«Тоза ҳаво»: ҳаво «қизил» даражага еца, корхоналар фаолияти тўхтатилиши мумкин
Ҳаво ифлосланиши «тўқ сариқ», «қизил» ёки «бинафша» даражага чиқиб, ҳолат бир кун сақланиши прогноз қилинса, ҳудудга махсус лабораториялар юборилади ва ифлосланиш манбалари аниқланади. Зарур ҳолларда ҳавони ифлослантираётган корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Тоза ҳаво»: ҳаво «қизил» даражага чиқса, корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилиши мумкин
2-октабр куни Ўзбекистонда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифатини яхшилаш ҳамда «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси мутасаддилари қатнашди.
Анжуманда ҳаво сифати кескин ёмонлашган ҳудудларда онлайн мониторинг маълумотлари асосида қандай чоралар кўрилиши, шунингдек, Жаҳон банки тадқиқотларидаги кўрсаткичларга қарамай, «Тоза ҳаво» доирасида нега автомобилларга алоҳида эътибор қаратилаётгани ва чанг ҳамда иситиш тизимлари бўйича қандай амалий ишлар қилинаётгани юзасидан саволлар берилди.
Гидрометеорология илмий тадқиқот институти директори Дониёр Турғуновнинг айтишича, онлайн платформа орқали ҳаво сифатининг ҳозирги ҳолати кузатилиши билан бирга, кейинги 1–3 кун учун прогнозлар ҳам тузилади. Ҳаво ифлосланиши «тўқ сариқ», «қизил» ёки «бинафша» даражага етиб, бу ҳолат камида бир кун давом этиши кутилса, тезкор чоралар кўрилади.
«Онлайн платформамиз реал вақт режимидаги вазиятни кўриш ва ҳаво ифлосланиши бўйича прогноз бериш имконини яратади. Реал ҳолат ва прогнозлардан келиб чиқиб, кейинги 1–3 кун учун режаларимиз ва тезкор чораларимиз мавжуд. Агар ҳаво ифлосланиши тўқ сариқ, қизил ёки бинафша даражага чиқиб, бир кун давом этиши прогноз қилинса, ҳамкорликда тегишли чоралар кўрилади», - деди Дониёр Турғунов.
Унинг сўзларига кўра, бундай вазиятда аввало махсус лабораториялар, «Ўзгидромет»нинг мобил лабораториялари ҳамда Миллий экология қўмитаси лабораториялари ҳудудга юборилади. Улар ифлосланиш манбаларини аниқлаш ва ўрганиш бўйича текширув ўтказади.
Агар ҳавонинг юқори даражада ифлосланишига сабаб бўлаётган манбалар аниқланса, экологик назорат ходимлари томонидан тезкор чоралар кўрилади. Зарурат туғилганда ифлосланишга сабаб бўлаётган фаолиятни вақтинча тўхтатишгача бўлган чоралар қўлланиши мумкин.
Матбуот анжуманида йирик корхоналарда автоматик экологик мониторинг стансияларини ўрнатиш ва уларни Миллий мониторинг марказига интеграция қилиш талаби ҳам муҳокама қилинди.
Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси Экополиция бошқарма бошлиғи Нодирбек Жамбурбоевнинг маълум қилишича, Президент қарори билан И ва ИИ тоифадаги обьектларни автоматик мониторинг тизимига интеграция қилиш белгиланган. Бу талабларни бажармаган корхоналар учун молиявий чоралар ҳам назарда тутилган.
«Мисол тариқасида оладиган бўлсак, айнан ўша автоматик мониторинг стансиясини ўрнаца-да, интеграция қилмаса, бизда ЭкоФонд деган дастур бор ўзимизда. Яъни атроф-муҳитни ифлослантирганлиги учун компенсация тўловлари тўланади. Ана шу нарса бизда беш баравар миқдорда автоматик равишда ҳисобланади ва унга нисбатан молиявий таъсир чораси қўлланади.
Шу билан биргаликда, қонунчиликка ўзгартириш киритилган яна, бизда айнан шу автоматик мониторинг стансиялардан фойдаланиш талабини бузганда, юридик шахсларга нисбатан молиявий санксиялар белгиланган.
Энди жарима суммалари қанақа автоматик тарзда шаклланади демоқчи бўлсангиз, бу ерда бизда яқинда Вазирлар Маҳкамасига қарор лойиҳаси киритилган, бизда «Эконазорат» ахборот тизими бўлади. Ва «Эконазорат» ахборот тизимида юридик шахслар, жисмоний шахсларнинг барча маълумотлари киритилган ҳолатда ўша жарима санксия миқдорлари ҳам рақамлаштирилади», - деди Экополиция бошқарма бошлиғи Нодирбек Жамбурбоев.
Жаҳон банки транспорт улуши 16 фоизлигини айтган. Нега автомобилларга эътибор кучли?
Дониёр Турғуновнинг таъкидлашича, «Тоза ҳаво» фақат транспорт воситаларига қаратилган лойиҳа эмас. Унда саноат корхоналари, иссиқхоналар, иситиш тизимлари, қозонхоналар ва иссиқлик электр стансиялари каби бошқа ифлосланиш манбалари ҳам қамраб олинган.
«“Тоза ҳаво” фақат транспортга қаратилмаган. Лойиҳада барча турдаги ифлосланиш манбалари, жумладан, саноат корхоналари, иссиқхоналар, иситиш тизимлари, қозонхоналар ва иссиқлик электр стансиялари бўйича ҳам ишлар олиб борилади», - деди у.
Мутасаддининг тушунтиришича, транспорт улуши йиллик ўртача кўрсаткич асосида баҳоланади. Бироқ йилнинг турли даврларида ҳаво ифлосланишига таъсир қилувчи манбалар улуши ўзгариши мумкин.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг айтишича, Жаҳон банкининг 2023-йилдаги тадқиқотида транспортнинг ПМ2.5 ифлосланишидаги улуши йиллик 16 фоиз деб кўрсатилган. Бироқ бу кўрсаткич мавсумга қараб ўзгаради: ёз ойларида табиий чангнинг таъсири юқори бўлса, қиш ойларида антропоген омиллар кучаяди.
«Автомобил сектори бизда барқарор: Тошкентда 1 миллионга яқин автомобил мунтазам ҳар куни, йилнинг 365 кунида ҳаракатланади ва доимий равишда ифлослантирувчи моддалар чиқаради. Шу сабабли асосий кураш обьектларидан бири барибир автомобил сектори ҳисобланади», - деди у.
Мутахассиснинг таъкидлашича, куз-қиш мавсумида инверсия, шамолсиз об-ҳаво ва қурғоқчилик кузатилганда чанг ҳаводан чиқиб кетмайди. Бундай шароитда автомобил ҳаракати чангнинг қайта кўтарилишига таъсир қилувчи омиллардан бирига айланади.
«Шу сабабли “Автомобилсиз кун” аксияси жорий этилган. Мутахассислар бу аксияга ёз ойларига қараганда куз-қиш ойларида кўпроқ амал қилишимиз керак, деб ҳисоблайди. Чунки 16–20 фоиз ҳам кичик қиймат эмас. Бундан ташқари, автомобилдан фақат ПМ2.5 заррачаси эмас, балки аҳоли саломатлигига таъсир қилувчи бошқа зарарли заррачалар ҳам чиқади», - деди Эркин Абдулаҳатов.
Чанг ва иситиш тизимлари бўйича қандай чоралар кўрилади?
Дониёр Турғуновга кўра, «Тоза ҳаво» доирасида йирик ифлосланиш манбаларини аниқлаш, уларга автоматик мониторинг стансияларини ўрнатиш ва маълумотларни ягона платформага интеграция қилиш кўзда тутилган.
Жаҳон банки тадқиқотларига кўра, Марказий Осиёнинг 60 фоиздан ортиқ қисми табиий чанг таъсирида. Биз “чанг камари”да жойлашганмиз. Шу сабабли “Яшил макон” доирасида фақат дарахт экиш эмас, балки чангни ушлаб қолишга қаратилган яшил ҳудудлар ва яшил белбоғлар барпо этиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, жанубий Қозоғистондаги иссиқхоналар фаолиятининг Тошкент ҳавосига таъсири бўйича илмий таҳлиллар олиб борилмоқда. Қанча миқдорда ифлослантирувчи моддалар чиқарилаётгани, улар қайси метеорологик шароитларда Тошкентга етиб келиши ва таъсир даражаси ўрганилмоқда», - деди у.
Шу сабабли яшил ҳудудлар ва ҳимоя дарахтзорлари барпо этиш орқали чангнинг аҳоли яшаш ҳудудларига кириб келишини камайтириш чоралари ҳам кўрилмоқда.

