Украина ва Полша чегараси яқинидаги йўловчи поездга зарба берилди
Шунингдек, Украина ғарбида автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси ва унинг атрофида турган юк машиналари ёниб кетган.

Украина ва Полша чегараси яқинидаги йўловчи поездга ҳужум қилинди
Россия ҳарбийлари Украина ва Полша чегарасидан бир неча километр узоқликдаги «Ягодино» назорат-ўтказиш пункти ёнидаги ёқилғи қуйиш шохобчаси ҳамда поездга дронлар билан зарба берди.
Украина нашрлари гувоҳларнинг фото ва видеоларига таянган ҳолда хабар беришича, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида кучли ёнғин чиққан. Унинг ёнида турган юк машиналари ёниб кетган. «Суспилне» маълумотига кўра, икки ҳайдовчи жароҳат олган. Шунингдек, супермаркет биноси ҳам шикастланган. «Ягодино» — Украина ва Полша ўртасидаги муҳим автомобил ўтиш нуқталаридан бири ҳисобланади.
РФ қўшини Полша билан чегарадан икки километр масофадаги йўловчи поезд локомотивига ҳам зарба берган. Украина темирйўллари матбуот хизмати маълум қилишича, поезд бригадаси зарба хавфи ҳақида олдиндан огоҳлантирилган эди, шу сабабли қурбонлар бўлмаган.
Украина темирйўллари раҳбари Олександр Персовский Россия қўшинлари иккинчи кундирки темирйўл инфратузилмасига — деполар, стансиялар ва вагонларга тинимсиз ҳужум қилаётганини таъкидлади.
Россия зарбалари сабаб бутун мамлакат бўйлаб поездлар ҳаракати жадвали издан чиққан. Айрим йўналишлар 18 соатдан ортиқ кечиккан.
Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Россиянинг Украина-Полша чегараси яқинидаги зарбаларини «Путиннинг тўғридан тўғри Европа Иттифоқи ва НАТО эшикларини „тақиллатаётган“ террори» деб атади. «Россия варварлари аллақачон дарвозаларингизда, қадрли ҳамкорлар», - деди Сибига. У Европа давлатларини «ўз санксияларининг бутун кучини Путиннинг тажовузкор режимига қарши» қўллашга, жумладан, тўлиқ савдо эмбаргоси ва россияликларнинг киришини тўлиқ тақиқлашга чақирди.
Россия мудофаа вазирлиги эса Украинанинг ғарбий ҳудудларида «Европа мамлакатларидан ҳарбий юкларни ташишни таъминлайдиган темирйўл инфратузилмаси обьектлари»га зарбалар берилганини билдирди.

