“Трамвай ҳаётимнинг бир қисмига айланган”. Самарқандлик машинист аёл ҳикояси
22 йил уй бекаси бўлган Дилором Облоқулова 2020-йилда ҳаётида янги саҳифа очиб, Самарқандда трамвай ҳайдовчиси сифатида иш бошлади. Олти йилдан бери юзлаб йўловчиларни манзилига етказиб келаётган аёл машинист учун трамвай бошқариш ҳаётининг бир қисмига айланган. Газета у билан суҳбатлашди.

“Трамвай ҳаётимнинг бир қисмига айланган”. Самарқандлик машинист аёл ҳикояси
Самарқанд шаҳрида трамвай ҳайдовчиси сифатида ишлаётган Дилором Облоқулова олти йилдан буён ҳар куни юзлаб йўловчиларни манзилига элтиб келади. Бунгача у 22 йил давомида уй бекаси бўлган. 2019-йилда трамвай бошқараётган аёлни кўриб, ўзи ҳам шу касбни ўрганишга қарор қилган.
Турмуш ўртоғи ва яқинларининг кўмаги билан 2020-йилда иш бошлаган Дилором опа бугун ўз касби билан фахрланади.
Дилором Облоқулова 2012-йилда енгил автомобил бошқаришни ўрганиш учун автомактабда таҳсил олиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олган. Аммо оилавий шароит сабаб машина сотиб олиш имконияти бўлмагани учун рулга ўтирмаган. Шу боис уй-рўзғор ишлари ва фарзандлар тарбияси билан шуғулланган.
2019-йилда Самарқанд кўчаларида трамвай бошқараётган аёлни кўриб қолиши унинг ҳаётида янги саҳифа очилишига туртки бўлди.
“Ўзимга: „Нега мен ҳам шу касбни ўрганмаслигим керак?“ деган саволни бердим. Ёнимда турмуш ўртоғим бор эди. Унга трамвай ҳайдашни ўрганиш истагимни айтдим. У мени қўллаб-қувватлади ва биргаликда трамвай депосига бордик”, — дейди Облоқулова.
Ўша пайтда депода атиги уч нафар аёл трамвай ҳайдовчиси бўлиб ишларди. Деподаги Санобар исмли ходим ҳам унинг қарорини қўллаб-қувватлаб, ўқишга ундайди. Шунга қарамай, янги касбни эгаллаш осон кечмаган. Дилором опа аввалига одамларнинг муносабати ва кўчада ҳамманинг эътиборида бўлишидан уялган. Бундан ташқари, оғир транспорт воситасини бошқариш масъулияти ҳам уни бироз чўчитган.
“Бошида қўрққанман. Трамвайни бошқариш осон эмас. Унда ўзингиздан ташқари, вагондаги юзлаб йўловчилар учун ҳам жавобгар бўласиз. Шунинг учун ўқишга киришдан олдин иккиланганман”, — дейди у.
Дилором опа 2019-йилда трамвай ҳайдовчиларини тайёрлаш курсида тўрт ярим ой таҳсил олди. Кейин уч ой тажрибали ҳайдовчилар билан амалиёт ўтади. 2020-йил феврал ойида эса мустақил иш бошлади.
Бу жараёнда турмуш ўртоғининг ёрдами муҳим бўлган. Дилором Облоқулова баъзан касбни уддалай олмаслигидан хавотирланиб, ҳатто ўқишни ташлаш ҳақида ҳам ўйлаган. Лекин умр йўлдоши уни доим руҳлантирган. Иш бошлаган дастлабки даврда унга ёрдам бериш учун трамвайда кондуктор бўлиб ҳам ишлаган. Буни йўловчилардан яширган, фақат ҳамкасблари уларнинг эр-хотинлигини билган.
Укаси ҳам опасининг қарорини қўллаб-қувватлаган. Хорижда юрган пайтларда бошқа мамлакатларда аёлларнинг турли касбларда ишлаётганини кўрган укаси Дилором Облоқуловага ўз кучига ишонишни маслаҳат берган.
“Укамга: „Ўқишга кирдим, лекин қўрқяпман, одамлар кўради, уяламан“, дегандим. У эса: „Опа, ўзингизга ишонасизми? Қилинг. Бошқа давлатларда аёллар қандай ишлаётганини билмайсизми? Нимадан уяласиз?“ деган. Шу гаплар ҳам менга куч берган”, — дейди у.
Дастлаб йўловчиларнинг ҳайрат билан қараши ва кўчадаги одамларнинг эътиборига кўникиш қийин бўлган. Аммо вақт ўтиши билан Дилором опа бу ҳолатни оддий қабул қила бошлаган.
“Аввалига кўчада ҳамма кўради, деб уялардим. Чунки бизда аёллар бундай ишларда кўп ишламаган, бунга одатланмаганмиз. Ҳозир эса аксинча, ишимдан фахрланиб юраман. Кўпчилик ҳавас билан қарайди”, — дейди машинист.
Самарқандда трамвай икки йўналишда: темир йўл вокзалидан Сартепагача ҳамда вокзалдан Сиёб бозоригача ҳаракатланади. Дилором опа асосан биринчи йўналишда ишлайди. Вокзалдан Сартепагача бўлган олти километрлик масофани трамвай тахминан 21 дақиқада босиб ўтади.
Трамвайлар эрталаб соат 6:00 дан кечки 23:00 гача ҳаракатланади. Дилором Облоқулованинг иш куни давомида йўловчилар оқими ҳам ўзгариб туради: эрталаб ишга шошаётганлар ва ўқувчилар кўпаяди. Тушлик пайтида мактабдан қайтаётган болалар, куннинг иккинчи ярмида эса фарзандларини боғчадан олиб кетаётган ота-оналар трамвайдан фойдаланади.
Унинг кузатишича, трамвайга фақат иш ёки ўқишга бораётганлар эмас, шаҳарни айланишни истаган кексалар ҳам чиқади. Айримлар учун трамвайда юриш кундалик ташвишлардан бироз чалғиш имконидир.
“Бир куни ёши катта аёл чиқди. Ўша пайтда электр ўчгани учун трамвай тўхтаб турганди. У кишига автобусда кетишни таклиф қилдим. „Йўқ, менинг зарур ишим йўқ, шунчаки уйда зерикдим, трамвайда бир айланиб келай, деб чиққандим“, деди. Шундай йўловчилар ҳам бор”, — дейди Дилором опа.
Трамвайдан хорижлик сайёҳлар ҳам кўп фойдаланади. Айниқса, вокзалга келган туристлар такси ўрнига жамоат транспортини танлайди. Улар ҳайдовчилардан трамвайнинг қайси манзилларга боришини сўрайди. Дилором опанинг айтишича, иккинчи йўналишда, хусусан, Ислом Каримов мақбараси ва Сиёб бозори томон борадиган сайёҳлар кўп учрайди.
Трамвай салонининг кенглиги болали оилалар учун ҳам қулай. Йўл ҳақи нақд пулда 3 минг сўм, пластик карта орқали эса 2 минг сўмни ташкил этади. Бироқ трамвай бошқариш ташқаридан кўринганидек осон эмас. Ҳайдовчи доимо йўлни, бошқа транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатини кузатиб бориши керак. Айниқса, Самарқанднинг айрим тор кўчаларида ҳаракатланиш алоҳида эътибор талаб қилади.
Дилором Облоқулованинг таъкидлашича, баъзи автомобил ҳайдовчилари трамвай йўлига чиқиб қолади. Телефонга чалғиб, яқинлашаётган трамвайни сезмайдиган пиёдалар ҳам учрайди. Бундай ҳолатлар машинистдан доимий ҳушёрликни талаб қилади.
“Эътиборимиз фақат йўлда бўлиши керак. Одамларга ҳам, машиналарга ҳам қараб бориш лозим. Айрим ҳайдовчилар йўлимизга чиқиб қолади, телефонга қараб кетаётган пиёдалар эса трамвайнинг қўнғироғини ҳам эшитмайди. Шунинг учун доим ҳушёр бўлишимиз керак”, — дейди у.
Олти йиллик иш фаолияти давомида Дилором опа йўловчилар ёки эркаклар томонидан ноўрин муносабатга дуч келмаган. Аксинча, кўпчилик аёл ҳайдовчини кўриб ҳайратланади, касби ҳақида сўрайди ва ҳавасини билдиради. Йўловчиларнинг миннатдорчилиги эса унга ишидан қониқиш ҳиссини беради.
“Йўловчилар тушаётганда „Раҳмат, опажон, соғ бўлинг“, дейишса, жуда хурсанд бўламан. Демак, уларнинг узоғини яқин қилдик, манзилига етиб олишига ёрдам бердик, деб ўйлайман. Шу пайт касбимдан янада кўпроқ фахрланаман”, — дейди Дилором Облоқулова.
Олти йил давомида трамвай Дилором опа учун оддий иш жойидан кўра кўпроқ маъно касб этган. Фарзандлари унга ишга чиқмай, уйда дам олишини айца-да, у ўз хоҳиши билан фаолиятини давом эттирмоқда.
“Ўғилларим баъзан: „Ая, энди ишга чиқманг, уйда ўтиринг, ўзимиз ойлик берамиз“, дейишади. Лекин мен бу ишга фақат маош учун чиқмайман. Касбимни яхши кўраман, ўрганиб қолганман. Трамвайда ҳар хил одамларни кўрасиз, йўловчилар билан мулоқот қиласиз. Уйда ўтиргандан кўра ишлаганим яхши”, — дейди у.
Иш Дилором Облоқуловага янги кўникмалар ҳам берган. Йўловчилар билан доимий мулоқот натижасида у ўзбек ва рус тилларида эркин гаплашишни ўрганди. Энди сайёҳлар билан мулоқот қилиш учун инглиз тилини ҳам ўзлаштирмоқчи. Бу истагини турмуш ўртоғи ҳам қўллаб-қувватламоқда.
Дилором опа Самарқандда туғилгани ва шаҳарда трамвай борлигидан фахрланади. Унинг фикрича, трамвай нафақат қулай жамоат транспорти, балки шаҳар манзараларини томоша қилиш учун ҳам яхши восита. Катта ойналар орқали йўловчилар шаҳарни бемалол кузатиши мумкин. У трамвайлар Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам йўлга қўйилишини истайди.
Бир пайтлар янги касбни эгаллашдан иккиланган Дилором опа бугун ўзи каби уй бекалари ва бошқа аёлларни ҳам ўз кучига ишонишга чақиради.
“Менга ҳавас қиладиган қизлар ва уй бекаларига маслаҳатим — ўқишсин, изланишсин, ҳаракат қилишсин. Ҳеч қачон кеч эмас. Ўзингизга ишонсангиз, кўп нарсага эришиш мумкин. Ўзбекистонлик аёллар кучли, меҳнатдан қўрқмайди. Ҳамманинг қўлидан келади”, — дейди у.

