Трамп Россия НАТОга ҳужум қилмаслигини айтди

Трамп Россиянинг НАТОга ҳужум қилмаслигини маълум қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп 27-август куни Россия президенти Владимир Путиннинг НАТО мамлакатларига ҳужум қилмаслигини таъкидлади. У, шунингдек, Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Жон Ретклиффнинг Москвага бориб, россиялик расмийларни бундай ҳужумдан огоҳлантиргани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Жон Ретклифф 26-август куни кутилмаганда Москвага ташриф буюрган эди. ВСЖ ва Политисо нашрларининг хабар беришича, у НАТО мамлакатларига ҳужум қилмасликдан огоҳлантириш учун борган. Разведка раҳбари Россия расмийлари билан учрашувда, айниқса, Болтиқбўйи давлатларига нисбатан ҳар қандай ҳарбий кескинлашувдан тийилишга чақиргани айтилган. Шунингдек, у Москвани Эронни ҳарбий ва иқтисодий қўллаб-қувватлашни тўхтатишга ундаган.
“У НАТО ҳудудига ҳужум қилмоқчи эмас”, деди Трамп Путинни назарда тутиб, Оқ уйнинг Овал кабинетида журналистларга.
Трамп куннинг биринчи ярмида Ахиос нашрига телефон орқали интервю берди. У интервюда бундай ҳужум бўлмаслигини қайд этди. Бундан ташқари, у Ретклиффнинг Москвага бирон-бир махсус хабар етказиш учун юборилмаганини айтди.
“Ретклифф россиялик ҳамкасби билан ҳар олти ойда ёки йилда бир марта кўришади. Уларнинг муносабатлари жуда яхши. Ҳеч қандай хабар юборилмаган ва бу ерда ғайритабиий нарсанинг ўзи йўқ”, деди Трамп нашрга.
Европа ва АҚШ разведка хизмати расмийлари Россиянинг Европадаги қўпорувчилик фаолияти ва “кулранг зона”даги ҳужумларини узоқ вақтдан бери кузатиб келмоқда. Бундай ҳаракатлар тўлиқ уруш даражасига етмайди. Улардан мақсад НАТОнинг ҳамжиҳатлигини ва аъзо давлатларнинг Украинани қўллаб-қувватлаш иштиёқини пасайтиришдир.

