Трамп бразилиялик «гўшт қироли» билан учрашгач, гўшт божларини бекор қилди
АҚШда гўш нархи билан боғлиқ можаро авж олди. Президент Трамп гўшт импорти учун 25 фоизлик божларни вақтинча бекор қилди. Бу қарор чиқарилишидан бир кун олдин Оқ уйда дунёда энг кўп гўшт ишлаб чиқарадиган бразилиялик миллиардер меҳмон бўлган. Худди шу миллиардерга тегишли товуқ фабрикаси Трампнинг инаугурацияси учун энг кўп – 5 миллион доллар пул хайрия қилган.

Трамп бразилиялик «гўшт қироли» билан учрашгач, гўшт божларини бекор қилди
АҚШда гўшт нархи атрофидаги тортишув кучайиб бормоқда. Президент Трамп гўшт импортига қўйилган 25 фоизлик божларни вақтинча бекор қилди. Бу қарор қабул қилинишидан бир кун олдин Оқ уйда дунёда энг кўп гўшт ишлаб чиқарадиган бразилиялик миллиардер меҳмон бўлган. Айнан шу миллиардерга тегишли товуқ фабрикаси Трампнинг инаугурацияси учун энг катта — 5 миллион доллар хайрия қилган.
ВСЖ ёзишича, 20-август куни Оқ уйда Доналд Трамп ва бразилиялик миллиардер Жоесли Батиста учрашган. Батиста оддий миллиардер эмас: унга тегишли ЖБС компанияси дунёда энг кўп гўшт етиштирадиган корхона ҳисобланади. ЖБС қисқартмаси корхона асосчиси Жозе Батиста Собринио исм-фамилиясининг қисқартмасини англатади.
Ҳозир бу улкан компанияни унинг миллиардер ўғиллари бошқаради. Корхонанинг бутун дунё бўйлаб 500 дан ортиқ заводи бор. Уларда ҳар куни 14 миллион бош парранда ва 100 минг бош қорамол гўшти тайёрланади. Америкага энг кўп гўшт олиб кирадиган ҳам шу компания. Мамлакатда гўшт нархи рекорд даражада ошиб кетган бир пайтда Батиста Трамп билан учрашиб, унга мол гўшти учун 26 фоизлик божни бекор қилиш таклифини берган. Учрашувнинг эртасига Трамп 300 минг тонна қийма гўшт тайёрлашда ишлатиладиган мол гўшти учун божларни 90 кунга бекор қилдирди.
Ташқаридан қараганда, ҳаммаси оддийдек: дунёда энг кўп гўшт ишлаб чиқарадиган компания раҳбари дунёдаги энг бой давлат раҳбарига нархни пасайтириш бўйича таклиф билдирганида муаммо йўқдек туюлади. Аммо бу масаланинг нозик сиёсий жиҳатлари ҳам бор. Айнан Батистага тегишли бўлган АҚШдаги Пилигримъс Приде товуқ фабрикаси Трампнинг инаугурация маросими учун ҳаммадан кўп — 5 миллион доллар хайрия қилган.
Қизиғи шундаки, ака-ука Жоесли ва Уесли Батиста 2020-йилда АҚШда жавобгарликка тортилиб, Америка адлия вазирлигига 256 миллион доллар жарима тўлаган. Миллиардер ака-укалар Бразилияда мулозимларга пора беришда айбланган.
Америкалик чорвадорлар Трампнинг бу қароридан норози. ВСЖ ҳозир мамлакатда қорамол сони охирги 70 йил ичида рекорд даражада камайиб кетганини, ранчолар бундан жуда қийналаётганини таъкидлаган. Четдан арзон гўшт кириб келиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни оғир аҳволга солиб қўяди.
Монтана фермерлар кенгаши президенти Уолтер Швейсарнинг айтишича, 300 минг тонна аслида жуда кам миқдор ва бу чора келажакдаги нарх-навога таъсир қилиши қийин: «300 минг тонна мол гўшти жуда кўпдек эшитилиши мумкин, лекин бу аслида АҚШдаги йиллик эҳтиёжнинг атиги 2 фоизи дегани. Бу чора кўпроқ руҳий жиҳатдан таъсир қилади. Қайтага ишлаб чиқарувчилар бундай арзонлаштириш чорасидан фойдаланиб, чорвадорлар учун энг муҳим савдо-сотиқ даври бўлмиш кузда кўпроқ бузоқларни арзонроққа сотиб олишга уринади».

