Трамп болалар учун тавсия этилган эмлаш сонини қисқартирди
АҚШ президенти Доналд Трамп болаларга қилинадиган эмлаш сонини қисқартиришни ҳамда тепки (эпидемик паротит), қизамиқ ва қизилчага (ММР) қарши ваксиналарни танага алоҳида юборишни тавсия этувчи фармонни имзолади.

**Трамп болалар учун тавсия этилган эмлашлар сонини камайтирди**
Эуроневс хабарига кўра, Доналд Трамп узоқ вақтдан бери ММР ваксиналарининг хавфсизлигига шубҳа билан қараб келади. Душанба куни Овал кабинетда фармонни имзолаш чоғида Трамп эмлаш жадвали ёки миқдори аутизм спектри бузилишларининг тарқалиши ўсишига ҳисса қўшиши мумкинлигига бир неча бор ишора қилди. Бироқ, кўплаб тадқиқотлар бу эмлашлар ва аутизм ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлигини тасдиқлаган.
Фармонда болаларга қилинадиган ваксиналар сонини (Америка педиатрия академиясининг амалдаги тавсияларига кўра) 18 тадан 11 тага қисқартириш тавсия этилади.
Ушбу фармонга биноан, барча болалар учун тавсия этилган эмлашлар қаторига қизамиқ, тепки, қизилча, дифтерия, қоқшол, кўкйўтал, полиомиелит, б (Ҳиб) типидаги гемофил инфексия, пневмококк инфексияси, одам папилломаси вируси ва сувчечакка қарши ваксиналар киради.
Рўйхатдан гепатит А ва Б, менингококк инфексияси, ротавирус, СОВИД-19 ва гриппга қарши ваксиналар чиқариб ташланди. Бу эмлашлар фақат хавф гуруҳидаги болаларга тавсия этилади.
"Биз ваксиналар сонини қисқартиряпмиз", - деди Трамп. - "Гап фақат ваксиналарни камроқ қилиш ҳақида эмас, балки уларни шифокор қабулига бир неча марта борган ҳолда қабул қилиш ҳақида ҳам кетмоқда".
Трамп ушбу қарорни "ота-оналар ҳуқуқлари, диний ва конституциявий эркинликлар ҳамда энг юқори даражадаги илм-фан учун улкан ғалаба" деб атади.
Жамоатчилик саломатлиги соҳасидаги мутахассисларнинг огоҳлантиришича, Трамп таклиф қилаётганидек, эмлаш жадвалини узайтириш бола кейинги қабулга келгунига қадар ваксина ёрдамида олдини олиш мумкин бўлган касалликка чалиниш хавфини оширади.
Болалар ваксиналари, шунингдек, уларни биргаликда қўллаш схемалари синчковлик билан клиник синовлардан ўтказилади, уларнинг хавфсизлиги эса қўллана бошлаганидан кейин ҳам кўп йиллар давомида назорат қилиб борилади.
Америка педиатрия академияси президенти, доктор Эндрю Ресиннинг сўзларига кўра, бу қарор "бунга заррача ҳожат бўлмаган" жойда ноаниқлик, қўрқув ва тартибсизликларни келтириб чиқармоқда. У Трампнинг тавсияларини танқид қилиб, амалдаги қоидалар сақланиб қолиши кераклигини таъкидлади.
"Ваксиналар ва уларнинг самарадорлиги ҳақидаги фан ўзгаргани йўқ", - деди у. "Атроф-муҳитимиздаги вируслар ва бошқа қўзғатувчиларнинг тарқалиши ҳам ўзгармади. Бу мамлакатдаги болалар ҳам сўнгги 48 соат ичида ўзгаргани йўқ".
Республикачи сенатор ва Сенатнинг соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Билл Кессиди Трампнинг фармонини кескин танқид қилиб, ижтимоий тармоқларда ваксиналар хавфсиз эканини ва аутизмни келтириб чиқармаслигини айтди.
"Мен шифокорман. Бу фармон хато", - деб ёзди Луизиана сенатори. - "Президентда бундай ўзгаришларни амалга ошириш учун етарли билим ва тажриба йўқ".
**Мажбурий эмлашни жорий этиш ҳуқуқи федерал ҳукуматга эмас, балки штатларга тегишли**
Трампнинг фармойиши мажбурий эмас, балки тавсиявий хусусиятга эга, чунки таълим муассасаларига қатнаш учун эмлаш талаблари федерал ҳукумат томонидан эмас, балки штатлар даражасида белгиланади.
Шунга қарамай, Оқ уйнинг ахборот бюллетенида мактаб ўқувчиларини эмлаш мажбурий бўлган штатларни маъмурият белгилаган муддатларни ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни қайта кўриб чиқишга даъват этилади.
Ўтган йилнинг декабр ойида Трамп Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлигига эмлаш бўйича тавсиялар юзасидан бошқа мамлакатлар тажрибасини ўрганишни ва Америка меъёрларини шунга мувофиқ янгилаш имкониятини кўриб чиқишни топширган эди.
Бунга жавобан вазирлик ҳар бир бола учун эмлаш сонини қисқартиришни тавсия қилди. Бироқ, кейинчалик бу қарор суд томонидан бекор қилинди. Одатда, болаларни эмлаш бўйича федерал тавсияларга киритиладиган ҳар қандай ўзгартиришлар Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (СДС) директори томонидан тасдиқланиши талаб этилади.

