Дунё

Украина Донецк областида қарши ҳужум амалиёти ўтказмоқда

Бу амалиётга «Вивалди» номи берилган.

Украина Донецк областида қарши ҳужум олиб бормоқда

Украина қуруқлик қўшинлари Учинчи армия корпуси қўмондонлиги украин ҳарбийлари Донецк областининг шимолий қисмида қарши ҳужум амалиёти ўтказаётганини маълум қилди. Бу ҳақда корпус қўмондони, бригада генерали Андрей Билецкий махсус видеомурожаатда хабар берди.

Украина қуролли кучлари ушбу операцияга «Вивалди» номини берган. Билецкийнинг айтишича, мазкур юриш доирасида Учинчи корпус Лиман йўналишидаги бир қатор аҳоли пунктларини – Новоселовка, Александровка, Яровая, Корове Яр атрофларини «инфилтрациядан тозалаган», шунингдек, Среднее озод қилинган. Умуман олганда, Украина қуролли кучлари 75 километр квадрат ҳудудни тозалаган ва яна 10 километр квадрат майдонни Россия қўшинларидан озод қилган, шунингдек, «Россия Федерациясининг 20 ва 25-армияларининг жанговар қобилиятига қақшатқич зарба берган».

Билецкий операциянинг ушбу босқичида Россия қўшинлари бир ярим мингга яқин аскар (ярадорлар билан қўшиб ҳисобланган бўлиши мумкин), 12 мингдан ортиқ дрон, юзлаб зирҳли техникалар, артиллерия тизимлари ва автомобил техникаларини йўқотганини айтди. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Украина дронлари душманнинг логистика йўлларини кесиб қўйган.

«Очиқ манбаларда ҳозирда ҳужум ҳаракатларимизнинг пировард мақсади – Черний Жеребец дарёси қирғоқларига чиқиш экани ҳақида кўплаб маълумотлар бор. Лекин бизнинг операциямиз „Вивалди“ деб номланган. Вивалди эса, маълумки, тўрт мавсумдан иборат. Ва бу – ҳали биринчи мавсум», – деган Учинчи корпус қўмондони.

Билецкий «ахборий сукунат режими»га риоя қилишга чақириб, расмий манбаларда амалиёт ҳақида ҳисобот бериб борилишини ваъда қилган. Украина қуролли кучларининг Донецк областидаги қарши ҳужум амалиёти бир неча ойдан бери давом этмоқда, бироқ бунгача бу ҳақда расман маълум қилинмаганди. Ушбу амалиётнинг якуний мақсади ҳам номаълум.

Лиман – РФ томонидан ишғол этилган Донецк шаҳридан тахминан юз километр шимолда жойлашган стратегик аҳамиятга эга шаҳар ҳисобланади. Россия қўшини 2022-йил майида ушбу шаҳарни эгаллаб олганди, аммо Украина қуролли кучлари ўша йил октабридаёқ шаҳар устидан назоратни қайтариб олган. 2026-йил ёзи бошида РФ қўшинлари Лиманни яна штурм билан эгаллашга уринган, бироқ бунга эриша олмаган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.