Учта давлат ҳудудидан сезилмасдан ўтган Эбола бемори бўйича саволлар очиқ қолмоқда
Янги тафсилотлар 40 ёшли тадбиркорнинг оғир касал бўлатуриб, қандай қилиб учгани ва минтақавий чегараларни кесиб ўтганини ошкор қилди.

Учта давлат чегарасини сезилмасдан кесиб ўтган Эбола бемори ҳақида саволлар қолмоқда
Найробида 70 га яқин эҳтимолий мулоқотда бўлганлар карантинга олинди
Кениялик тадбиркор Эболадан энг кўп жабр кўрган ҳудудлардан бирида вақт ўтказишга, сўнгра касаллиги аниқлангунга қадар яна иккита давлат орқали саёҳат қилишга муваффақ бўлди.
Найробидаги шифохонага оғир аҳволда олиб келинганидан кейингина ушбу ҳавфли юқумли касаллик ташхиси қўйилган 40 ёшли эркак Кенияда рўйхатга олинган биринчи тасдиқланган ҳолат бўлди. У икки кундан кейин, 5 октябрь куни вафот этди.
Унинг зарарлангани Конго Демократик Республикасидаги бир нечта тиббиёт муассасаларида, шунингдек, Уганда ва Кениядаги иккита аэропорт тиббий кўригида эътибордан четда қолгани йирик эпидемия даврида ушбу мамлакатлардаги биохавфсизлик борасида жиддий хавотирларни келтириб чиқарди.
Жорий йилда Конго ДРда Эболадан 4000 дан ортиқ одам вафот этди, бу тарихдаги иккинчи энг ўлим кузатилган эпидемия ҳисобланади.
Қитъанинг етакчи соғлиқни сақлаш агентлиги бўлмиш Африка касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (Africa CDC) кениялик беморнинг қарийб олти ҳафта давомидаги ҳаракатланишини тиклади ва бу унинг касаллигини аниқлаш ҳамда ўнлаб одамларнинг ҳавфли вирус билан зарарланишини олдини олиш бўйича бир нечта бой берилган имкониятларни очиб берди.
Агентликнинг фавқулодда вазиятлар бўйича директори доктор Вессам Манкула томонидан тақдим этилган маълумот тадбиркорнинг аҳволи борган сари ёмонлашиб боргани ҳолда қандай қилиб минглаб километр йўл босиб ўтгани ҳақида энг аниқ тасаввурни беради.
Шахси ошкор этилмаган эркак Конго ДРда етти йил яшаган ва бизнес ишлари билан унинг учта провинцияси бўйлаб саёҳат қилган.
Унинг айнан қачон ва қаерда Эбола юқтиргани ҳали номаълум — аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, октябрь ойи бошига келиб вирус у ташриф буюрган барча учта провинцияда мавжуд бўлган.
У август ойининг охири ва сентябрь ойининг бошини Бас-Уэле провинциясида ўтказиб, Бута, Акети ва Ликати каби шаҳарларга ташриф буюрган.
ЖССТ август ойида, у ташриф буюришидан олдин Бутада Эбола ҳолатини тасдиқлаган эди, гарчи унинг вирусни айнан ўша ерда юқтиргани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ бўлса-да.
Унда касаллик аломатлари илк бор тахминан 15 сентябрда пайдо бўлган. Унга антибиотиклар берилиб, уйига юборилган.
Икки кундан кейин у Бондодаги «Тонго Этанди» тиббиёт марказига ётқизилган ва у ерда 19 сентябргача қолган.
Унда иситма ва тошма бўлишига қарамай, унга тери инфекцияси ташхиси қўйилган.
Унинг саёҳати давомида ҳеч бир босқичда Эболага тест ўтказилмагани сабабли, унинг айнан қачон зарарланганини айтиш имконсиз. Ушбу аломатлар касалликнинг дастлабки босқичига тўғри келади, аммо улар минтақада кенг тарқалган бошқа инфекцияларга, масалан, безгакка ҳам мос келади.
20 сентябрь куни у Конго дарёси бўйида жойлашган, тахминан 1,5 миллион аҳолига эга Кисангани шаҳрига учиб кетди ва у ерда 10 кундан ортиқ вақт давомида тиббий ёрдам излади.
У ерда унга қайси шифохона ёки клиникаларда даво чоралари кўрилгани ёки қандай дорилар берилгани номаълум. Кисангани — атиги 51 та Эбола ҳолати қайд этилган Чопо провинциясининг пойтахтидир.
Сўнгра, 1 октябрь куни, илк бор касал бўлганидан икки ҳафтадан кўпроқ вақт ўтгач, тадбиркор гавжум чегара шаҳри бўлмиш Касиндига ўтишдан олдин Бени шаҳрига навбатдаги ички рейс билан учди.
Бени ҳам, Касинди ҳам Шимолий Кивуда жойлашган бўлиб, у ерда 1755 та Эбола билан зарарланиш ва 1000 дан ортиқ ўлим ҳолатлари қайд этилган, бу эса уни Конгонинг касалликдан энг кўп жабр кўрган провинцияларидан бирига айлантиради.
Бироқ у у ерда узоқ қолмади ва ўша куниёқ Уганда ҳудудига ўтди.
Уганда май ойида эпидемия бошланганидан кўп ўтмай Конго ДР билан чегарадош ҳудудларида ҳаракатланиш бўйича чекловлар жорий қилган эди.
Мамлакат бир нечта Эбола эпидемияларини жиловлаш, жумладан, назорат қилиш, мулоқотда бўлганларни кузатиш ва гумон қилинаётган беморларни изоляция қилиш бўйича тажрибага эга. Бу йил у ерда баъзи ҳолатлар кузатилди — асосан Конго ДРдан келган одамлар орасида — аммо август ойида мамлакат касалликдан холи деб эълон қилинган эди.
Бироқ, икки давлат ўртасидаги чегара чекка ҳудудлар орқали юзлаб километрга чўзилган бўлиб, бу уни назорат қилишни қийинлаштиради.
Тадбиркор чегарани кесиб ўтаётганда расмий тиббий назорат пунктидан ўтган-ўтмагани ҳали ҳам номаълум.
Эркакнинг дафн маросими қатъий хавфсизлик протоколлари остида ўтказилди
Чегарани кесиб ўтгач, у автомобиль йўли орқали пойтахт Кампалага, сўнгра Энтеббе халқаро аэропортига йўл олди ва у ердан 3 октябрь куни Найробига учувчи самолётга ўтирди.
Уганда расмийларининг билдиришича, у аэропорт назоратидан ўтаётганда тана ҳарорати меъёрда бўлган. Соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисларининг таъкидлашича, ушбу ҳолат фақат ҳароратни текшириш ва беморнинг ўз соғлиғи ҳақидаги маълумотларига таянишнинг чекланганлигини кўрсатади.
Манкуланинг айтишича, тадқиқотчилар эркак қабул қилган дори-дармонлар унинг тана ҳароратини пасайтирган бўлиши мумкинлигини ўрганмоқда. Шунингдек, у назоратдан ўтаётган вақтда шунчаки иситмаси бўлмаган бўлиши ҳам мумкин.
Шунингдек, у Найробининг Жомо Кениата халқаро аэропортига етиб келганида ҳам Эболага гумон қилинган бемор сифатида аниқланмаган, у ердан қариндоши уни кутиб олиб, тўғридан-тўғри Кения пойтахтидаги хусусий тиббиёт муассасаси — Найроби шифохонасига олиб борган.
Ўша вақтга келиб унда иситма, қалтираш, мушаклардаги оғриқ, томоқ оғриғи ва қон кетиши кузатилаётган эди.
Лаборатория таҳлиллари у Эболанинг Бундибугё турини юқтирганини тасдиқлади — бу Конго ДРдаги эпидемияга сабаб бўлган худди ўша штаммдир.
Аҳволи ёмонлашгани сабабли у изоляция қилинди. У 5 октябрь куни вафот этди ва эртаси куни инфекцияни назорат қилишнинг қатъий чоралари остида дафн этилди.
Кения ҳукумати у етиб келганидан кейин у билан мулоқотда бўлган бўлиши мумкин бўлган 66 кишини аниқлаганини маълум қилди. ЖССТнинг билдиришича, Уганда ва Конго ДРда мулоқотда бўлганларни қидириш ишлари давом этар экан, бу рақам яна ортиши мумкин.
Карантин чоралари, шунингдек, Найроби шифохонасида беморга қандай қаралгани ҳақидаги саволлар фонида баъзи тиббиёт ходимлари орасида хавотир уйғотди.
Кения соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 652 000 дан ортиқ йўловчи тиббий кўрикдан ўтказилган ва 5 000 га яқин тиббиёт ходими Эболага қарши курашиш учун тайёрланган, беморларни қабул қилиш учун бешта муассаса ажратилган.
Эбола касаллик аломатлари пайдо бўлган зарарланган одамнинг тана суюқликлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш ёки зарарланган материаллар орқали юқади.
Унинг инкубацион даври 2 кундан 21 кунгача давом этади, бу эса вирус билан зарарланган одам бир неча ҳафтадан кейингина касал бўлиши мумкинлигини англатади.
Манкула Эбола аломатларини ҳис қилган йўловчиларни бу ҳақда хабар беришга чақирди ва тиббий ёрдамга эрта мурожаат қилиш уларнинг омон қолиш имкониятларини оширишини айтди.
«Эбола билан боғлиқ ҳар қандай аломатларни эрта ошкор қилганингизда, сиз нафақат вируснинг бошқа мамлакатларга тарқалишини олдини оласиз, балки биринчи навбатда ўзингизни ҳимоя қиласиз», деди у.
ЖССТ Эбола атрофидаги камситишлар (стигма) одамларни аломатлар ҳақида хабар беришдан ёки тиббий ёрдам сўрашдан тўхтатиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирди, бу эса вируснинг сезилмасдан тарқалишига йўл очиши мумкин.
Агентлик касаллик ҳақидаги қўрқув ва нотўғри маълумотларни камайтириш орқали бу борадаги ҳаракатларни кучайтираётганини айтмоқда — бу Конго ДРда жиддий муаммо бўлиб, у ерда баъзи тиббиёт ходимлари Эбола мавжуд эмаслигини даъво қилувчи одамлар томонидан ҳужумга учраган.

