Тошкентнинг янги аеропортига Япония банки маблағ ажратиши мумкин
Тошкентнинг янги халқаро аеропортини қуриш лойиҳасига Япония халқаро ҳамкорлик банки - ЖБИС маблағларини жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди. Банк яқин уч йилда Ўзбекистондаги 14 та, жумладан, транспорт соҳасидаги иккита лойиҳани молиялаштиришда иштирок этишни режалаштирмоқда.

Тошкентдаги янги аеропорт лойиҳасига Япония банки маблағ ажратиши мумкин
Транспорт вазирлиги берган маълумотга кўра, 7-октабр куни вазир Илҳом Маҳкамов ЖБИС катта бошқарувчи директори, директорлар кенгаши аъзоси Хироки Секине бощилигидаги делегация билан учрашган.
Суҳбат чоғида транспорт соҳасидаги лойиҳалар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда уларни молиялаштириш имкониятлари муҳокама қилинган.
Хироки Секине сўнгги йилларда Ўзбекистондаги лойиҳаларда иштирок этишга қизиқиш сезиларли даражада ошганини қайд этган. У банкнинг келгуси уч йил давомида республикадаги 14 та лойиҳани молиялаштиришда қатнашиш режасини маълум қилган.
Учрашувда икки лойиҳага алоҳида эътибор қаратилган: «Ўзаеронавигация маркази» эҳтиёжлари учун ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимларини етказиб бериш ҳамда Тошкентнинг янги халқаро аеропортини қуриш.
Томонлар ушбу лойиҳаларнинг амалдаги ҳолати ва уларга ЖБИС маблағларини жалб қилиш масалаларини муҳокама қилган. Расмий хабарда молиялаштириш ҳажми ёки кредит битими имзоланганига доир маълумот келтирилмаган.
Учрашув якунида ҳамкорликдаги транспорт лойиҳаларини тезлаштириш ва истиқболдаги лойиҳалар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишилган.

