“Улар оромгоҳда 15 ёшида танишган”. Райҳон Уласенова ўғлининг тўйи ва ижтимоий тармоқлардаги негатив изоҳлар ҳақида

“Улар оромгоҳда 15 ёшида танишган”. Райҳон Уласенова ўғлининг тўйи ва ижтимоий тармоқлардаги негатив изоҳлар ҳақида
Таниқли актриса ва бошловчи Райҳон Уласенова шу йилнинг 7-август куни ўғли Азизбекни уйлантирди. Қайноналик мақомига эришган актриса илк бор интервю бериб, ёшларнинг севги тарихи, тоғда ўтказилган Маррй ме маросими ҳамда дабдабали никоҳ оқшоми ҳақида сўзлаб берди.
“Уйимизга қуёш кириб келгандек бўлди”
— Мен деярли ҳар куни тўй хизматларига чиқаман. Шунда келин-куёвларни кўриб, қўлимни дуога очиб, менинг фарзандларимга ҳам шундай чиройли кунлар насиб қилишини сўрардим. Мана шу ҳавасимга эришдим. Ҳар бир нарса ҳавас ва ниятдан бошланаркан, ҳар кимнинг тўйи ризқига яраша бўларкан. Фарзандларимнинг ризқи шунақа экан ва менинг ҳавасим шу қадар юксак бўлганки, у жуда гўзал тарзда, ўзимиз хоҳлагандан ҳам чиройли ўтди. Ҳозир уйимизга қуёш кириб келгандек бўлган, дейди актриса интервю бошида.
“Улар ёзги оромгоҳда танишишган”
Актриса ўғли Азизбек ва келини Азизахоннинг болалар оромгоҳида бошланган севги қиссаси ҳақида гапириб берди.
— Таътилга чиққандан кейин фарзандларимиз ёзги оромгоҳга боришарди. Оромгоҳ одатда 14 ёшгача бўлади. Ўғлим 15 ёшга тўлган йили мен ҳам бораман, синглим боряпти-ку деб жанжал қилган. Кейин турмуш ўртоғим ишхонасидан оромгоҳга йўлланмани махсус сотиб олиб берган.
Ўша йили Азизахон ҳам 15 ёшга тўлган бўлган, унга ҳам бориш тақиқланган. Лекин унинг ота-онаси ҳам йўлланма сотиб олиб берган. Ўғлим ва Азизахон биринчи марта ўша оромгоҳда кўришиб, танишишган. Азизахоннинг акаси бор, ўғлим у билан ҳам дўст бўлишган. Кейинги йил яна гаплашиб олишган, мана шу сменасига борамиз, деб. Ҳар йили бориб, дўст бўлиб, бу дўстлик аста-секин севги ва муҳаббатга айланган, дея сўзлаб берди Райҳон Уласенова ўғли ва келинининг севги тарихини.
“Совчиликка бораман деб, самолёт рейсимни кечиктирганман”
— Совчиликка боришимиз ҳам қизиқ бўлган. Онамга сиз қўнғироқ қилиб гаплашиб, Уласеновлар оиласи эканимизни билишмасин, шунчаки қизини ёқтириб қўнғироқ қилаётган одамлар деб ўйлашсин дедим. Куёв ўқиганми, ишлайдими, деб сўрашди. Уларга маъқул келганидан кейин бир кунни белгилаб, боришга келишдик. Уларнинг иши туфайли бошқа санага ўтиб кетди. Туркияга дам олишга учиб кетишим керак эди, “Ойи, қўнғироқ қилинг, эртага кетишим керак, унгача бориб келай”, дедим. Ойим гаплашсалар, эртага келинглар, дейишибди. Самолёт рейсим эса 7:40 да эди. Қизимни дугонам билан учириб юбордим-да, “Мени Истанбулда кутиб туринглар, мен ҳозир келаман” дедим (кулиб). Ўзим совчиликка кириб чиқиб, тушдан сўнг соат бешда учадиган бўлдим. Ўн беш дақиқа гаплашиб, кетаман деган жойимда бир ярим соат қолиб кетдик. Бир ҳафтадан сўнг ўғлим ҳам келди, қизнинг отаси билан гаплашди. Шундан кейин расман яна бир марта бориб, оқ ўрар маросимини ўтказиб келдик, дея сўзлаб берди Райҳон Уласенова.
“Азизахоннинг суратини кўриб ўз қизим Моҳинур деб ўйлаганман”
Ижтимоий тармоқларда келинни Райҳон Уласенованинг ўз қизига ўхшатиб изоҳ ёзганлар кўп бўлди. Актрисанинг ўзи ҳам келинини илк бор кўрганида ҳайратланганини айтиб берди.
— Совчиликка биринчи борганимда Азизахоннинг суратини ҳам ҳали кўрмаган эдим. Бориб келганимиздан кейин ўғлимга келиннинг расмини ташла, кимни бунчалик севиб қолдинг, кўрай, дедим. Шундоқ ташлади, қизимнинг расми келди-да. Йўқ, Моҳинур эмас, Азизахоннинг расмини ташла, дедим. Ойи, шу Азиза, деди. Шокда қолдим. Шаҳобиддиновлар деган оилавий гуруҳимиз бор, шунга ташласам, Моҳинурнинг қоши ўзгариб қолибдими дейишди. Бу Азизахон десам, улар ҳам ҳайратда қолди. Агар яхшилаб қарасангиз, ўхшамайди аслида. Лекин бир қарашда жуда ўхшаш. Келиним бизнинг оиламиз аъзоларига ўхшар экан. Шу даражада Аллоҳнинг чеварлигини қаранг, қудам бизнинг оилага мос қилиб шунақа чиройли фарзанд туғган экан, шу қиз бизга насиб қилди, дейди Райҳон Уласенова келини ҳақида.
“Маррй ме учун тўқима воқеалар ўйлаб топдик”
— Ёшларнинг Маррй ме маросимини айнан улар танишган оромгоҳда уюштириб, тасвирга олдик. Менга “Райҳон опа, шуни Тошкентда қилсак бўлмайдими, совуқ, қор, у ёққа борганимизча вақт кетади”, дейишди. Йўқ, дедим. Ўша оромгоҳда танишишган, ўша ерда бўлсин, дедим.
Унга яна ўзимизча “история” ўйлаб топдик.
Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, совчиликка бордик. Менимча, у шу йиллар давомида нафақат ўқиди, балки катта ҳаёт ва оилавий масъулиятга ҳам тайёрланди, дейди актриса.
“Ўғлимнинг қўшиқ айтганини нотўғри деб ҳисоблашяпти, аммо…”
— Ижтимоий тармоқларда никоҳ оқшомида куёв Озодбек Назарбековнинг “Сарсон” қўшиғини берилиб куйлагани видеолари тарқалди ва турли муҳокамаларга сабаб бўлди.
— Ўғлим Азизбек аслида медиа одами эмас. Ўзи жиддийроқ йигит бўлгани учун ижтимоий тармоқларга суратини жойласам ҳам, ёқтирмасди. Тўйи куни видеолар олинганида, шундагина тармоқларда кўриниш берди. Ўзи яхши кўриб уйлангани учун, менимча, эмоцияларини самимий кўрсата олди. Кўпчилик “Нега бу йигит шунчалик эмоционал, ўзини бунчалик очиқ кўрсатади?” деб савол берди. Изоҳларда ҳам одамлар икки хил фикр билдирди. Кимдир ҳавас билан қараб, мана, ҳақиқий муҳаббатини очиқ ифода эта оладиган йигит, деди. Бошқалар эса буни нотўғри деб ҳисоблашди.
Фарзанд тарбиясида бир нарсани тушунганман — болалар сиз айтганингизни эмас, қилганингизни кўпроқ ўрганади. Қуш уясида кўрганини қилади, деган гап бор. Фарзанд ота-онасининг муносабатини кўриб улғаяди ва кейинчалик ўз оиласида ҳам шуни такрорлайди. Бизнинг оиламизда бир-биримизга меҳримизни очиқ кўрсатиш, яхши кўрсак, яхши кўраман дейиш, ёқмаса ёқмади деб очиқ гапириш ҳеч қачон ман қилинмаган. Турмуш ўртоғим ҳам, мен ҳам, фарзандларимиз ҳам ўз ҳис-туйғуларимизни яширмаганмиз. Шунинг учун улар ҳам муҳаббатини омма олдида кўрсатишдан уялмайди.
“Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич” деган гап бор. У ўзининг ҳалол турмуш ўртоғи, хоҳласа рақсга тушади, хоҳласа унга атаб қўшиқ айтади. Бизда муҳаббат шундай ифодаланади. Фарзандларимизда ҳам оиламиздаги шу муҳаббат формуласини кўрдик, дейди Райҳон Уласенова.
“Ўғлимга бошқаларнинг меҳнати кўпроқ сингган”
— Келин саломда хонанда Малика Равшановадан “Бу менинг онам” қўшиғини айтишини илтимос қилдим. Фақат уни менга ёки қудамга эмас, онамга, қайнонамга, қайнопамга, сингилларимга бағишлаб айтишини сўрадим. Чунки фарзандларимни, айниқса Азизбекни улғайтиришда бу инсонларнинг ҳиссаси жуда катта.
Мен боламни бир ярим ёшгача она сути билан боқиб, кейин гастрол сафарлари, фестивал ва турли тадбирлар сабаб чет элма-чет эл юриб ишладим. Шу пайтларда фарзандимга оилам меҳр бериб, қараб турди. Қайнонам боғчадан олиб келарди, овқатини тайёрларди, сайр қилдирарди. Ҳатто театрда спектакл пайтида антрактга чиққанимда, қайнопам болани эмизишим учун олиб келиб, кейин яна олиб кетарди.
Мен ишлашим учун қайнонам жуда катта ёрдам берган. Баъзан овқат қилишга улгурмай қолганимда, йўлда “каструлка” билан кутиб турарди, кечки овқатга шуни эрига берсин деб. Синглим Зулайҳо ҳам ҳали ёш бўлишига қарамай, болага қарашиб, ўз болалигидан кечган пайтлари бўлган. Ойхон эса мени болам билан консерваторияга қатнаб юргани учун турмушга чиқмай болали бўлиб олибди, деган гап-сўзларга қолиб кетган.
Шунинг учун келин салом куни ҳаммага алоҳида миннатдорлик билдирдим. Қўшиқ орқали ҳам, совғаларим орқали ҳам уларга раҳмат айтдим. Чунки бир боланинг шундай меҳр ва муҳаббат ичида улғайишида фақат ота-онанинг эмас, бутун оиланинг ҳиссаси бор. Мен буни ҳеч қачон унутмайман, дейди Райҳон Уласенова.
Райҳон Уласенова қандай қайнона бўляпти?
— Қайнонам ҳеч қачон менга зулм ўтказмаган. Аксинча, доим асраб-авайлаб, ҳамма жойда эрка келин бўлиб келганман. Ўзим ҳам дуоларимда “Эй Худойим, яхши, адолатли қайнона бўлай”, деб сўрайман. Чунки ота-она қизини оқ ювиб, оқ тараб, ўқитиб, вояга етказиб, сизнинг оилангизга омонат қилиб кузатганидан кейин бу омонатга қандай қилиб хиёнат қиласиз?
Ўғлимга ҳам буни кўп такрорладим. “Болам, унутма, сенинг иккита синглинг бор. Келинга қилганинг, бир кун келиб сингилларингга ҳам қайтади”, деб айтдим. Турмуш ўртоғим эса ёшлар алоҳида яшашига қарши бўлди. Мен алоҳида яшашсин, десам, битта ўғлимиз бор, биз билан яшасин, уйимиз катта-ку”, деди.
Ҳозир эса ёшларни асал ойига кузатиб юбордик. Кейин Анталиядан Москвага учиб кетишади. Ўғлим яна бир институтга ўқишга кирди, келиним ҳам Москвада магистратурага кирди. Иккаласи ҳам ўқишини давом эттириб, Москвада яшашади, дейди актриса.
“Қизимни сўраганлар ҳам кўп бўляпти”
— Ўзимнинг қизимни сўраётганлар ҳам кўп бўляпти. Дадаси эса ҳали ёш-ку, дейди. Энди 19 га киряпти. Совчиларга онамнинг рақамини бериб юборяпман, катталар ҳал қилади, деб. Барибир оилалар оилаларга мос келиши керак, қарашлари бир-бирига тўғри келиши керак. Шу тарафлари ўзимизга мос бўлган, қарашларимиз бир хил бўлган оилаларга онам манзилимизни беряптилар, келишяпти, дейди Райҳон Уласенова.

