
Учкўприкда фаст-фуддан ўнлаб одам заҳарланди
Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида овқатдан заҳарланишда гумон қилинган 31 нафар фуқаро шифохонага жойлаштирилди. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси маълум қилди.
Билдирилишича, 17–18-сентабр кунлари Учкўприк туманида яшовчи фуқаролар ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби шикоятлар билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Дастлабки эпидемиологик суриштирувда мурожаат қилганлар Учкўприк тумани Наврўзшоҳ кўчасида жойлашган фаст-фуд маҳсулотлари тайёрлайдиган шохобчалардан бирида ҳот-дог ва нон-бургер каби таомларни истеъмол қилгани аниқланган.
Шифокорлар беморларда овқатдан заҳарланиш ҳолатига гумон қилган.
18-сентабр куни соат 17:00 ҳолатига жами 37 нафар фуқаро тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, улардан 31 нафари шифохонага ётқизилган.
«Ҳозирда беморларга малакали мутахассислар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Гумондаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда беморлардан текширув ўтказиш учун тегишли намуналар олинган ва тегишли лабораторияларда текширилмоқда», – дейилади хабарда.
Тадбиркорлик субекти фаолияти қонунчиликда белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилди.
Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилиши қайд этилган.

