Дунё

Украина Москва областидаги омборларга ҳужум қилди

Тун бўйи Москва томон 600 та дрон учирилган. Ростов областида ракета ва дронлар ҳужуми оқибатида беш киши ҳалок бўлган.

Украина Москва вилоятидаги омборларга ҳужум қилди

16-августга ўтар кечаси Украина дронлари Москва шаҳри, Москва ва Ростов вилоятларига кенг кўламли ҳужум уюштирди, натижада қурбонлар ва жароҳатланганлар бор.

Москва вилояти губернатори Андрей Воробёвнинг маълум қилишича, бу ҳудуд сўнгги пайтлардаги энг жиддий зарбага учраган. Тун давомида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Домодедово, Подолск, Ступино, Одинцово, Наро-Фоминск, Раменск, Чехов, Коломна, Кашира ва Егорьевскда жами 187 та дронни уриб туширган.

Раменск муниципал округида дронлардан бирининг хусусий уй ҳудудига қулаши оқибатида 83 ёшли эркак ҳалок бўлган. Подолскда уч киши жароҳатланган. Шунингдек, Климовскда, "Лесной" боғдорчилик хўжалигида (қайси раёнда эканлиги аниқлаштирилмаган) ва Железнодорожний посёлкасида яна уч киши жабрланган.

Подолск шаҳрида дрон зарбаси натижасида Вилдберриесънинг "Коледино" саноат зонаси ҳудудидаги омбори ёниб кетди. Вилоят губернаторининг сўзларига кўра, ходимлар зарбадан олдин бошпаналарга эвакуация қилингани сабабли ҳеч ким жабрланмаган. Телеграм-каналларда омбор ҳудудида кучли ёнғин ва осмонга кўтарилган қалин тутун акс этган видеолар эълон қилинган.

Компания матбуот хизмати Подолскдаги логистика объектида ёнғин чиққанини тасдиқлаб, у ерда ўз вақтида эвакуация ишлари амалга оширилганини маълум қилди. Ҳозирда у ерга янги юклар олиб борилмаяпти ва у ердан юклар олиб чиқилмаяпти – логистика занжирлари қайта тузилган.

"Коледино" саноат зонаси ҳудудидаги омбор (250 минг квадрат метр) Вилдберриесънинг 10 та энг йирик логистика марказларидан бири бўлиб, шу вақтгача украинлар зарбаси оқибатида ишдан чиққан еттинчи йирик омборга айланди. Энди компаниянинг йирик омборлари майдонларининг атиги 20 фоизи фаолиятини давом эттирмоқда.

Домодедовода эса ҳужум натижасида дори-дармон омбори ёниб кетди, деб хабар берди Воробёв. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ. Округ раҳбари Евгения Хрусталева ёнғин қуршаб олинганини ва у 56 минг квадрат метр майдонни қамраб олганини қайд этди. Бундан ташқари, Каширада полиция бошқармасининг янги биноси, Воскресенскда эса саноат объектининг айрим иншоотлари шикастланган.

15-август оқшомидан бери Москва томон 600 та дрон учирилган, деган пойтахт мери Сергей Собянин. Унинг сўзларига кўра, Москва вилояти ҳудудида 201 та дрон йўқ қилинган. Ҳужумлар натижасида Москва автомобил ҳалқа йўли (МКАД) ҳудудида уч киши жароҳатланган. Собяниннинг хабарида бу қандай рўй бергани бўйича тафсилотлар келтирилмаган.

Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари Ростов вилоятига ҳам ҳужум қилди. Ҳудуд губернатори Юрий Слюсар беш киши ҳалок бўлиб, яна бир киши жароҳат олган ҳолда шифохонага ётқизилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари учта шаҳар ва тўққизта раёнда 150 дан ортиқ дрон ва ракеталарни йўқ қилган.

Россия мудофаа вазирлиги тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 16 та регион ва аннексия қилинган Қрим осмонида Украинанинг 822 та дрони йўқ қилингани ҳақида баёнот берган. Ҳарбий идора баёнотида ракета ҳужуми ҳақида сўз кетмаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.