Украина АҚШ ва Европа билан ҳамкорликда урушни тўхтатиш режасини ишлаб чиқди – Зеленский
Россия жанговар ҳаракатларни давом эттиришга бир неча бор ваъда берганига қарамай, режа ишлаб чиқилган.

Украина Президенти Володимир Зеленскийнинг 23-август куни маълум қилишича, Россия жанговар ҳаракатларни давом эттиришга ваъда бераётганига қарамай, Украина АҚШ ва Европадаги ҳамкорлари билан биргаликда урушни тўхтатиш бўйича таклифлар тўпламини ишлаб чиққан. Бу ҳақда Тҳе Тимес нашри хабар берди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Киев ушбу режа устида АҚШ Президенти Доналд Трамп вакиллари ва Европа расмийлари билан ҳамкорликда ишлаган. Режа ўт очишни тўхтатиш, Россия ва Украина қўшинларини фронт чизиғидан ўзаро олиб чиқиб кетиш ҳамда буфер ҳудуд яратишни ўз ичига олади.
"Бизга маълум бўлишича, Америка томонида яна бир нечта ғоя бор. Улар бу ғояларни тақдим этиш учун қулай фурсат топмоқчи. Биз уларни кутмоқдамиз", – дея қўшимча қилди Зеленский.
Нашр маълумотларига кўра, 24-август куни Ватикан дипломати Пол Ричард Галлаҳер Россияга ташриф буюрган ва ушбу таклифларни етказиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Унинг 25-август куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашиши режалаштирилган.
Бироқ, журналистларнинг таъкидлашича, Россия илгари ҳам бундай таклифларни рад этган, шу сабабли музокараларда жиддий натижага эришиш умиди пастлигича қолмоқда.
Яқинда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия урушни ҳозирги фронт чизиғи бўйлаб тўхтатишга рози бўлмаслигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, бу "нацизмни енгган боболар" жасоратини қадрсизлантирган бўларди. У жанговар ҳаракатларни тўхтатишга фақат "узоқ муддатли, ишончли ва барқарор келишув" шарти билангина эришиш мумкинлигини қўшимча қилган.

