Дунё

Туркияда "ўзбек келин" тиллаларни ўғирлаганликда айбланди. Асл вазият қандай?

Туркияга келин бўлган ўзбекистонлик Маъмура Бурҳонова тўйида унга тақилган тиллаларни ўғирлашда айбланди. Аммо аёл бу туҳмат эканини, тиллаларни тўйдан сўнг қайнотасига берганини, у эса кредит ва бошқа қарзларини ёпиш учун тиллаларни сотганини айтди. Минглаб ўзбекистонлик аёллар Туркияда турмуш қуриб яшаётган бир пайтда бундай можароларнинг келиб чиқишига нималар сабаб бўлмоқда?

Туркияда “ўзбек келин” тиллаларни ўғирлаганликда айбланди. Аслида нима бўлган?

Туркиядаги оилалардан бирига келин бўлиб тушган ўзбекистонлик Маъмура Бурҳонова тўйдан кўп ўтмай куёв томони берган тилла тақинчоқларни ўғирлаб, қочиб кетганликда айбланди. Бу хабарлар турк нашрларида тарқалгач, аёл маҳаллий полицияга бориб, ўзига қўйилган айбловларни рад этди. Унинг айтишича, тиллаларни қайнотасига топширган, қайнотаси эса уларни кредит ва бошқа қарзларни ёпиш учун сотиб юборганини ёзишмаларда қайд этган. Ҳозир ҳолат юзасидан суриштирув давом этмоқда. Бу Туркияда ўзбекистонлик келинлар билан боғлиқ илк можаро эмас.

Олдинроқ ўзбекистонлик Гулбаҳор Жуманиёзовага ҳам шунга ўхшаш айблов билдирилган эди. Унга уйланиш ниятида бўлган эркак аёл уни 20 минг долларга алдаганини даъво қилган. Шу мавзуда турк телеканалида эфир давомида полиция аёлни олиб кетган. Кейин Туркиядаги Ўзбек хотин-қизлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг аралашуви билан аёл қамоқдан озод қилинган.

Ҳар иккала ҳолатда ҳам якуний ҳуқуқий хулоса чиқарилмасидан олдин бу аёллар жамоатчилик олдида айблов марказига тушиб қолди.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда турк-ўзбек никоҳлари сони ортиб бормоқда. Масалан, 2024-йилда 3509 нафар ўзбекистонлик аёл Туркия фуқароларига турмушга чиққан. 2025-йилда эса бу кўрсаткич 3925 нафарга етган. Ўзбекистонлик аёллар 2025-йилда Туркиядаги хорижлик келинларнинг 13,7 фоизини ташкил этган ва бу борада Суриядан кейин иккинчи ўринда турган.

Шу сабабли, бу оилалардаги можаролар қандай ёритилиши ёки жамоатчиликка қандай тақдим этилиши икки инсон муносабатидан ҳам каттароқ масала ҳисобланади. Туркиялик олим Эркан Эвжи ҳам турли миллат вакиллари ўртасидаги никоҳлар кўпайган бошқа ҳолатларда, жумладан озарбойжон-турк никоҳлари мисолида ҳам шунга ўхшаш муаммолар кузатилганини таъкидлайди.

«Туркияда расмий рақамларга кўра, 60 мингга яқин ўзбеклар яшайди. Норасмий яшайдиганлар билан балки 100 минг ўзбек бор. Шу 100 минг ўзбекнинг балки 60-70 фоизи ўзбек аёллари бўляпти. Рақамларга нисбатан бу воқеалар балки кам – 5-10 та бўляпти. Биз кўрмаган, бу никоҳдан хурсанд яшаётганлар кўп.

Бу мавзу бир пайтлар озарбойжонликларда ҳам бўларди. 90 йиллар охири 2000-йиллар бошида кўп эшитгандим бунақа нарсани. Яъни «озарбойжонлик қиз турмуш қуриб, олтинларни олиб қочди» дейилган хабарлардан. Лекин бугун озарбойжонликлар билан алоқаларимиз яхшиланиб кетган. Бугун Ўзбекистон билан бўляпти. Чунки турклар ўзбекларни янги танияпти, илгари танимасдик, билмасдик. 10 йил олдин ўзбек аёл билан турмуш қурганимда «бу мусулмонми?» деган саволларни кўп эшитдим. Ўзбекларнинг қандай яшашини, қандай урф-одатлари борлигини энди ўрганяпмиз биз. Шунинг учун билмасдан, фақат медиаманипуляциялар билан Туркияда инсонлар ўзбеклар ҳақида нотўғри ўйлашяпти.

Медиада бир хабар берилганда «ўзбек қилди, қозоқ қилди, ёки бошқа миллат қилди» деб эмас, миллат номини айтмаслик керак. Чунки бунда инсонлар миясида нотўғри маълумот бўляпти. Ҳатто ўзбек медиасида ҳам кўрдим, турк медиасида ҳам кўрдим «ўзбек келин» деб таъкидлашганини. Дезинформация бор бунда.

Охирги 10 йилда 25 мингта ўзбек келин Туркияга борган. Туркияда гендер тенглик сабабли аёллар ҳуқуқлари юқорига чиқиб кетди. Бу баъзи қадриятларимиз йўқолишига олиб келди. Шунинг учун бизнинг эркаклар анъанавий жиҳатдан кучли бўлган аёллар билан турмуш қуришни хоҳлайдилар. Шунинг учун Ўзбекистон, Туркманистон ёки бошқа мамлакатлардан ҳам бор келинлар. Ўзбекистонда эса бизнинг эркакларга турмушга чиқишларига сабаб – бизнинг сериалларни кўр кўришяпти. Бу кино-сериалларда Туркиядаги ҳаётни муҳташам кўришяпти. Бизда денгизни, гўзалликларни кўришяпти, ҳавас қилишяпти. Лекин ҳақиқий ҳаётни кўришмаяпти. Бир фоиз одам кинолардагидай люкс ҳаётда яшайди бизда. Кўпчилик оддий ўзбек ҳаёти каби яшайди. Биздаям маошлар қийин, иқтисодий томондан қийналяпмиз. Ҳамма мамлакатлардаги каби муаммолар бўляпти.

Туркияда 87 млн одам бўлса, миллионлаб одам денгизни кўрмаган ҳалигача. Биргина Истанбулда 100 минг одам денгиз кўрмасдан яшаяпти. Шунинг учун нотўғри ўйлашяпти, бормасдан тўғри тадқиқ қилиш керак. Турмушга чиқмоқчи бўлган одамнинг оиласи яхшими деб ўйлаш керак» дейди у.

Бу масала фақат «ўзбек келин»га қўйилган айбловлар билан чекланмайди. 2026-йил бошида Туркияда ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимова ва Сайёра Эргашалиева билан боғлиқ фожиали воқеалар ҳам жамоатчиликни жиддий ўйлантирганди. Шу боис бугун саволни ким айбдор деган тор доирада эмас, балки Туркияда яшаётган ўзбек аёлларининг ҳуқуқи ва хавфсизлиги қандай таъминланаётгани нуқтайи назаридан қўйиш керак.

Бунинг учун нафақат жамият, балки икки давлатнинг масъул идоралари ҳам дахлдор. Чунки хорижда оила қураётган фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояси, муаммога дуч келганда ёрдам олиши ва миллатлараро муносабатларга салбий таъсир қилувчи стереотипларнинг олдини олиш эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган масала.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.