Маҳаллий

2030 йилга қадар ҳавони ифлослантирувчи моддалар миқдори 10,5 фоизга камайтирилади

7 сентябр куни Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Греен Университй)да “Халқаро мовий

2030 йилга бориб ҳавони ифлослантирувчи моддалар ҳажми 10,5 фоизга қисқартирилади

7 сентябр куни Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Греен Университй)да “Халқаро мовий осмон учун тоза ҳаво куни” муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққан Алишер Саломов Ўзбекистонда Президент раҳбарлигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соғлиқни сақлаш, саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва иқлим сиёсатини ўзаро боғловчи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини таъкидлади. У 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини бунга мисол сифатида келтирди.

“Бизнинг миллий мақсадимиз — 2030 йилга қадар атмосфера ҳавосига чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар миқдорини 10,5 фоизга камайтириш. Мазкур мақсад аҳоли саломатлигини яхшилаш, шаҳарларимизни яшаш учун янада қулай қилиш, саноатни тозалаш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга бўлган қатъий мажбуриятимизни ифодалайди”, — деди Алишер Саломов.

Раис маслаҳатчиси ўз чиқишида минтақада ҳаво сифати бўйича ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Халқаро тоза ҳаво консорсиумини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилганини, бу ташаббус Қозоғистон Республикаси Президенти томонидан ҳам қўллаб-қувватланганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, самарали ҳамкорлик учун Япония ҳукуматига, БМТ Тараққиёт дастурига (УНДП), БМТ Атроф-муҳит дастурига (УНЕП), Финляндия метеорология институтига, «Замин» фондига ҳамда барча ҳамкорларга самимий миннатдорлик билдирди.

«Замин» халқаро жамоат фонди директори Азиз Ғаниев “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳаси фақат мониторинг стансияларини ўрнатиш билангина чекланиб қолмаслигини айтди.

"2020 йилда ҳаво сифатини мониторинг қилиш тизимини кучайтириш мақсадида бошланган ташаббус бугунги кунга келиб, ҳукумат, экспертлар, олимлар ва халқаро ҳамкорлар учун ишончли ҳаво сифати маълумотларини янада очиқ, қулай ва амалий фойдаланиш имконини берувчи кенг қамровли миллий тизимга айланди. Бу эса, пировардида, Ўзбекистон аҳолиси учун янада тоза ҳаво ва соғлом атроф-муҳитни таъминлашга хизмат қиладиган мустаҳкам замин яратмоқда", — деди у.

Тадбир давомида Ўзбекистонда ҳаво сифатини мониторинг қилиш тизими ривожига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, маҳаллий ва хорижлик мутахассислар томонидан Ўзбекистонда ҳаво сифатини мониторинг қилиш тизимини ривожлантириш, ҳаво ифлосланишининг иқтисодий ва экологик таъсири, мониторинг маълумотларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, трансчегаравий ҳаво ифлосланиши ва чанг бўронлари бўйича халқаро ва минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда ҳаво сифатини яхшилаш каби долзарб мавзуларда маърузалар қилинди.

Хусусан, Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти директори Дониёр Турғунов “Ўзбекистоннинг тоза ҳавони таъминлаш борасидаги тараққиёти: беш йиллик тизимли ўзгаришлар”, УНЕПнинг минтақавий координатори Томас Маркес Ўзбекистонда тоза ҳавони таъминлашда УНЕПнинг аҳамияти, ФМИ ҳаво сифати ва энергетика гуруҳи раҳбари Катя Ловен “Ҳаво сифатини замонавий мониторинг қилиш: маълумотлардан самарали ечимларгача”, БМТ Тараққиёт дастурининг атроф-муҳит ва лойиҳалар бўйича мутахассиси Гавҳар Қудайбергенова “Тоза ҳавони таъминлаш ва барқарор шаҳар ривожи учун комплекс ечимлар”, БМТ ЙИКнинг Узоқ масофаларга трансчегаравий ҳаво ифлосланиши тўғрисидаги конвенсияси котиби Албена Караджова “Чегарасиз тоза ҳаво: халқаро ва минтақавий ҳамкорлик”, Экология миллий қўмитаси бош мутахассиси Азиза Шарофова эса “Ўзбекистоннинг чора-тадбирлари ва ҳаво сифатини яхшилаш режалари” мавзуларига тўхталди.

Тадбир давлат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ва экспертларни бир майдонга жамлаб, Ўзбекистоннинг ҳаво сифатини мониторинг қилиш борасидаги ютуқлари ва келгусидаги устувор йўналишларини муҳокама қилиш имконини берди. Унда ҳаво сифатини мониторинг қилиш ва ифлосланишнинг иқтисодий таъсирини баҳолашдан тортиб, амалий чоралар ҳамда халқаро ва минтақавий ҳамкорлик масалаларигача бўлган мавзулар кўриб чиқилди. Трансчегаравий ҳаво ифлосланиши, чанг бўронлари ва халқаро ҳамкорлик механизмларидан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ҳаво сифатини мониторинг қилиш тармоғи ва «Эконазорат» платформаси кенгайтирилмоқда. «Замин» фонди кўмагида 28 та автоматик ҳаво мониторинги стансияси ҲОРИБА (Япония, Германия) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Мазкур тизимни республика бўйлаб янада кенгайтириш мақсадида 347 та кичик автоматлаштирилган ҳаво сифати мониторинг стансиясини ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу стансиялардан олинадиган маълумотлар Қўмитанинг ягона ахборот тизимига интеграция қилинади. Бу ҳудудларни қамраб олиш кўламини кенгайтириш, ифлосланиш ҳолатини янада аниқ баҳолаш ва далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш имконини беради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.