Украина Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилотини «Россия осмони хавфсиз эмаслиги» ҳақида расман огоҳлантирди
Украина Инфратузилма вазири Николай Калашник Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти (ИСАО) бош котиби Хуан Карлос Салазар Гомесни Россия ҳаво ҳудудида парвоз қилиш хавфли экани ҳақида огоҳлантирди.

Украина Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилотига (ИСАО) Россия ҳаво ҳудуди хавфсиз эмаслиги ҳақида расмий огоҳлантириш юборди.
"Зеркало недели" нашри танишган, Калашникнинг ИСАО бош котибига йўллаган мактубида айтилишича, Украина ўз ҳаво ҳудудини 2022-йил февралида ёпган бўлса-да, Россия хавфларга эътибор бермай, бу бир қатор авиаҳалокатларга сабаб бўлган.
Калашникнинг таъкидлашича, Украина БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ ўзини ҳимоя қилиш бўйича ажралмас ҳуқуқини амалга оширган ҳолда, "Россиянинг террорчи ҳаво ҳужумларига муносиб жавоб қайтаришга мажбур".
"Биз Россия томонидан авж олдирилаётган кескинлик фонида фуқаролик самолётларининг Россия ҳаво ҳудудида бўлиши ўта юқори хавф туғдириши мумкин, деган тушунчадан келиб чиқмоқдамиз. Шу боис, юқорида тилга олинган хавф ҳақида холис огоҳлантиришни ўзимизнинг ҳуқуқий ва гуманитар бурчимиз деб биламиз", — дейилади мактубда.
Калашник Россияда фаолият юритувчи "авиация маъмуриятлари, аеронавигация хизматлари провайдерлари ва авиакомпанияларни" фуқаролик авиацияси хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришга чақирди. Хусусан, ИСАО аъзолари учун Россия узра парвозларни бутунлай тақиқлаш масаласи кўтарилган.
Украина ТИВ раҳбари Андрей Сибига мамлакат Россия осмони хавфсиз эмаслиги тўғрисида халқаро ташкилотни расман хабардор қилганини ва парвозлардан тийилишга чақирганини тасдиқлади.
"ИСАО, барча авиакомпаниялар ва ҳукуматларни эҳтиёткор бўлишга ундаш учун уларни хабардор қилиш – бизнинг масъулиятли қароримиздир, ҳаттоки Россия уларни огоҳлантириш бўйича ўз мажбуриятини бажаришдан бош тортаётган бўлса ҳам. Биз кутилмаган ҳодисаларнинг олдини олмоқчимиз", - деб ёзди Сибига.
Бир кун аввал Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг кечки мурожаатида Россия осмони "хавфсиз бўлмай қолаётгани" ҳақида огоҳлантирган, чунки "Россия осмонида дронлар шундай пайдо бўладики, бу билан ҳисоблашишга тўғри келади". "Ҳамкорларимизни огоҳлантирамиз: Россия осмонида хавфсиз дақиқалар тугади", - деди у.
Россия президенти Владимир Путин бунга жавобан Зеленскийнинг сўзларини "давлат терроризмини амалга оширишга даъват" деб атади. Россия Транспорт вазирлиги раҳбари мамлакат авиация хизматлари фуқаролик авиацияси фаолиятида "сезиларли узилишларга" йўл қўймаслигини маълум қилди.

