Туркий давлатлар археологик ёдгорликларнинг ягона рақамли базасини яратади

Туркий давлатлар археологик ёдгорликларнинг ягона рақамли базасини яратишга киришади. Бу ҳақда Туркий академия президенти Шаҳин Мустафоев Венгриянинг Бугац шаҳрида бўлиб ўтган Туркий дунё илмий-тадқиқот институтлари ва археология марказлари ассоциациясининг (АРИСА) учинчи йиғилишида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, туркий давлатлар илмий маълумотлар алмашиш учун ягона рақамли макон ҳамда археологик ёдгорликлар базасини яратишни мақсад қилган.
Тадбирда АРИСА рақамли портали ва электрон тадқиқотлар базаси консепсияси ишлаб чиқилди. Ушбу платформа археология ташкилотлари, олимлар ва академик марказлар ўртасида доимий мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади. Базада биргаликдаги экспедициялар ва лойиҳалар ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, нашрлар, анжуманлар, грантлар ва таълим дастурлари жой олади. Тадқиқотчилар ва тегишли муассасалар ҳақидаги маълумотлар ҳам киритилади.
Мутахассислар археологик ёдгорликларнинг электрон атласини яратишни режалаштирмоқда. Рақамли база йирик обьектлар ҳақидаги маълумотларни, жумладан, уларнинг координаталари, хронологияси, илмий тавсифи, фотосуратлари, режалари, тадқиқот натижалари ва нашрларини бир жойга жамлайди.
Йиғилишда иштирокчилар биргаликдаги археологик лойиҳаларни амалга ошириш ва тарихий меросни муҳофаза қилиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Туркий давлатлар меросини ўрганиш бўйича халқаро дастур тузиш таклиф этилди. Бу дастур ҳар йили устувор обьектларни аниқлайди, биргаликда қазишма ва экспедициялар ўтказади, топилмаларни ҳужжатлаштиради ва натижаларни таҳлил қилади. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида Ипак йўли шаҳарлари, илк туркий ёдгорликлар, ёдгорлик мажмуалари ва қадимий суғориш тизимлари танланди. Евросиё кўчманчилари мероси ва ўрта аср саноат марказлари ҳам шу йўналишга киради. Маълумот учун, АРИСА ассоциацияси 2023-йилда Самарқанд шаҳрида Туркий академия ташаббуси билан ташкил этилган.

