Тошқинларда оқиб кетган кўплаб непалликлар расман ўлик деб ҳисобланмаяпти, бу эса уларнинг оилаларини ноаниқликда қолдирмоқда
Қариндошлар ҳеч қандай товон пулисиз ва маъмурий даҳшат билан юзма-юз қолмоқдалар.

Тошқинларда оқиб кетган кўплаб непалликлар расман вафот этган деб ҳисобланмаяпти, бу эса оилаларни ноаниқликда қолдирмоқда
Катмандудаги Багмати дарёси қирғоғида жойлашган Пашупатинатх маъбадида Мадан Лал Лават ўтган ойда Хитой-Непал чегарасида содир бўлган вайронкор сув тошқини пайтида ҳалок бўлган яқинлари хотирасига ҳурмат бажо келтираётган бошқа оилаларга қўшилди.
Ҳиндуийлик урф-одатларига кўра, агар жасад топилмаса, муқаддас «куша» ўтидан рамзий ҳайкалча ясалади, бу жасад ўрнини босади ва қариндошларга сўнгги дафн маросимларини ўтказиш имконини беради.
5000 дан ортиқ одам ҳануз бедарак йўқолган деб ҳисобланаётган ва ҳукумат томонидан қутқарув ишлари якунланган бир пайтда, Лават каби инсонлар учун марҳумлар хотирасини ёд этишнинг ягона йўли шу бўлиб қолмоқда.
Унинг беш нафар қариндоши, жумладан акаси ҳам сувда оқиб кетган ва ҳануз бедарак йўқолганлар рўйхатида. Лават ўз қишлоғи — Бетраватидан ташқарида автобус ҳайдаб юргани сабабли омон қолган.
Лават тирик қолганлардан эшитган сўнгги хабар шу бўлдики, унинг акаси Мангал одамларни эвакуация қилиш ҳақида огоҳлантириш учун уйма-уй юрган пайтда ҳалок бўлган.
«Ҳаётни қандай қилиб янгидан бошлашни билмаяпман. Полиция жасадларни ҳануз қидираётганини айтмоқда, лекин улар қачондир топилишига шубҳам бор», дейди Лават.
У уларнинг ҳалок бўлганига деярли шубҳа қилмайди.
Бироқ юридик жиҳатдан уларнинг мақоми анча мураккаб. Непалда бедарак йўқолган шахс орадан 12 йил ўтмагунча вафот этган деб ҳисобланмайди.
Непал Фуқаролик кодексининг 40-моддаси айрим истисноларга йўл қўяди, бироқ унда ўтган ойдаги сув тошқини каби офатлар бўйича қоида кўзда тутилмаган.
Лаватники каби оилалар BBC’га ўлим тўғрисидаги гувоҳномаларни олишда қийинчиликларга дуч келишаётганини, бу эса тошқиндан кўрилган зарар учун товон пули олишдан тортиб, мулкни расмийлаштириш ва ҳатто мерос масалаларигача бўлган барча нарсага таъсир қилаётганини айтишди.
Қариндошлар дафн маросими харажатлари учун 25 000 рупийгача (122 фунт стерлинг; 162 доллар), шунингдек, биринчи вафот этган қариндоши учун тахминан 200 000 рупий (981 фунт стерлинг; 1 302 доллар) ва кейинги ҳар бир вафот этган оила аъзоси учун 100 000 рупий (491 фунт стерлинг; 651 доллар) миқдорида мотам товон пули олишлари мумкин.
Аммо бунга фақат ўлим тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилгандан кейингина эришиш мумкин. Шу сабабли, оилалар ўз ҳаётларини тиклашга ҳаракат қилар экан, уларнинг кўплари маъмурий даҳшат қуршовида қолишган.
«Ҳозирги офатни ҳисобга олсак, қонун эскирган», дейди конституциявий ҳуқуқ бўйича эксперт Бипин Адхикари.
Унинг айтишича, қонун чет элга кетиб, йиллар давомида дараги бўлмаган одамлар учун мўлжалланган эди. «Аммо ҳозир технология ривожланди, ахборот узатиш ёки қабул қилиш у қадар қийин эмас», деб таъкидлайди у.
Лават учун бу юридик чигалликлар шундоқ ҳам оғир бўлган йўқотиш азобини янада кучайтирди.
Ўтган ҳафта у ўлим тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун борганида, маҳаллий муниципалитет идораси расмийлари уни қайтариб юборишган. «Улар ҳали ҳам ўлим тўғрисидаги гувоҳнома масаласини муҳокама қилишаётганини айтишди. Энди нима қилишни билмаяпмиз. Ноаниқликлар жуда кўп», дейди у бизга.
Ҳатто жасадлар топилган тақдирда ҳам, уларнинг шахсини аниқлаш секин ва қийин жараёндир. Ҳозиргача 1400 дан ортиқ жасад топилган бўлиб, Непал бундай миқёсдаги ДНК таҳлиллари билан ишлашда кам тажрибага эга. Баъзи ҳолларда расмийлар ДНК намуналарини йиғиб олиб, оилалари мурожаат қилган тақдирда топишлари учун жасадларни ерга белгилар қўйиб дафн этишган.
Вайронагарчилик ва йўқотишлар кўламини ҳисобга олган ҳолда, оилалар товон пули зудлик билан зарурлигини айтмоқдалар.
Непалнинг сўнгги баҳолашига кўра, 7570 та хусусий бино шикастланган ёки вайрон бўлган, аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, уларда 33 000 га яқин одам яшаган.
BBC мухбирлари Расува туманига олиб борадиган йўллар тозаланганидан сўнг, офатдан бир неча кун ўтиб Лаватнинг қишлоғи — Бетраватига ташриф буюришди. Бир неча кун давомида бу ҳудуд Катмандудан узилиб қолган ва бензин билан бирга асосий зарур маҳсулотлар танқислигидан азият чекаётган эди.
Қишлоқдаги вайронагарчилик даҳшатли эди. Ер фақат қотиб қолган лой ва лойқа билан қопланган. Тошқин видеоси у бир неча дақиқа ичида қишлоқнинг катта қисмини ютиб юборганини кўрсатди. Гавжум бозордан асар ҳам қолмаган, маҳаллий Уттаргая мактаби вайронага айланган, уйлар оқиб кетган, мактаб автобуслари эса ағдарилиб ётган эди.
Расува ва Нувакот туманлари чегарасида жойлашган ва Бидур муниципалитети таркибига кирувчи ушбу ҳудудда ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, 3000 дан ортиқ бино шикастланган ёки вайрон бўлган. Бу исталган бошқа муниципалитетдагидан энг юқори кўрсаткичдир.
Маҳаллий ҳокимият органлари эндиликда бош вазир девонидан ўлимни тасдиқлаш масаласини ҳал қилиш йўлини топишни сўрамоқда.
«Ҳамма нарса тўхтаб қолган», деди Бидур мэри Ражан Шрестха BBC’га.
Унинг айтишича, қариндошлар ўзларига тегишли бўлган маблағларни олишлари учун 12 йилгача вақт кетиши мумкин.
Жанубий Осиёнинг энг кичик иқтисодиётларидан бири учун товон пули учун маблағ топиш қийин, таклиф қилинаётган суммалар эса йўқотишлар кўлами билан солиштирганда жуда кам.
Сув тошқинидан кейин 5000 дан ортиқ одам ҳануз бедарак йўқолган бўлиб, бу оилаларни қайғуга солмоқда
Ҳукумат фақатгина 8300 дан ортиқ хонадоннинг шахсий буюмларига етказилган зарарни 123 миллион фунт стерлинг (165 миллион доллар) деб баҳоламоқда.
Бу ҳар бир хонадонга ўртача 14 800 фунт стерлинг (20 000 доллар) атрофида зарар етганини англатади, гарчи бу рақам фақат аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари ва моделлаштиришга асосланган бўлиб, ҳар бир оила учун аниқ харажатларни акс эттирмайди.
Молиявий қийинчиликлар офатдан кейин ўзини тиклашга ҳаракат қилаётган оилалар учун ўлим тўғрисидаги гувоҳномаларни жуда муҳим қилиб қўяди.
Шрестха федерал ҳукуматни бу масалани имкон қадар тезроқ ҳал қилишга чақирмоқда. Унгача эса унинг қўл-оёғи боғлиқлигини айтади.
«Биз дафн маросимларини ўтказиб бўлган оилаларнинг руҳий азобларини тушунамиз, аммо расмийлар келажакдаги масъулиятдан қочиш учун қонуний чегараларда ишлашлари керак».
Ҳукумат BBC’га ушбу масалага ечим топишга ҳаракат қилаётганини маълум қилди.
Бош вазир девони баёнотида айтилишича, у қонуннинг «фавқулодда вазиятларда, жумладан, офатларда» оилалар учун келтириб чиқариши мумкин бўлган «қийинчиликлардан хабардор». Ички ишлар вазирлиги ҳукумат бу масалага жиддий ёндашаётганини ва агар талаб этилса, қонунга ўзгартириш киритишга тайёрлигини билдирди.
Оилалар дуч келаётган ҳуқуқий тўсиқлар Непал қайта тиклаш учун катта харажатларга дуч келаётган бир пайтга тўғри келди, ҳукумат бу харажатлар 3,6 миллиард фунт стерлингга (4,8 миллиард доллар) етиши мумкинлигини айтмоқда.
Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясида Бош вазир Бален Шаҳ мамлакатни қайта тиклаш учун ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизидан кўпроғи талаб этилишини, бу эса иқтисодиётга жуда катта босим эканини айтди.
Сув тошқини оқибатида ўнлаб жамоат бинолари, жумладан мактаблар, тиббиёт клиникалари ва шифохоналар вайрон бўлган. Йўллар, кўприклар, оқова сувларни тозалаш иншоотлари ва гидроэнергетика лойиҳалари ҳам шикастланган.
Шаҳ энди янги кредитлар эмас, балки грант асосидаги халқаро ёрдам сўрамоқда. Непал дунёдаги иссиқхона газларини энг кам чиқарадиган мамлакатлардан бири бўлса-да, глобал исишдан энг кўп зарар кўрадиган давлатлардан биридир.
«Иқлим ўзгариши оқибатидаги офат камбағал мамлакат инфратузилмасини вайрон қилганда, бунинг жавоби шунчаки навбатдаги йирик кредит ёки кичик грантлар тўплами бўла олмайди», деди у дунё етакчиларига.
Бу Непал вайронкор табиий офатдан кейин қайта тикланиши керак бўлган биринчи ҳолат эмас.
Тисум Гхале учун ўтган ой оғриқли даражада таниш туюлди.
У ва унинг оиласи 2015 йилги зилзилада уйидан айрилган ва ойлаб сарсон бўлишган эди. Улар охир-оқибат Бетраватига жойлашишганди.
Аммо бир пайтлар бошпана бўлиб хизмат қилган бу жойда ўтган ойдаги сув тошқини оқибатида унинг 19 нафар қариндоши, жумладан беш нафар опа-синглиси ҳалок бўлди. У қишлоқдан ташқарида қурилиш ишларида бўлгани учун омон қолган.
У яна уйсиз қолди.
«Мен ҳамма нарсамни йўқотдим», деди у.
Ҳозиргача у ҳеч қандай товон пули олмаган. Уйи оқиб кетганидан кейин унга зудлик билан пул керак, у опа-синглисидан қолган саккиз нафар болага ғамхўрлик қилмоқда. У Непал шимолидаги 37 та вақтинчалик сақлаш марказида яшаётган минглаб уй-жойсиз қолганлардан биридир.
Лавати ва бошқа минглаб оилалар каби, Гхале ҳам яқинларининг жасадларисиз дафн маросимини ўтказишни режалаштирмоқда.
У қонун охир-оқибат у аллақачон билган ҳақиқатни тан олишига умид қилмоқда: унинг яқинлари уйга қайтишмайди.

