Тошкентдаги рус рассоми уйи атрофидаги баҳс қандай қилиб маданий мероснинг аҳамияти ҳақидаги мунозарага айланиб кетди

**Тошкентдаги рус рассоми уйи атрофидаги баҳс қандай қилиб маданий мероснинг аҳамияти ҳақидаги мунозарага айланиб кетди**
Сўнгги кунларда «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодиров ва Маданий мерос агентлиги ўртасида тарихий объектларни сақлаб қолиш бўйича оммавий мунозара авж олди. Баҳснинг асосий мавзуларидан бири Тошкент шаҳри, Бобур кўчаси, 7-уйда жойлашган, маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган «қандайдир рус рассомининг уйи» бўлди.
Бироқ бу бинонинг тарихи ҳозирги низодан анча олдин бошланган.
### Ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага
2018 йил 30 октябрда Тошкент шаҳар ҳокими ўз қарори билан ушбу манзилдаги мавжуд турар ва нотурар жой биноларини бузиб, кўп қаватли уй қуриш учун «Universal Packing Masters» МЧЖга ер участкаси ажратган. Бу воқеа бино муҳофаза мақомини олишидан олдин содир бўлган.
2020 йилда Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши бинони Моддий маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритишни маъқуллади.
Орадан 6 йил ўтиб, шу йилнинг август ойида Маданий мерос агентлиги бинони сақлаб қолиш масаласига яна қайтди. 8 сентябрь куни идора Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йилдаги қарорига ҳуқуқий баҳо бериш ва агар қонунбузарликлар аниқланса, уни бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқиш чораларини кўришни сўраб Бош прокуратурага мурожаат қилганини маълум қилди. Шунингдек, агентлик бинонинг бузилиши ёки шикастланишига йўл қўймасликни сўради.
### Қандайдир уй…
Бир неча кундан кейин, 16 сентябрь куни Алишер Қодиров вазиятга оммавий равишда муносабат билдирди. У ушбу объектни сақлаб қолиш заруратига шубҳа билдириб, унинг Ўзбекистон учун қандай қиймати борлиги ҳақида савол қўйди.
«Тошкентнинг марказида битта эски бино бор, бемалол бузиб юборса бўладиган бино, лекин маданий мерос деб қўриқланяпти, судлашиляпти, тортишиляпти. Ҳеч кимга керакмас, қандайдир рус рассомининг уйи экан. Олиб кетсин, бизга нимага керак у? Маданий мерос сифатида бизга нима қиймати бор унинг? Нима аҳамияти бор? Шоҳи Зинданинг мингдан биричалик қиймати борми унинг? Қандай рассом бўлишидан қатъи назар», – деди «Миллий тикланиш» партияси раиси, Қонунчилик палатаси депутати.
Унинг фикрича, Маданий мерос агентлиги биринчи навбатда миллий маданиятга эътибор қаратиши керак.
«Агентлик умумбашарий қадриятлар агентлиги эмас, бизнинг миллий маданиятимиз агентлиги. Агентлик биринчи навбатда диққат-эътиборини бизнинг миллий маданиятимизга қаратиши керак», – деди у.
### Маданий мероснинг миллати бўлмайди
Ўша куни Маданий мерос агентлиги Алишер Қодировнинг сўзларига жавобан расмий баёнот билан чиқди.
Идора маданий мерос объектининг қийматини «бугун бизга керак ёки керак эмас» деган тамойил асосида белгилаб бўлмаслигини маълум қилди. Агентлик маълумотларига кўра, Бобур кўчаси, 7-уйдаги бино 1935 йилда қурилган бўлиб, у Тошкентда фаолият юритган таниқли меъмор Алексей Щусев номи билан боғлиқ.
Шу билан бирга, агентлик бинонинг тарихи фақат меъморнинг номи билан чекланиб қолмаслигини таъкидлади. Турли йилларда бу ерда Ўзбекистон илм-фани ва маданияти ривожига ҳисса қўшган олимлар ва профессорлар, жумладан, академиклар Тошмуҳаммад Қори-Ниёзов ва Василий Шишкин, шунингдек, Раҳим Атажонов ва Натан Маллаев яшаган.
Идора тарихий объектнинг қийматини уни яратган ёки у билан боғлиқ бўлган шахснинг миллатига боғлашга алоҳида қарши чиқди.
«Гап фақат битта бино ҳақида кетаётгани йўқ. Гап ўз тарихимизга бўлган муносабатимиз ҳақида кетмоқда. Маданий мероснинг миллати бўлмайди», – дейилади агентлик позициясида.
### Парламент сўрови
Эртаси куни Алишер Қодиров Маданий мерос агентлигининг баёнотига жавоб қайтарди. У ўз саволларига парламент сўрови ёки эшитувлари орқали жавоб олишга ҳаракат қилишини маълум қилди. Депутатнинг сўзларига кўра, Қонунчилик палатасида бюджет ҳисоботи муҳокамаси пайтида депутатлар агентлик фаолияти бўйича саволлар кўтаришган, бироқ идора жавоб бериш ўрнига ижтимоий тармоқларда баёнот эълон қилган.
«Партия, албатта, алоҳида баёнот билан жавоб бермайди, лекин саволларимизга жавоб олиш учун парламент сўрови ёки эшитуви ваколатларидан фойдаланишга ҳаракат қиламиз», – деб ёзди Алишер Қодиров.
У, шунингдек, унинг эътирозлари нафақат Бобур кўчасидаги бинога тегишли эканини таъкидлаб, аввалроқ «Сармишсой» музей-қўриқхонаси, Шоҳи Зинда мажмуаси, Миздаҳқон мажмуаси, Бухородаги қадимий Қуръон қўлёзмаси ва қадимий Довон давлати билан боғлиқ ҳудудларнинг ҳолати бўйича кўтарган масалаларини эслатиб ўтди.
Хусусан, депутат «Сармишсой» учун маблағ ажратилганига қарамай, очиқ осмондаги музей ҳудуди қаровсиз қолаётганини таъкидлади. У, шунингдек, автомобиль йўлининг Шоҳи Зиндага таъсири, Бухоро Аркида қадимий Қуръон қўлёзмасининг сақланиш шароитлари ва Довон давлати билан боғлиқ ҳудудлардаги ерларнинг қишлоқ хўжалиги учун ишлатилиши масалаларини кўтарди.
«Нима учун Агентлик совет даври меросига кўрсатаётган ғамхўрлигини минг йиллик миллий маданиятимиз ва меросимизга кўрсатмаяпти? Бизда ўнлаб саволлар бор ва биз ўтган йилдан бери уларга жавоб олишга ҳаракат қиляпмиз», – деди депутат.
У турли миллат вакиллари билан боғлиқ меросни сақлаб қолишга қарши эмаслигини, балки бундай объектларга миллий мероснинг ажралмас қисми деб ҳисоблайдиган обидалардан кўра кўпроқ эътибор қаратилаётган вазиятга қарши эканини таъкидлади.
«Биз бебаҳо маданий меросимиз четда қолиб, рус рассоми, ўзбек адабиётшуноси, украин меъмори ёки қиймати бизда шубҳа туғдирмайдиган бошқа бирор ватандошимизнинг хонадонини сақлаб қолишга кўпроқ эътибор қаратилаётганига эътироз билдирамиз. Ёки баъзи мерос объектларини сақлаб қолиш фойдалироқми?», – деб ёзди «Миллий тикланиш» партияси етакчиси.
У, шунингдек, жамоатчиликка маданий меросни сақлаш учун ажратилаётган маблағлар қандай сарфланаётгани ҳақида ҳисобот кераклигини айтиб, бу масалаларни депутат сифатида кўтараётганини, партия раиси сифатида эса Маданий мерос агентлигининг ҳисоботидан кейин парламентда чиқиш қилмоқчи эканини қўшимча қилди.
19 сентябрь куни Маданий мерос агентлиги Алишер Қодировнинг баёнотларига батафсил жавоб эълон қилди ва танқид ҳамда парламент назоратига тайёрлигини, бироқ оммавий айбловлар фактлар ва ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак деб ҳисоблашини маълум қилди.
Сармишсой бўйича танқидларга жавобан агентлик объект инфратузилмасини ривожлантириш учун бюджетдан 4,2 млрд сўм, агентлик жамғармасидан эса яна 1,2 млрд сўм йўналтирилганини маълум қилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан, идора маълумотларига кўра, пиёдалар йўлаги, ахборот марказлари, автотураргоҳ, ёритиш тизими, видеокузатув ва бошқа объектлар барпо этилган.
Шоҳи Зиндага келсак, агентлик мажмуа портали 2022–2023 йилларда полшалик мутахассислар иштирокида ўрганилганини маълум қилди. Идора маълумотларига кўра, қайта ўлчовлар янги жиддий деформацияларни аниқламаган. Бухородаги Қуръон қўлёзмасига тўхталар экан, агентлик у «Бухоро» музей-қўриқхонасининг Арк қалъасидаги фонд омборида сақланаётганини билдирди. Шу билан бирга, идора уни консервация ва реставрация қилиш учун халқаро мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
Агентлик Андижон вилояти Марҳамат туманидаги муҳим археологик ёдгорлик – Мингтепа бўйича саволга алоҳида жавоб берди. Идора ерларнинг бир қисми ҳали 2006 йилда боғ ва узумзорлар учун берилганини, ёдгорлик эса Миллий рўйхатга 2019 йилда киритилганини тушунтирди. Муҳофаза мақоми олинганидан кейин, агентлик маълумотларига кўра, ердан фойдаланувчиларга огоҳлантиришлар берилган, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари эса ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилмоқда.
Бундан ташқари, агентлик ўз баёнотида яна Бобур кўчаси, 7-уйдаги бинога тўхталди. Идора унинг қиймати объект билан боғлиқ одамларнинг миллати билан эмас, балки тарихий ва меъморий аҳамияти билан белгиланишини таъкидлади. Шу билан бирга, агентлик ушбу бинони сақлаб қолиш учун шу пайтгача республика бюджетидан маблағ сарфланмаганини маълум қилди.
Алишер Қодировнинг совет даври меросига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақидаги сўзларига жавобан агентлик 2026 йилнинг биринчи ярмида турли объектларни реставрация қилиш, таъмирлаш, тиклаш ва археологик тадқиқотлар ўтказиш учун 79,4 млрд сўм йўналтирилганини маълум қилди.
Ва тегишли сўров юборилган тақдирда, парламентга амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар, ҳужжатлар ва фактларни тақдим этишга тайёрлигини таъкидлади.
Шундай қилиб, маданий мерос объектларини сақлаб қолишга бўлган ёндашувлар атрофидаги мунозаралар давом этмоқда.

