Туркияда ЛГБТҚ+ фаолларига қарши таъқиблар давомида ўнлаб кишилар ҳибсга олинди
Бу ҳибслар Туркия ҳукуматининг ЛГБТК+ ҳамжамияти ва фаолларига қарши қаратилган кампанияси янада кучайганидан далолат беради.

Туркияда ЛГБТҚ+ фаолларига қарши таъқиблар доирасида ўнлаб кишилар ҳибсга олинди
Туркия полицияси ҳукуматнинг ЛГБТҚ+ фаоллари ва муассасаларига қарши навбатдаги таъқиблари фонида ўнлаб одамларни ҳибсга олди.
Намойишчилар сешанба куни Истанбул бош суди биноси олдида тўпланган вақтда қўлга олинган.
Улар ўтган дам олиш кунлари гей-барлар ва фаолларнинг уйларида ўтказилган бир қатор рейдлар давомида ҳибсга олинган бошқа бир гуруҳ ЛГБТҚ+ фаолларини озод қилишни талаб қилишган.
Туркия ҳукумати оилавий қадриятларни ҳимоя қилишга қаратилгани айтилаётган "Оилам хавфсизликда" деб номланган кампания доирасида ЛГБТҚ+ ҳамжамияти аъзолари ва фаолларини ҳибсга олмоқда.
Сешанба кунги намойишда одамлар "Яшасин озодлик учун кураш!" деб ҳайқиришган ва ҳибсга олинган фаолларни озод қилишга чақиришган, деб хабар берди AFP ахборот агентлиги. Баъзи намойишчилар "ЛГБТҚ бўлиш жиноят эмас" деган баннерни ёйишганидан кейин полиция бир неча кишини ҳибсга олган.
"Ҳозир кўраётганларимиз жуда ташвишли", деди намойишчилардан бири AFP агентлигига.
Ҳуқуқбон ташкилотлар ушбу кампанияни ЛГБТҚ+ ҳамжамиятига қарши кенгайиб бораётган таъқиб сифатида тавсифлашди. Ўтган ҳафта давомида расмийлар бир нечта вилоятларда уюшмалар идораларида рейдлар ўтказди, веб-сайтларни блоклади ва ҳибсга олишларни амалга оширди.
Human Rights Watch нодавлат ташкилотининг постига кўра, ҳукумат ўнлаб ЛГБТ, ОАВ ва ҳуқуқбон ташкилотларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва веб-сайтларига киришни ҳам блоклаган ёки чеклаган.
Туркияда бир жинсли муносабатлар ноқонуний эмас, лекин гомофобия кенг тарқалган ва Президент Режеп Таййип Эрдоган ЛГБТҚ вакилларини туғилиш даражаси пасайишида айбдор бўлган "бузуқлар" деб атаган.
Европа Кенгашининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Майкл О'Флаэрти ҳибсга олишлардан хавотир билдирди.
"Мен Туркия бўйлаб ЛГБТИ фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини нишонга олган бир қатор ҳибсга олишлар, рейдлар ҳамда веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар блоклангани ҳақидаги хабарлардан хавотирдаман", деди у.
О'Флаэрти баёнотида айтилишича, Туркия Адлия вазири ушбу операция бир нечта Бош прокуратуралар мувофиқлаштируви остида 15 та вилоятда 162 нафар жисмоний шахс, тўққизта уюшма ва 13 та корхонага қарши амалга оширилаётганини маълум қилган.

