Тошқин туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилиниши ортидан Бангкок йўллари сув остида қолди
Тайланд пойтахтида бир неча кун давом этган кучли ёмғирлар шаҳарни сув остида қолдиргани сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Бангкок йўллари сув остида қолди, тошқин туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди
48 соат давом этган кучли ёмғир Таиланд пойтахтидаги йўлларни сув остида қолдирганидан кейин Бутун Бангкок бўйлаб тошқин туфайли фавқулодда вазият эълон қилинди.
Аҳолига уйда қолиш тавсия этилди, шаҳар каналлари тармоғи яқинида яшовчиларга эса мол-мулкларини юқори қаватларга кўчириш маслаҳат берилди.
Йилнинг бу вақтида Таиландда момақалдироқлар бўлиши одатий ҳолдир, бироқ сўнгги кунлардаги ноқулай об-ҳаво Бангкокнинг дренаж тизимини ишдан чиқарди ва шусиз ҳам тирбандлиги билан танилган йўлларда транспорт ҳаракатида тартибсизликларни келтириб чиқарди.
Ёмғир якшанба кунигача давом этиши прогноз қилинмоқда, бу эса қўшимча каналлар тошиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни оширмоқда.
Бангкок марказидан шимолроқдаги канал яқинида яшовчи 67 ёшли Сомкид Пхык-нгам AFP ахборот агентлигига шундай деди: "Сув келишда давом этмоқда. Ҳозир кўчага чиқиш қийин. Сув даражаси ҳозир белимгача етди.
Мен ҳеч қаерга бора олмайман. Дўконимни ёпганимга икки кун бўлди".
Унинг сўзларига кўра, шаҳардаги сув сатҳи Бангкокда бутун мамлакат бўйлаб сув тошқини юз берган 2011 йилдагидан ҳам ёмонроқ кўринади.
Уч ой давом этган ўша кучли табиий офат оқибатида Таиланд бўйлаб юзлаб одамлар ҳалок бўлган эди. Ҳозирги сўнгги тошқинлар туфайли Бангкокда ҳозирча қурбонлар ҳақида хабар берилмаган.
Таиланд Метеорология хизмати ҳафта давомида яна кучли ёмғир ёғишини прогноз қилди, гарчи сўнгги жала қуйишларига сабаб бўлган паст босимли тизим Таиланд марказига қараб силжиши кутилаётган бўлса-да.
Бангкокнинг барча 50 та тумани фавқулодда вазият ҳудуди деб эълон қилинди.
Шаҳар губернатори Чадчарт Ситтипунт шаҳарнинг шарқий қисми энг кўп зарар кўрганини айтди, деб хабар берди AFP.
У қўшимча қилди: "Ёмғир ёғишда давом этмоқда ва биз қўлимиздан келганини қиляпмиз. Биз сувни тортиб чиқаришга ҳаракат қиляпмиз, лекин каналлардаги сув тўлиб кетган... Хавфли ҳудудлар — бу каналлар яқинида яшовчилардир. Ҳозир ҳамма каналлар тўлган".

