Дунё

Украина мудофаа харидлари соҳасидаги коррупсия туфайли камида 1,2 миллиард доллар йўқотди

Тҳе Нев Ёрк Тимес журналистлари ҳукумат аудитининг махфийлаштирилган натижаларидан билиб олган асосий маълумотлар.

Украина мудофаа харидлари соҳасидаги коррупсия сабаб камида 1,2 миллиард доллар йўқотди

Мудофаа харидлари агентлиги фаолияти давлат аудит хизмати ҳамда Украина мудофаа вазирлигининг ички аудит бўлими томонидан текширилди. Бунгача текширув хулосалари ошкор этилмаганди. Маълум бўлишича, 2024-йилнинг ўзида Украина фирибгарлик, исрофгарчилик ва мудофаа харидларидаги самарасиз бошқарув оқибатида қарийб 1,2 миллиард доллар йўқотган.

Текширув ҳужжатларига кўра, Украина ҳукумати харидлар жараёнида хавотирли белгиларни эътиборсиз қолдирмоқда. Нархларни оширадиган ёки етказиб бериш мажбуриятларини бажармайдиган пудратчилар учун оқибатлар жуда кам ҳолларда юзага келади.

Компаниялар қурол етказиб беришга қодирлигини исботламасдан туриб шартномалар олган. Айрим ҳолатларда пудратчида бундай етказиб бериш учун лицензия ҳам бўлмаган.

Украинанинг энг йирик ўнта ҳарбий пудратчисидан 7 таси фирибгарлик, аввалги келишувларни бажармаслик ёки раҳбарлари коррупсия учун ҳибсга олингани юзасидан жиноий ишлар очилганига қарамай, янги буюртмалар олган.

Масалан, 2024-йилда Павлоград кимё заводи ҳарбийларга яроқсиз ҳолатдаги минглаб артиллерия миналарини етказиб берган. Унинг раҳбари Леонид Шиман коррупсия ишидаги фигурантга айланганидан кейин ҳам мудофаа харидлари агентлиги ушбу корхона билан юз миллионлаб доллар қийматидаги шартномаларни тузишда давом этган.

Аудиторлар Украина ҳукумати олдинги шартномалар бажарилмаганига қарамай, янги келишувлар тузган 18 та компанияни аниқлаган. Бу компаниялардан олтитаси умуман бирорта шартномани бажармаган.

Компаниялардан бири ваъда қилинган 600 та махсус дрондан бирортасини ҳам етказиб бермаган, кейин эса яна 1950 та дрон етказиб бериш бўйича янги шартнома олган. Компания шундан фақат 50 тасини ўз вақтида етказиб берган.

Қулайроқ таклифлар рад этилгани ва қимматроқ таклифлар қабул қилингани сабаб 126 миллион долларга яқин маблағ йўқотилган. Шартномалар етарли ҳуқуқий асосларисиз тузилган. Бир ҳолатда компаниялар барбод бўлган битим бўйича камида 100 миллион долларлик аванс тўловларининг тақдири юзасидан ҳануз баҳслашмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.