Трамп Лос-Анжелес ва Сан-Диего вайрон қилиниши мумкинлигини АҚШ хавфсизлиги учун "арзимас бадал" деб атади

Трамп Лос-Анжелес ва Сан-Диего вайрон қилиниши мумкинлигини АҚШ хавфсизлиги учун "арзимас бадал" деб атади
АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ядровий қуролга эга бўлган тақдирда Лос-Анжелес ёки Сан-Диего вайрон қилиниши мумкинлигини "арзимас бадал" деб атади.
У бу ҳақда 5 октябрь куни Небраскадаги сайловолди митингида гапирди, шундан сўнг унинг сўзлари Калифорния расмийлари томонидан танқид қилинди.
"Бу мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлигини сақлаб қолиш учун унчалик катта бўлмаган бадалдир", — деди Трамп Эрон томонидан эҳтимолий ядровий таҳдид ҳақида фикр юритар экан.
Шундан сўнг у қўшимча қилди: "Улар шаҳарни вайрон қилишлари мумкин. Майли, Лос-Анжелесни вайрон қилишсин. Майли, Сан-Диегона вайрон қилишсин".
Митинг иштирокчилари бу сўзларни қарсаклар билан кутиб олишди.
Шу билан бирга, CBS News Трамп айнан нимани назарда тутгани дастлаб тушунарсиз бўлганини қайд этмоқда. Ўша нутқи давомида президент, шунингдек, Эрон билан уруш, унинг фикрича, у ёки бу тарзда "жуда тез орада" якунланишини айтган.
Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом Трампнинг сўзларини қоралади. У Миллий гвардия ва денгиз пиёдалари Калифорнияга юборилганидан сўнг, президент энди АҚШнинг хорижий рақиблари Лос-Анжелес ва Сан-Диегона "вайрон қилиши" мумкинлиги ҳақида гапираётганини ёзди.
Лос-Анжелес мэри Карен Басс президентнинг вазифаси мамлакатни ҳимоя қилиш эканини, америкаликларга таҳдид қилиш ва уларга ҳужум қилишни рағбатлантириш эмаслигини таъкидлади.
Лос-Анжелес — аҳоли сони бўйича АҚШнинг иккинчи йирик шаҳридир. У ерда АҚШ Космик тизимлар космик қўмондонлиги штаб-квартираси, Lockheed Martin, Boeing ва Northrop Grumman аэрокосмик соҳа корхоналари, шунингдек, федерал ҳукумат томонидан молиялаштириладиган RAND тадқиқот маркази жойлашган.
Сан-Диего — мамлакатнинг аҳоли сони бўйича саккизинчи шаҳри ва АҚШ ҳарбий иштирокининг йирик марказидир. Шаҳар ва унинг атрофида Сан-Диего ҳарбий-денгиз базаси, Кэмп-Пендлтон денгиз пиёдалари корпуси базаси ва Коронадо ҳарбий-денгиз амфибия базаси жойлашган.
Сан-Диего мэри Тодд Глория шаҳар "билвосита зарар" эмаслигини ва "арзимас бадал" деб ҳисобланиши мумкин эмаслигини айтди. У Сан-Диегона Эрон билан уруш атрофидаги риторикага аралаштирмасликка чақирди.
Бундан аввалроқ Трамп АҚШ қўшинларининг Ироқдан олиб чиқилиши якунланишини АҚШ ва Ироқнинг ғалабаси, шунингдек, ИШИД устидан қозонилган ғалаба деб атаган эди. Шу билан бирга, у АҚШнинг мамлакатдаги кўп йиллик ҳарбий иштирокини қимматга тушган ва хато кампания деб тавсифлаган.

