Турк сериаллари юлдузларининг севимли таомлари: улар қайси маҳсулотларга кўпроқ эътибор қаратади?
Бурак Ўзчивит гўштли таомлар, айниқса, шишкабоб ва Адана кабобини хуш кўради.

Турк сериаллари юлдузларининг севимли таомлари: улар қайси маҳсулотларга кўпроқ эътибор беради?
Мухлисларнинг юлдузлар ҳаётига қизиқиши табиий. Инсон ҳаётининг ажралмас қисми бўлган овқатланиш ҳам шулар жумласидан. Айтишларича, одамнинг севимли таомларига қараб, унинг феъл-атворидаги айрим жиҳатларни ҳам билиш мумкин. Ҳеч бўлмаганда, ўз дидимизни севимли актёримизнинг таъби билан солиштириш имконимиз бор.
Машҳур турк актёрлари ҳам бошқа оддий инсонлар каби мазали таомларни яхши кўради. Қуйида турк сериаллари юлдузларининг севимли таомлари билан танишамиз.
1. Жан Яман
“Тўрғай”, “Қулупнай ифори” ва “Жаноб хато” сериаллари орқали танилган Жан Яман мунтазам спорт билан шуғулланади ва овқатланиш тартибига эътибор беради. Шунга қарамай, у миллий таомлардан ҳам воз кеча олмайди.
Жан Яманнинг севимли таомлари орасида кабоб, турлу (сабзавотли димлама), борек (анъанавий қатлама пирог), кўфте (котлетга ўхшаш гўштли таом) ва дўлма бор.
Бундан ташқари, актёр Италияда бир муддат яшагани сабабли италян ошхонасини ҳам яхши кўради. Унинг севимли таомлари қаторида неаполитанча пица, аматричана пастаси ва қатламали тиелла запеканкаси бор.
2. Бурак Ўзчивит
“Севги изтироби”, “Чолиқуши” ва “Ҳукмдор Усмон” каби сериаллардаги роллари билан дунёга танилган Бурак Ўзчивит ҳам овқатланиш тартибига эътибор беради. Бироқ у ҳам туркларнинг тўйимли нонуштасидан воз кеча олмайди. Актёрдан турк ошхонасидаги қайси таомни татиб кўриш кераклиги сўралганда, у биринчи навбатда айнан шу нонуштани тилга олган.
Бундан ташқари, Бурак бошқа кўплаб эркаклар сингари гўштли таомларни яхши кўради. Айниқса, шишкабоб ва Адана кабобини хуш кўради.
Актёр рус ошхонасининг ҳам мухлиси. Унга пирожки, борш, чак-чак ва Россия ширинликлари маъқул келган. Албатта, Бурак турмуш ўртоғи Фаҳрие Эвжан пиширган таомларини ҳам жуда ёқтиради.
3. Ҳанде Эрчел
“Қалбим эшигини қоқ” сериали юлдузи Ҳанде Эрчел ҳам турк ошхонасининг турли мазали таомларига қарши туриш учун анча ирода кўрсатишга мажбур. Чунки актриса қоматини бир меъёрда сақлаши керак.
Ҳанденинг севимли егулиги — чой билан симит. Бу кунжут сепиб пишириладиган, ҳалқа шаклидаги турк нони. Актриса кўпинча денгиз маҳсулотларидан тайёрланган таомларни истеъмол қилади. Хусусан, мидия, креветка ва калмарни ёқтиради. 2019-йилда берган интервюларидан бирида эса севимли нонуштаси маккажўхори ёрмаларидан тайёрланган қуруқ нонушта ва қаҳва эканини, энг яхши кўрадиган егулиги эса чипс бўлганини айтган.
4. Афра Сарачўғлу
“Қўрғон сирлари” сериали юлдузи Афра Сарачўғлу таомларга бўлган диди ҳақида камдан кам гапиради. Маълум бўлишича, у овқатланиш рационидан глютен ва хамиртурушни чиқариб ташлаган. Бундай чекловлар билан кунжутли симитдан қандай воз кечаётгани эса қизиқ.
Афранинг кундалик менюси соғлом овқатланиш тарафдорларига манзур бўлиши мумкин: нонуштага сули бўтқаси, тамаддига ёгурт, тушликка сабзавотлар ва киноа билан пиширилган товуқ гўшти, кечки овқатга эса сабзавотлар билан балиқ. Шунга қарамай, актриса ўзини қаттиқ чекловлар остида ҳис қилмаслик учун баъзан ширинлик ҳам ейди.
5. Арас Булут Ийнемли
“Даҳо”, “Отатурк” ва “Чуқур” сериалларидаги роллари билан танилган Арас Булут Ийнемли ҳам таомларга бўлган муносабати ҳақида кўп гапирмайди. Актёр вазн орттиришга мойил бўлгани учун овқатланиш тартибига алоҳида эътибор бериши керак.
У гўштли таомларни жуда яхши кўради. Туркияда ҳам гўштни сабзавот ва ёрмалар билан уйғунлаштириб тайёрланадиган таомлар кенг тарқалган. Мамлакатда кўпроқ мол, қўй ва парранда гўштига афзаллик берилади.
Арас айнан қайси гўштли таомларни ёқтиришини айтмаган. Бироқ дўлма ва гуручни, айниқса, онаси тайёрлаганини яхши кўриши маълум. Қаҳва ҳам унинг севимли ичимликлари орасида алоҳида ўрин тутади. Бундан ташқари, актёр таом тайёрлашни, янги рецептлар ўйлаб топишни яхши кўради.
6. Бурак Дениз
“Маликам энди қара”, “Тунги эртак” каби сериаллар юлдузи Бурак Дениз ҳам таомларга бўлган диди ҳақида тез-тез гапирмайди. Бунинг сабаби у овқат танламайдиган инсонлардан бири эканлиги. Актёр гўшт, дўлма ва спагеттини яхши кўради.
Буракнинг мухлислари баъзан унинг учун энг мазали таом оддийгина меҳмонхона шўрваси бўлиши мумкинлигини ҳам билади. Бир куни актёр меҳмонхонасига оч ҳолда қайтиб келиб, овқат буюртма қилган. Аммо ошпазлар иш вақтини тугатгани сабабли у ошхонага кириб, ходимлар учун тайёрланган шўрвани олиб кетган.
Кейинчалик Бурак бунинг учун узр сўраган ва етказилган зарарни қоплашга тайёрлигини билдирган. У жуда оч қолган ва шўрва ҳам ниҳоятда мазали бўлган.
7. Несрин Жавадзаде
“Гўзал ҳаётим”, “Хавфли севги” сериаллари юлдузи Несрин Жавадзаде ҳам севимли таомлари ҳақида очиқ гапирмаган. Маълум бўлишича, актриса органик, табиий, ўғит ва қўшимчаларсиз етиштирилган маҳсулотларни афзал кўради. Шунингдек, буғдой ва бошқа дон маҳсулотлари таркибидаги глютен истеъмолини чеклайди. Бироқ кунжутли симит баъзан унинг тамаддилари орасида ҳам учраб туради.
Озарбайжонлик актриса ватанига борганида маҳаллий таомларни татиб кўришга ҳаракат қилади. Озарбайжон ошхонаси турк таомларига кўп жиҳатдан ўхшаш: бу ерда ҳам кабоб, дўлма ва пахлава кенг тарқалган. Эҳтимол, уларнинг аксарияти Несриннинг ҳам севимли таомлари қаторидан жой олган.
8. Ҳалит Эргенч
Султон Сулаймон образи билан томошабинлар меҳрини қозонган Ҳалит Эргенч ҳам севимли таомлари ҳақида гапиришни хуш кўрадиган актёрлардан эмас. “Муҳташам юз йил” сериали юлдузининг турк ошхонасидаги қайси таомларни ёқтириши ҳозирча номаълум.
Актёр турмуш ўртоғи Бергузар Корел меҳр билан тайёрлаган таомларни севиб истеъмол қилишини тахмин қилиш мумкин. Бергузар пазандачиликни ёқтиради ва янги, органик маҳсулотлардан тайёрланган таомларга алоҳида эътибор беради. Эр-хотин Истанбулда кафе ҳам очган, унинг менюсини ишлаб чиқишда Бергузарнинг ўзи ҳам қатнашган. Аммо очиқ манбаларга кўра, ҳозир бу маскан фаолият юритмайди.
Жуфтлик Буюк Британияга кўчиб ўтганидан кейин у ерда турк пишириқлари ва енгил тамаддиларга ихтисослашган новвойхоналар тармоғини очган. Бу эса уларнинг миллий пишириқларга бўлган меҳридан далолат беради.
Ҳалитнинг кўнглидан алоҳида жой олган таом эса борш. Актёр интервюларидан бирида бу таомни Туркиядаги уйида ҳам мамнуният билан тайёрлашини айтган.
9. Марям Узерли
“Муҳташам юз йил” ва “Тун маликаси” сериаллари юлдузи Марям Узерли парҳез ва соғлом овқатланиш ҳақида гапиришни яхши кўради. Бироқ парҳезга унчалик мос келмайдиган ва севимли таомлари ҳақида камроқ сўзлайди.
Маълум бўлишича, актриса ширинликлардан баъзан роҳат лукум, ҳолва ва гуручли пудинг ейишга ўзига рухсат беради. У кўпчилик банд инсонлар сингари уйда пишган таомларни қадрлайди. Унинг кундалик менюсида кўпинча булғур ва товуқ гўшти, ясмиқ ҳамда сабзавотли салатлар бўлади. Марям қоматини сақлаш учун меъёрни унутмайди.
Хуррам ролига тайёргарлик кўриш жараёнида ундан 13 килограмм вазн қўшиш сўралган. Кўп ўтмай актриса ҳомиладор бўлиб, яна бир неча килограмм семирган. Натижада у жами 20 килограмм ортиқча вазндан халос бўлишига тўғри келган. Бунга эса соғлом овқатланиш тартиби ёрдам берган.
10. Керем Бурсин
“Қалбим эшигини қоқ”, “Юрак уриши” сериаллари юлдузи Керем Бурсин турк пахлавасини жуда яхши кўради. Бундан ташқари, кўпчилик эркаклар сингари, у ҳам кабобни хуш кўради.
Керем овқат тайёрлашни ҳам ёқтиради. У учун бу суратга олиш ишларидан кейин ҳордиқ чиқаришнинг бир усули. Айниқса, ошхонада янги рецептларни синаб кўриш ва турли тажрибалар ўтказиш унга завқ бағишлайди.

