Украина бош прокурори офисида тинтув ўтказилди
Украина Коррупсияга қарши миллий бюроси (КҚМБ) ва Коррупсияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура (КҚИП) мамлакат бош прокурори офисида тинтув ўтказди. Тергов фирибгарлик колл-марказлари тармоғига «ҳомийлик» қилиш ва мол-мулкни легаллаштиришда гумонланаётган жиноий гуруҳ фаолияти билан боғлиқ. Тергов версиясига кўра, гуруҳга бош прокурор офиси ходими раҳбарлик қилган бўлиши мумкин.

Украина бош прокурори офисида тинтув ўтказилди
КҚМБ ва КҚИП 4-сентабр куни «фирибгарлик колл-марказлари тармоғига ҳомийлик қилиш ва мол-мулкни легаллаштиришга алоқадор жиноий ташкилотни фош этиш» бўйича операция олиб борилаётганини маълум қилди. Коррупсияга қарши органлар тергов версиясига кўра, ушбу жиноий ташкилотга Украина бош прокурори офиси ходими раҳбарлик қилганини билдирди.
Операциянинг батафсил тафсилотлари кейинроқ эълон қилиниши айтилган. Шу куни КҚМБ ва КҚИП ходимлари Бош прокурор офисида тинтув ўтказган.
Бош прокурор офиси тергов ҳаракатлари амалга оширилганини тасдиқлади. Шу билан бирга, КҚМБ ва КҚИПнинг гумонлари бевосита Украина бош прокурори Руслан Кравченкога тааллуқли эмаслиги таъкидланди.
Бош прокурор офиси коррупсияга қарши органларга қонун доирасида тўлиқ кўмак ва зарур маълумотларни тақдим этишини билдирди.
Шунингдек, ноқонуний фаолиятга эҳтимолий алоқадорлиги текширилаётган прокуратура ходими судгача тергов давомида хизмат вазифаларини бажаришдан четлаштирилиши маълум қилинди.
«Украинская правда» манбаларига кўра, КҚМБ ва КҚИП Украина бош прокурори офиси Халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик департаменти бошлиғи ўринбосари Сергей Кропивани гумон қилмоқда.
Нашр ўз манбаларига таяниб, Кропива қўлга олинганини ҳам хабар қилди. Бироқ бу маълумот расмий идоралар томонидан ҳозирча тасдиқлангани йўқ.
ОАВ маълумотига кўра, Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер билан боғлиқ жойларда ҳам тинтув ўтказилган.
Кипер аввал Украина бош прокурори офисида турли лавозимларда ишлаган, 2023-йилда эса Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари этиб тайинланган.
Кропива ҳам Бош прокуратурадаги ҳозирги лавозимига тайинланишидан олдин Одесса вилояти ҳарбий маъмуриятида Кипернинг ўринбосари бўлиб ишлаган. У бундан аввал бош прокурор офисида киберхавфсизлик йўналишида ҳам фаолият юритган.
Айни пайтда тинтувлар айнан қайси мансабдорларга нисбатан ўтказилгани ва кимлар расман гумонланувчи мақомини олгани ҳақида тўлиқ расмий маълумот берилмаган.

