Туркиялик сиёсатçи Россия нега ТДТда кузатувçи бöлолмаслигини туşунтирди
Туркий Давлатлар Таşкилоти қоидаларига мувофиқ, у ёки бу давлат таşкилотда кузатувçи мақомини олиş уçун туркий тиллардан бирини бутун мамлакат миқёсида давлат тили ёки расмий тил деб тан олган бöлиşи керак, дея маълум қилди Туркиядаги “Адолат ва тараққиёт” партияси раиси öринбосари Кöрşад Зорлу. ТДТ+ форматига қабул қилиşни эса аъзолар стратегик мақсадлари нуқтайи назаридан кöриб çиқиşи мумкин.

Туркиялик сиёсатчи Россия нега ТДТда кузатувчи бўла олмаслигини тушунтирди
Россияни Туркий Давлатлар Ташкилотига кузатувчи мақомида таклиф этиш ташкилотнинг ички қоидаларига мос келмайди. Бу ҳақда Туркиядаги ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси раиси ўринбосари, туркий давлатлар билан алоқалар учун масъул Кўршад Зорлу маълум қилди.
ТДТнинг 30-октабр куни Анқарада бўлиб ўтган саммитида Қозоғистон президенти Тўқаев Россияга ташкилотда кузатувчи мақомини бериш ёки ТДТ+ ҳамкорлик форматига қўшишни таклиф қилган эди. Кўршад Зорлу “Анадолу” агентлигига берган изоҳида бу масалани “жуда нозик ва муҳим масала” деб атади.
Зорлунинг тушунтиришича, 2021-йилги Истанбул саммитида белгиланган қоидаларга кўра, кузатувчи мақомини олишни истаган давлат туркий ёки унга қариндош тиллардан бирини бутун мамлакат миқёсида давлат ёки расмий тил сифатида тан олган бўлиши керак. Россияда татар, бошқирд ва бошқа туркий тиллар айрим республикаларда расмий мақомга эга, аммо бутун мамлакат бўйича бундай мақом йўқ.
Шу билан бирга, Россия учун ўтган йили таъсис этилган ТДТ+ формати муқобил йўл бўлиши мумкин. Туркиялик сиёсатчига кўра, агар Россия расмий ариза билан мурожаат қилса, унинг таклифи ташкилотнинг стратегик мақсадлари ва умумий манфаатлари нуқтайи назаридан кўриб чиқилади. Бунда барча аъзоларнинг розилиги талаб қилинади.
“Адолат ва тараққиёт” партияси раиси ўринбосари сўзининг давомида Россия таркибидаги туркий халқлар республикалари билан ТÜРКСОЙ ташкилоти доирасидаги маданий ҳамкорликни қайта тиклаш масаласини кўтаришни таклиф қилди.
Кўршад Зорлунинг сўзларига кўра, 1993-йилда ташкил этилган ТÜРКСОЙ ташкилоти Россия ва туркий дунё ўртасидаги маданий алоқалар учун асосий платформа ҳисобланади. РФ таркибидаги Олтой, Тува, Чувашия, Бошқирдистон, Якутия ва Татаристон республикалари ТÜРКСОЙ ташкилотида кузатувчи мақомида бўлган, аммо Россиянинг 2015-йилдаги қарори билан бу республикаларнинг ТÜРКСОЙ билан ҳамкорлиги амалда музлатиб қўйилган, ўшандан бери ўзаро учрашувлар ва қўшма тадбирлар ўтказилмаган.
Аввалроқ Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Қозоғистон раҳбарининг таклифига муносабат билдириб, РФнинг ТДТдаги иштироки “тушунарли ва мақсадга мувофиқ” бўлишини билдирган, лекин ҳозирча Россия расмий таклиф олмаганини маълум қилган.

