Уклон такси хизматлари бозорида устун мавқега эга деб тан топилди
Рақобат қўмитаси Уклон УБ компаниясини такси агрегаторлари бозорида устун мавқега эга рақамли платформа оператори деб топди. Эндиликда компанияда мавқени суиистеъмол қилишнинг олдини олиш учун мажбурий монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилади ва мониторинг олиб борилади.

Уклон такси хизматлари бозорида устун мавқега эга деб эътироф этилди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Уклон УБ компаниясини такси хизматлари бозорида устун мавқега эга рақамли платформа оператори сифатида тан олди.
Таъкидланишича, бу қарор йўловчиларни ташиш учун буюртмаларни жойлаштириш ва такси хизматларини кўрсатишга имкон берувчи воситачилик (агрегатор) хизматлари бозорини таҳлил қилиш якунлари асосида қабул қилинган.
Эндиликда рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ, компания фаолиятида ўз устун мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мажбурий тартибда монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилади.
Шунингдек, Рақобат қўмитаси платформа фаолияти бўйича белгиланган тартибда доимий мониторинг олиб бориши маълум қилинди.
Маълумот учун, устун мавқе — товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субьектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субьектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субьектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолат. Агар компания ёки шахслар гуруҳининг бозор улуши 40% ва ундан юқори бўлса, шунингдек, бошқа ҳолатларда товар ёки молия бозорида устун мавқе тан олинади.
Эслатиб ўтамиз, Уклон — Украинанинг маҳсулот ишлаб чиқарувчи ИТ компанияси. У Ўзбекистонда 2023-йилнинг июн ойидан буён фаолият юритмоқда.
Компания маълумотларига кўра, 2025-йилда Тошкентда хизмат фойдаланувчилари 15 миллиондан ортиқ сафарни амалга оширган.

