сеҳри” (таракан ва капалак муҳаббати ҳақидаги пьеса) томошабинлар томонидан масхара қилиниб, атиги тўртинчи намойишдаёқ саҳнадан олиб ташланди. Бу оғир зарба ёш ижодкорнинг дидини чархлади.
1922-йилда у машҳур бастакор Мануел де Фаля билан бирга Гранадада Санте Жондо (“Чуқур қўшиқ”) фестивалини ташкил этди. У испан шеъриятига оддий “гуллар ва қушлар”ни эмас, Шарқнинг ғалаёнга тўла оҳангларини олиб кирди. Унинг энг катта тўлқини 1928-йилда чоп этилган “Лўлилар балладалари” (Романсеро гитано) тўплами бўлди. Бу асар уни бутун Лотин Америкаси ва Европага машҳур қилди.
Ойдай дафни Пресиоса даранглатар экан, ногоҳ кўз олдида баҳайбат бир ёмон шамол пайдо бўлар.
Бу яланғоч Христофордир, самовий тил, жисми кабир, қарор қизга ҳам вишиллар найнинг хунук саси каби.
Ҳой, лўли қиз, этагингни бир кўтариб, қайра ташлай, қорнингдаги кўк атиргул қўлларимда турсин яшнаб.
Пресиоса ойдай дафни ташлаб жонҳолатда қочар.
Ўйнаб чўғдай шамширини шамол қизни қува бошлар...
Аммо оммавий муваффақият шоирнинг ўзини қониқтирмади. У “лўлилар шоири” деган тор қолипга тиқиб қўйилишидан, жамоатчилик унинг асл фикрларини англамай, уни шунчаки маҳаллий колорит куйчиси сифатида кўришидан нафратланарди.
Ню Ёрк — семент қафасдаги шоир
Руҳий тушкунлик, дўстлари Дали ва Бунюел билан совуқлашган муносабатлар (уларнинг “Андалусия ити” филмини Лорка ўзига қаратилган ҳужум деб тушунган) уни қитъа алмаштиришга мажбур қилди. 1929-йили у Ню Ёркка кетди.
Андалусиянинг иссиқ, эҳтиросли ва афсонавий тупроғидан чиққан даҳо Ню Ёркнинг совуқ, осмонўпар бинолари ва ҳиссиз механизмлари қамоғига тушиб қолди. 1929-йилги Уолл-стрит инқирози, капиталистик жамиятнинг пулга сиғиниши, кўчаларда оч-наҳор қолган одамлар — буларнинг барчаси Лоркани ларзага солди. У Колумбия университетида ўқир экан, энди лўлилар ва ойдин тунлар ҳақида эмас, инсониятнинг қонли сивилизацияси ҳақида ёзишни бошлади:
Тонг келар, аммо биров текизмайди лабини, ахир кун барибир чиқмас, умид йўқ.
Гоҳ шиддат-ла ташланиб бир ҳовуч чақа, ямлай бошлар ташландиқ болаларни.
Кимки уйдан чиқса суяк-суягигача сирқиратар илм, жаннат-да, севги-да, хазонрез-да йўқ деб уқтирар, қонунлар ва сонларнинг лой йўлларидан алдовларга берилиб, беҳуда тер тўкишга ундар.
Семент ва темир қафасда ўз Шарқи, Андалусиясини соғинган шоир 1930-йили Испанияга, янги ташкил топган Иккинчи Республика даврига қайтиб келди.
Ла Барраса ва золимлар билан юзма-юз
Испанияга қайтгач, Лорка минбарларда қуруқ шеър ўқишни тўхтатди. У Ла Барраса (“Барак”) деб номланган сайёр талабалар театрига раҳбар бўлди. Қишлоқма-қишлоқ юриб, умрида театр нималигини билмаган юпун, саводсиз деҳқонларга классик пьесаларни бепул намойиш эта бошлади. “Театр — китобдан кўтарилиб, инсонийлашадиган, одамлар билан гаплашадиган, бақирадиган, йиғлайдиган ва умидсизликка тушадиган шеъриятдир”, деган эди у.
Фото: Сунъий интеллект асосида тайёрланган сурат
Айнан шу даврда у испан буржуазиясининг иккиюзламачилиги, аёлларнинг ҳуқуқсизлиги ва чиркин анъаналар устидан аёвсиз ҳукм ўқийдиган пьесаларини яратди: “Қонли тўй” (1932), “Ерма” (1934) ва “Бернарда Албанинг уйи” (1936).
Бироқ Испания осмонида қора булутлар тўпланаётган эди. Ўнг қанот фашистик кучлар мамлакат бўйлаб назоратни қўлга олишга тайёрланарди. Уларнинг назарида эркин фикрловчи, оммага пьесалари орқали сўзлаётган Лорка қуролланган армиядан ҳам хавфлироқ нишон эди. Бундан ташқари, шоир “Испан жандармлари ҳақида романс” шеърида халқни қонга ботираётган мутаассиб тизим гумашталарининг асл қиёфасини шу қадар аниқ ва шафқациз тасвирлаб берган эдики, буни ўқиган соқчилар унга ўлим ҳукмини аллақачон ўқиб бўлишган бўлса ажаб эмас:
Сўйиб Роза Камборонинг маммаларин жандармлар, қўйиб кетар дарвозасин токчасига лаганларда.
Бошқа қизлар эса қочар, жонҳолатда қочар войлаб — портлаб қора атиргуллар яшнаётган мудҳиш жойдан.
Шудгорларнинг қатламидай чўккан чоғи сопол томлар, тошдай совуқ чеҳрасини эгилганча тўсар тонг-да.
О, лўлилар шаҳристони!
Жандармлар кетар санғиб сукунатнинг шум ғоридан, қамраб олди сени ёнғин...
1936-йил июлида Испанияда фуқаролар урушининг қонли тегирмони айланиб кетди. Зиёлилар, сўл қанот вакиллари ва шунчаки эркин фикрли одамлар кўчаларда очиқчасига отиб ташланарди. Лорканинг дўстлари ва ҳамкасблари уни Мадридда хавфсиз жойда қолишга қанча ундашмасин, у туғилиб ўсган шаҳри Гранадага қайтди.
16-август куни уни ҳибсга олишди. Шоир фашистик Фаланга партияси етакчиларидан бўлган дўстлари — ака-ука Росалеслар уйида яширинганига қарамай, собиқ депутат Рамон Руис Алонсо бощилигидаги гуруҳ уни судраб олиб кетди. Гранадада губернатор Валдес “тасодифан” шаҳарда йўқ эди. Ўринбосар, собиқ жандарм Николас Веласко Симарро ижрони ўз қўлига олди. Айнан у шоирнинг жандармлар ҳақидаги қораловчи шеърларини ҳеч қачон кечирмаган эди.
Тарихчи Мигел Кабалеронинг ҳужжатларга асосланган тадқиқотлари шу кунгача сир тутилган ҳақиқатни — Лоркани отган 6 кишилик қотиллар бригадасини фош этди. Булар шунчаки ҳарбийлар эмас, тузумнинг қонли иштаҳаси билан суғорилган тубанлар тўдаси эди: гуруҳ бошлиғи Мариано Асенхо — қашшоқликдан қочиб жандарм бўлган, минглаб қонларни тўккан 53 ёшли одам. Лорка ўлдирилганидан 13 кун ўтиб, садоқати учун сержантликка кўтарилган.
Антонио Бенавидес — Лорканинг узоқ қариндоши! У шоирнинг “Бернард Алба уйи” асарида ўз синглиси золим образда, амакиваччаси эса фирибгар Пепе-эл-Романо сифатида тасвирланганини кечира олмаган ғаламис эди. (Кейинчалик қўшмачилик ортидан чириб ўлган).
Фернандо Корреа — ёввойи етим, Испания байроғини қадаш ортидан жаллодликка ёлланган телба.
Шунингдек, этикдўзнинг ўғли Салвадор Варо, қартақиморга муккасидан кетган Антонио Эрнандес ва тўдада ягона виждон азобини туя олган Хуан Хименеслар шоир умрига зомин бўлишган.
Лорка ўз тақдирини англаб, бир неча шеър ҳам ёзган. Улардан бирида шундай жумла бор: “... Мен тайёрман, испан деҳқонлари еб ташласинлар мени”. Ростдан ҳам уни отганлар четдан келган босқинчилар эмас, мафкура манқуртига айланган ўзининг оддий испан деҳқонлари бўлди.
18-августдан 19-августга ўтар кечаси (айрим манбаларда 17-куни) енгил кийимда, совуқдан дилдираб турган Лорка шеърларида куйлаган ўша қонқардошларининг милтиқ нишонида турарди. У уч нафар республикачи ҳамроҳи билан Визнар ва Алфакар ўртасидаги номсиз жар қирғоғида қатл этилди.
Фашист диктатор генерал Франко 40 йил давомида Лорканинг асарларини тақиқлади, уни отишганини тан олмади, қатл ҳужжатларини йўқ қилиб, ўлимини маиший можароларга боғлашга уринди. 1975-йилга келибгина шоирнинг халқ томонида бўлгани учун уни йўқ қилганини расман тан олишди.
ХХИ асрга келиб Лорканинг жасади яширинган қабрни қидириш бошланди. 2009-йилда Визнар ва Алфакар ўртасидаги манзил қазилганда, тупроқ қатлами атиги 40 сантиметр бўлиб, у ердан бирорта ҳам суяк, кийим парчаси ёки ўқ гилзаси топилмади. Ер шоирни инсонлар қўлига қайтаришни истамади чоғи.
Нима бўлганда ҳам, фашизм мағлуб бўлди, жаллодлар унутилди. Лорка эса мангу барҳаёт. Чунки рост сўзни отиб ўлдириб бўлмайди.
У жон берди…
Аскарлар эса
Шоша-пиша ортга қайтдилар,
Шароб ичиб мунгли қўшиқни
Тун сукутин бузиб айтдилар.
Бу қўшиқда булутни ёрган
Ҳилол чўққи узра порларди,
Бу қўшиқ қор остида ётган
Чечакларни бўзлаб чорларди.
Бу қўшиқда қора кийинган
Тул кампирлар эртак тўқирди,
Уларнинг олдида кўзи кўр бола
Зулмат аро китоб ўқирди.
Қўшиқ куйлаб,
Туйиб аламни,
Ёш аскарлар сармаст эдилар,
Шу қўшиқни ёзган одамни
Отганларин билмас эдилар…

