Путин йил охиригача Донбассни эгаллашни буюрди. Бунинг имкони борми?

Путин йил охиригача Донбассни эгаллашни буюрди. Бунинг имкони борми?
Россия президенти Владимир Путин Украинадаги урушни тўхтатишнинг асосий шартларидан бири сифатида Донбассни талаб қилмоқда. Аниқроғи, Киев унинг маъмурий чегараларидан ўз қўшинларини олиб чиқиши кераклигини айтмоқда. Доналд Трампнинг махсус вакиллари билан Москвада бўлиб ўтган навбатдаги учрашувда ҳам айни шу позиция яна илгари сурилган. Бу ҳақда Блоомберг агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Украина томони эса можарони ҳозирги чизиқ бўйлаб музлатишга тайёрлигини, бироқ рус армияси ҳали эгалламаган ва қачон эгаллаши ҳам номаълум бўлган ҳудудлардан воз кечмаслигини билдирган. Украиналиклар минтақанинг ўз назоратида қолган қисмларида мудофаани кучайтирмоқда. Бу борада айниқса “қалъа шаҳарлари камари” деб аталадиган 4 та йирик ҳудуд муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сабаби улар бир-бирига яқин жойлашган бўлиб, мустаҳкам мудофаа занжирини ҳосил қилади. Аммо бир неча ой аввал Россия ушбу камар таркибидаги муҳим шаҳар — Константиновкани эгаллади. Ғарб таҳлилчиларига кўра, бу рус армияси ҳудудни тўлиқ назорат қилаётганини англатмайди. Шаҳарда айрим қаршилик ўчоқлари сақланиб қолган бўлиши мумкин. Бироқ оператив нуқтаи назардан Константиновка қўлдан чиққан ҳисобланади.
"Қал'а шаҳарлар камари.
Шунга қарамай, Украина армияси ушбу занжирнинг бошқа асосий шаҳарлари — Славянск, Краматорск ва Дружковкани фаол ҳимоя қилмоқда. Владимир Зеленский офисининг таъкидлашича, Путин Россия армиясига йил охиригача Донецк вилоятини тўлиқ эгаллашни топширган. Ҳарбийлар эса бу муддатни 2027-йил 31-мартгача узайтиришни сўрамоқда.
Кремлга яқин манбанинг Реутерс агентлигига айтишича, Путин Россия армияси Донбассни йил охиригача эгаллашига ишонмоқда. Аммо ҳарбий экспертлар бу режани амалга ошириш мумкинлигига бироз шубҳа билан қарайди. Бундай хулосага можаронинг аллақачон позицион босқичга ўтгани ва Украина аста-секин жанг майдонида ташаббусни ўз томонига оғдираётгани асос бўлмоқда.
Кузатувчиларга кўра, рус армияси Славянск ва Краматорск шаҳарларига шарқдан яқинлашмоқда. Очиқ манбалар билан ишлайдиган Сонфлист Интеллигенсе Теам (СИТ) таҳлилчиларининг 3-сентябрдаги ҳисоботида россиялик ҳарбий хизматчилар кичик Николаевка шаҳарчасига кириб келгани ёзилган. Мазкур ҳудуддан Славянскнинг энг яқин чеккасигача тахминан 3 километр, шаҳар марказигача эса қарийб 11 километр масофа бор. Бироқ экспертлар ҳозирча Николаевкада кечаётган жараённи шаҳар учун тўлақонли жанг деб ҳисобламаяпти.
“Ҳозирча фаол ёриб кириш босқичи кетмоқда. Шаҳар учун жанглар ҳақида гапириш ҳали эрта. Ҳудуд учун жанглар шаҳарда етарли миқдорда ҳужумчилар тўпланганидан кейин бошланади”, дея қайд этган СИТ экспертлари.
Краматорскка энг яқин ҳудуддаги жанглар эса Никаноровка қишлоғида давом этмоқда. У шаҳарнинг шимоли-шарқий чеккасидан тахминан 5 километр узоқликда жойлашган. Ҳудудда вазият мураккаблигича қолмоқда. “Мучной” чақирув белгисига эга украиналик ҳарбий хизматчининг 9-сентябр куни ёзишича, Россия аскарлари қишлоққа шарқий йўналишдан кириб кела бошлаган. У, шунингдек, рус армияси Никаноровка ғарбидаги Василевская Пустош қишлоғига ҳам ёриб киришга уринаётганини қўшимча қилган.
Россия қўшинлари Дружковка йўналишида ҳам босимни кучайтирмоқда. Ҳудуд марказидан тахминан 7 км узоқликда жанглар давом этмоқда. Таъкидлаш жоиз, бу йўналишда турар жой бинолари ва саноат обьектлари кўп. Бу омил рус армиясининг олдинга силжишини қийинлаштиради ва талафотларни оширади.
Славянск, Краматорск ва Дружковка шаҳарлари мунтазам бомбардимон қилинмоқда. Бундай ҳужумларнинг мақсадларидан бири Украина қуролли кучларининг логистика тизимини издан чиқаришдир. Хусусан, сўнгги ҳафталарда Россия томони Краматорск ва Славянскдаги бир нечта кўприкни йўқ қилган ёки шикастлаган.
Қўшма Штатларда жойлашган Урушни ўрганиш институти (ИСВ) таҳлилчиси Женни Олмстеднинг хулосасига кўра, Россия армияси ҳозир Славянск ва Краматорск томон секинлик билан олдинга силжимоқда. У мазкур йўналишда кескин ўзгаришлар бўлиши мумкинлигини рад этган, бироқ вазият Россия фойдасига ўзгараётганини таъкидлаган.
Таҳлилчининг фикрича, Россия қуролли кучлари Славянск ва Краматорскка шарқдан яқинлашиб келиши билан шаҳарнинг ўзида жанглар бошланиши мумкин. Бу нафақат ҳарбий амалиёт, балки сиёсий ишора ҳам бўлади: россияликлар шу орқали Донбасс учун жангларнинг якуний босқичи бошланганини кўрсатади. Бироқ эксперт бундай ҳужумнинг қисқа муддатда муваффақият қозонишига шубҳа билан қарайди.
“Биз Россия армияси йирик шаҳарларни қанотлардан айланиб ўтмасдан ва уларнинг логистикасини кесиб ташламасдан эгаллай олмаганига кўп марта гувоҳ бўлдик”, дейди у.
Таҳлилчи бунга мисол сифатида Покровск ва Константиновкани келтиради. Украина кучлари бу шаҳарларни россияликлар ҳудудга бостириб кирганидан кейин ҳам ойлар давомида мудофаа қила олганди.
Украиналиклар учун вазият бир нечта омил бир вақтнинг ўзида юзага келганидан кейин кескин ёмонлашган. Жумладан, Россия томони Украина армиясининг таъминот йўлларига мунтазам зарба беришни бошлаган, шунингдек, шаҳарни қисман қуршаб олиш ва кириб бориш учун йўлаклар очган.
Шимолда вазият мураккаб — россияликлар учун
Ҳарбий нуқтаи назардан Славянск, Краматорск ва Дружковка шаҳарлари 30 километрдан ортиқ узунликдаги ягона мудофаа раёнини ташкил қилади. Шу сабабли бундай истеҳкомлар мажмуини тўлиқ қуршаб олиш учун Покровск йўналишига ташланганидан анча кўпроқ куч ва ресурслар керак бўлади. Россия армияси айнан шу ссенарийдан қочиш учун жануб ва шимол орқали ушбу шаҳарларнинг орқа томонига чиқишга уринмоқда. Аммо ҳозирча қуршов хавфи йўқ.
Қалъа шаҳарлари камарининг шимолига қаралса, Россия қўшинларининг вазияти янада мураккаб экани кўринади. ОСИНТ таҳлилчиларининг хабар беришича, Украина қуролли кучлари Лиман яқинида муваффақиятли операция ўтказган.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, украиналиклар май ойида бошланган қарши ҳужумлар натижасида 200 квадрат километрга яқин ҳудудни озод қилган ва Россия қўшинларини Жеребец дарёсининг шарқий қирғоғига сиқиб чиқарган. Операциянинг боришини ОСИНТ таҳлилчиси Клемент Молин энг батафсил тасвирлаб берган. Унинг маълумотларини бошқа экспертлар ҳам у ёки бу даражада тасдиқлаган.
Лиман яқинида Россия қўшинлари тушиб қолган оғир аҳволни русларнинг “Рибар” ва “Два маёра” Телеграм-каналлари ҳам тан олган. Ушбу йўналишдаги муваффақият Украина учун икки жиҳатдан муҳим. Биринчидан, у Славянскни шимолдан янги йўналишдаги эҳтимолий ҳужумдан ҳимоя қилди.
Иккинчидан, Россия қўшинлари шаҳарни айланиб ўтиш ва Изюмдан Славянскка борадиган йўлни кесиб қўйиш имкониятидан маҳрум бўлди. Бу Украина армияси учун энг муҳим таъминот йўлларидан биридир.
Украина томони ҳозирча Лиман яқинидаги операция ҳақида расман изоҳ бермади. Бироқ шунга ўхшаш аввалги амалиётларда ҳам “сукунат режими” кузатилган. Масалан, Украина қуролли кучлари Донецк, Днепропетровск, шунингдек, Запорожье вилоятида жойлашган 26 та қишлоқни озод қилганида ҳам расмийлар баёнот беришга шошилмаган.
Ўшанда қарши ҳужум операцияси январ ойида бошланган, августда якунланган эди. Фақат шундан кейингина Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Михаил Драпатий президент Зеленскийга операция натижалари ҳақида очиқ ҳисобот берган.
Украинанинг муваффақиятли қарши ҳужумлари ортида нима бор?
Ҳарбий эксперт Кирилл Михайловнинг фикрича, Украина армиясининг қарши ҳужумлари амалий натижаларга олиб келаётганининг ортида комплекс сабаблар бор. Пиёда қўшинлар, зирҳли техника ва дронларнинг оператив-тактик даражада мувофиқлаштирилгани шулардан биридир.
“Бу ҳатто чекланган механизациялашган операцияларни ҳам ўтказиш имконини беради, чунки Россиянинг дронлар ёрдамида жанг майдонини қисман изоляция қилиш имконияти чекланади”, дейди эксперт.
СИТ таҳлилчиси эса Украина қуролли кучлари сўнгги бир ярим йилдан бери қарши ҳужум амалиётларини паст интенсивликда, аммо мунтазам амалга ошираётганини таъкидлайди. Аввалига душман томоннинг ўт очиш воситалари, жумладан, дронлар ва уларни бошқарувчи операторлар аниқланади. Кейин эса шу каби нишонларга зарба берилади. Натижада пиёда қўшинлар олдинга силжиши учун нисбатан хавфсиз шароит юзага келади.
Шундан сўнг эгалланган позиция мустаҳкамланади ва бутун жараён бошқа ҳудудларда ҳам такрорланади. Лиман яқинидаги операцияда эса тактик жиҳатдан қулай йўналиш танлангани ҳам муҳим рол ўйнаган. Украина кучлари Россиянинг асосий қўшинларидан дарё сабаб ажралиб қолган ва нисбатан яккаланган плацдармини кесиб ташлаган.
Бироқ айрим экспертларнинг фикрича, Украина асосан бундай амалиётларни Россия учун нисбатан иккиламчи аҳамиятга эга бўлган ва Москва катта миқдорда ресурс ташлашга тайёр бўлмаган йўналишларда амалга ошира олмоқда. Шу жиҳатдан Славянск — Краматорск — Дружковка йўналишида ҳам муваффақиятли қарши ҳужумлар уюштириш осон бўлмайди. Чунки рус армияси бу ҳудудга катта ресурсларни ташлаган.
“Бу ердаги асосий вазифа шунчаки Россиянинг олдинга силжишини тўхтатишдан иборат. Ҳозирча шундан каттароқ операция учун ресурслар йўқ”, дейди СИТ таҳлилчиси.
Россия қалъа шаҳарлари камарини қачон эгаллаши мумкин?
Экспертлар Россия Славянск, Краматорск ва Дружковкани қачон эгаллаши мумкинлиги борасида турли тахминларни илгари сурган. Бироқ уларнинг аксарияти бу 2026-йил охиригача амалга ошиши эҳтимолини жуда паст деб ҳисоблайди.
“Россияликлар Славянск ва Краматорскка тўғридан-тўғри ҳужум қилади, бироқ айни пайтда жанубдан ҳам чиқишга уринади. Бунинг учун аввал Константиновка ва Дружковкани эгаллаш керак бўлади”, деган Кирилл Михайлов.
Россия қуролли кучларининг илгарилаш суръати 2026-йилда сезиларли пасайганини ҳисобга олсак, Славянск ва Краматорскни келаси йил эгаллашнинг ўзи ҳам катта савол остида қолади. СИТ таҳлилчиси ҳам айнан шу жиҳатга эътибор қаратиб, яқин олти ой ичида бунинг имкони йўқлигини таъкидлаган.
Рус армияси Славянск, Краматорск ва Дружковка йўналишларида аста-секин бўлса-да, босимни кучайтириб бормоқда. Хусусан, Николаевка ва Никаноровка ҳудудларига ёриб кириш, жанубда эса Константиновка орқали Дружковка томон илгарилаш ҳамда Доброполье атрофидаги шиддатли жанглар шундан далолат беради.
Бироқ 30 километрдан ортиқ масофага чўзилиб ётган "қалъа шаҳарлари камарини" тўлиқ қуршаб олиш ва эгаллаш мураккаб вазифа. Бунинг учун мисли кўрилмаган даражадаги қўшимча куч ва ресурслар талаб этилади. Устига-устак, украиналиклар Лиман яқинида муваффақиятли амалиёт ўтказиб, русларнинг Славянскни айланиб ўтиш ҳамда унинг асосий таъминот йўлларини кесиб ташлаш режасига жиддий путур етказди.
Шу сабабли ҳарбий экспертларнинг деярли барчаси умумий хулосага келади: Россия Донбасс минтақасини яқин ойлар ичида тўлиқ эгаллаши эҳтимолдан йироқ. Кейинги йил жанг майдонида нималар ўзгариши эса жуда кўп омилларга боғлиқ.

