Украина учун қурол заводлари: Россия нега хавотирда?
Москва Европада Украина учун қурол ишлаб чиқараётган корхоналар Россиянинг ҳарбий нишонига айланиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Kun.uz студиясида таҳлилчилар Ғарбнинг Киевга ҳарбий кўмаги ва Украина мудофаа саноатининг салоҳияти ўсиб бораётгани Россия учун нимани англатиши ҳақида сўз юритди.

Украина учун қурол заводлари: Россия нега хавотирда?
Россия ТИВ вакили Мария Захарова Полшада Патриот ракеталарини ишлаб чиқариш ва уларни Украинага етказиб бериш ҳақидаги саволга жавобан шундай деди: “Яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман, Европа мамлакатларидаги Украина учун қурол ишлаб чиқариш заводлари Россия учун потенсиал ҳарбий нишонлар саналади”.
Давлатлар бир-бирига қурол-яроғни бемалол сотиши мумкин, бу ҳар бир давлатнинг ички иши. Аммо Россия нуқтайи назарига кўра, бевосита Украина фронти учун махсус қуроллар ишлаб чиқариш, бунинг учун мутахассислар тайёрлаш, логистика занжирини яратиш ва шунга ўхшаш чуқур таъминот боғлиқлигини йўлга қўйиш ўша давлатни можаронинг тўғридан-тўғри иштирокчисига айлантиради.
Россия нега бунга кескин муносабат билдиряпти? Чунки Украинанинг европалик ҳамкорлар билан чуқур ҳарбий-саноат ҳамкорлигига киришиши урушнинг чўзилишига олиб келади. Украинани ҳолдан тойдириб, таслим қилишга умид қилаётган Россия эса Украинага янги куч кириб келишига чидаб бўлмайди.
Украина жаҳон қурол-яроғ бозорида ўз ўрнига эга давлат ҳисобланади. У узоқ йиллардан бери дунёдаги етакчи қурол экспортчилари ўнталигига яқинлашиб келмоқда. Совет Иттифоқидан қолган ҳарбий-саноат базаси мавжуд бўлиб, уруш даврида бу салоҳият янада ошди. Бугун Украина ҳарбий саноатига, айниқса, Яқин Шарқ давлатларининг қизиқиши ортиб бормоқда. Зеленскийнинг ўзи ҳам бу йўналишда бир қатор ташрифларни амалга оширди.
Агар Украина ҳудудига хорижий ҳарбий заводлар кўчириб келинган ёки қўшма ишлаб чиқариш йўлга қўйилган тақдирда, масала фақат қурол-яроғ хавфсизлиги ёки ишлаб чиқариш стандартларида бўлмайди. Асосий масала шундаки, вақт ўтиши билан Украина бу технологияларни ўзлаштириб, қуролларни мустақил ишлаб чиқариши ва уларни халқаро бозорда сотиши мумкин.
Дунёдаги йирик ҳарбий-саноат компанияларининг аксарияти, хусусан, Европа ва АҚШдаги кўплаб ишлаб чиқарувчилар хусусий бизнес асосида ишлайди. Масалан, Лоскҳеед Мартин ёки Боеинг компаниясининг мудофаа йўналиши давлат корхоналари эмас, балки хусусий компаниялардир. Шу сабабли қурол-яроғ ишлаб чиқариш ва экспорти борасида ҳукуматларнинг сиёсий қарорлари билан компанияларнинг тижорий манфаатлари ҳар доим ҳам тўлиқ мос тушавермайди.

