Туркия билан савдодаги тўсиқлар камайиши мумкин
Ўзбекистон ва Туркия товарларни икки мамлакат бозорига олиб киришни енгиллаштириш, божхона тартибларини соддалаштириш ҳамда мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш имкониятларини муҳокама қилди. Томонлар ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.

Туркия билан савдодаги тўсиқлар камайиши мумкин
«Дунё» ахборот агентлиги маълумотига кўра, Анқарада Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Туркия Савдо вазирлиги ўртасида савдо масалалари бўйича ищи гуруҳнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Музокараларда амалдаги тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, маҳсулотларни икки давлат бозорига олиб кириш шартларини енгиллаштириш бўйича чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги, электротехника ва енгил саноат маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар техник тартибга солиш, стандартлаштириш ва маҳсулотларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолаш соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилди. Хусусан, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш ва божхона тартиб-қоидаларини соддалаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Электротехника маҳсулотларига қўйиладиган техник талаблар ва уларнинг мувофиқлигини баҳолаш билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этиш учун соҳа мутахассисларидан иборат техник ищи гуруҳ тузишга келишилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимнинг кенгайтирилган таҳририни имзолаш юзасидан техник маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Йиғилиш якунида эришилган келишувларни акс эттирувчи баённома имзоланди.

