Украина Вилдберриесъга, Россия китоб бозорига зарба берди
Украина дронлари 16-августга ўтар кечаси Россиянинг 16 региони ва Қримга ҳужум қилди. Россия мудофаа вазирлигига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари жами 822 та дронни тўхтатган.

Украина Вилдберриесъга, Россия китоб бозорига зарба берди
16-августга ўтар кечаси Украина дронлари Россиянинг 16 ҳудуди ва Қримга ҳужум қилди. Россия мудофаа вазирлигининг хабарига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари жами 822 та дронни тўхтатган.
Ростов вилоятида ушбу ҳужум натижасида беш киши ҳалок бўлди. Вилоят раҳбари Юрий Слюсарнинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари вилоятнинг учта шаҳри ва тўққизта туманида 150 дан ортиқ дрон ва ракеталарни уриб туширган.
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби Ростов вилоятининг Каменск-Шахтинский шаҳридаги "Каменский" комбинатига зарба берилганини маълум қилди. Бу корхона Россия мудофаа-саноат комплексининг "Ураган", "Смерч" ва "Торнадо-С" каби баравар ўт очиш реактив тизимлари, шунингдек, бошқа бир қатор ракета тизимлари ва авиация воситалари учун қаттиқ ёқилғи ишлаб чиқаради.
Пойтахт мери Сергей Собяниннинг маълум қилишича, 15-август оқшомидан 16-август тонгига қадар Москва вилояти йўналишида 600 та дрон учирилган. Унинг сўзларига кўра, 201 та дрон Москва вилояти ҳудудида уриб туширилган. Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Домодедово, Подолск, Ступино, Одинцово, Наро-Фоминск, Раменск, Чехов, Коломна, Кашира ва Егорьевскда 187 та дронни тўхтатганини маълум қилган.
Подолскда дрон келиб урилиши натижасида Вилдберриесънинг "Коледино" саноат паркидаги омбори ёниб кетган. Бу мажмуага камида иккинчи бор ҳужум қилинмоқда. Аввалги ҳужум 20-июл куни содир бўлган эди. Ўшанда компания ищилар орасида жабрланганлар йўқлиги ва мажмуа одатий режимда ишлашда давом этаётганини маълум қилган эди. Энди эса компания матбуот хизмати объектдаги ёнғин туфайли логистика занжири қайтадан тузиб чиқилганини хабар қилди.
Украинадаги мониторинг каналлари омбордаги ёнғин кўлами ва кўтарилган қуюқ тутун акс этган видеоларни эълон қилди. Украина Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, мамлакат қуролли кучлари Вилдберриесънинг энг йирик 10 та логистика марказларидан еттитасини ишдан чиқарган, Колединодаги омбор эса майдони бўйича энг йириги бўлган – 250 минг квадрат метр. "Агенцтво" нашри ҳам июл ойида Электросталдаги мажмуа ёниб кетганидан кейин Колединодаги омбор Вилдберриесънинг энг йирик логистика маркази бўлиб қолганини ёзган эди.
Электр узатиш линиялари шикастланиши натижасида Подолск округидаги саккизта аҳоли яшаш пунктида 110 та хусусий уй электрсиз қолган.
Домодедовода Украина дронлари ҳужумидан кейин дори-дармонлар сақланадиган омборда ёнғин чиққан. Округ раҳбари Евгения Хрусталева ёнғин қуршаб олинганини, аммо 56 минг квадрат метр майдондаги омбор вайрон бўлганини маълум қилган.
Москва вилоятида тунги ҳужум натижасида 83 ёшли эркак ҳалок бўлиб, камида уч киши яраланган. Шунингдек, Москва автомобил ҳалқа йўли (МКАД) ҳудудида уч киши жароҳатланган (бу ҳақда Собянин хабар берган, аммо тафсилотларни келтирмаган).
**Украина**
Россия ҳам тунда Киевга, шунингдек, Днипропетровск ва Полтава вилоятларига зарбдор дронлар ва ракеталар билан ҳужум қилди.
Киевда "Почайна" метро бекати атрофидаги китоб бозори зарба остида қолган. Ҳужум натижасида бир неча қатордаги савдо павилёнлари ёниб кетган. Тўқимачилик маҳсулотлари, заргарлик буюмлари, кийим-кечак ва поябзал сотиладиган бошқа дўконлар ҳам зарар кўрган. "Суспилне" телеканали хабар беришича, метро бекатига кириш жойи ҳам шикастланган.
Бу ерда китоб дўкони қарийб 30 йилдан буён мавжуд эди. Унинг расмий очилиш санаси 1997-йил 1-март куни деб белгиланган. Аввалига бозор худди шу номдаги метро бекати шарафига Петровка деб номланган, аммо кейинчалик у декоммунизация доирасида қайта номланган. "Ҳеч кимнинг ҳеч нарсаси қолмади... Ҳаммаси ёниб кетди. Мактаб ўқувчилари учун чет тили [дарсликлари] сотилган. Ҳамма дарслик олиши учун сентябрни кутаётгандик... Аммо бу воқеа содир бўлди", – дейди ҳужумдан жабр кўрган китоб дўкони эгаси Наталя Ҳромадске нашрига.
Кривой Рогда "АрселорМиттал" кон-металлургия корхонаси ракета ҳужумига учраган. Бир киши ҳалок бўлиб, яна 13 нафар ищи жароҳат олган. Корхонадагилар ҳужум натижасида асосий ишлаб чиқариш объектларига зарар етганини маълум қилди. Ишлаб чиқариш жараёнлари қисман тўхтатилган. "Таъкидлаймизки, корхонамиз кон-металлургия саноатидаги фуқаролик объекти ҳисобланади", – дейилади хабарда.
Кейинроқ Днипропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олександр Ганжа аниқлик киритиб, тунги ҳужум натижасида икки киши ҳалок бўлгани ва 14 киши жароҳатланганини маълум қилди. Шундан 11 киши шифохонага ётқизилган.
Россия Мудофаа вазирлиги Киевда "Фламинго" қанотли ракеталари учун бутловчи қисмлар, жанговар қисмлар ва қаттиқ ёқилғили тезлатгичлар ҳамда зарбдор дронлар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи "Фаер Поинт" саноат корхонасига зарба берилганини маълум қилган. Таъкидланишича, Кривой Рогда қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқариш учун пўлат прокат ишлаб чиқарадиган металлургия комбинати сехлари нишонга олинган. Бундан ташқари, Полтава вилоятидаги Кременчуг нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум уюштирилди, дейилади Россия ҳарбий идораси маълумотида.

